21:45 23.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЯЙЛОВЛАР – ТАБИИЙ БОЙЛИГИМИЗ

2013 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан “22 апрель – Халқаро Ер куни”га бағишлаб Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Ўзгидромет, Ўзбекистон Қоракўлчилик ва чўллар экологияси ИТИ ва бошқа муассасалар мутахассислари иштирокида “Яйловлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг институционал масалалари” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуман яйловларнинг ҳолати, муҳофазаси, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда деградацияга учраган ва қишлоқ хўжалиги фойдаланишдан чиқиб кетган яйловлар унумдорлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланди.

Маълумки, республикамизда яйловлар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қатор қонунлар, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)” тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида“ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида“ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида“ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Улар табиий яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш баробарида, ерларни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш муайян даражада тартибга солиниши таъминламоқда.

Яйловларнинг ўсимлик дунёси муҳим табиий ресурслардан бири бўлиб, фақат тўғри фойдаланилгандагина ўзига хос бўлган тикланиш хусусиятини йўқотмайди. Анжуманда тупроқ унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирлар фақат суғориладиган майдонларда амалга оширилмасдан, яйлов ва пичанзорлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда яйловлар 20,8 млн. гектарни (мамлакат умумий майдонининг ярмига тенг) эгаллайди, шундан 17,4 млн.гектари – чўл минтақасига тўғри келади. Сўнгги 15-20 йилда кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрда фойдаланмаслик, молларни яйловларда ортиқча боқиш ва бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажмининг йўқолиши – дегрессияси содир бўлди. 20,8 млн. га яйловдан 16,4 млн. гектари (78%) дегрессияга учраган бўлиб, ундан 9,3 млн. га майдондаги ем-хашак озуқаси 20-30%; 5 млн. га майдондаги 30-40%; 2,1 млн. га ёки 40%дан ортиқ майдондаги ем-хашак озуқаси дегрессияга учраган. Яйловлар деградацияси асосан Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясини келтириб чиқариб, экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Анжуманда яйловлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг институционал масалалари, жумладан, яйловларда табиий биохилма-хилликини сақлаш, ўсимлик дунёси деградациясининг олдини олиш, тупроқ холатини яхшилаш масалаларига оид қонунчилик асосларни яратиш, яйловларни бошқариш тизимини шакллантириш, ишлаб чиқариш амалиёти билан фан ва таълим интеграцияси доирасида яйловлар фитомелиорацияси, селекцияси ва уруғчилиги, яйловларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирларини ташкил этиш, яйловлар учун механизациялашган технология ва техника воситаларини ишлаб чиқиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Соҳанинг етук мутахассислари ва олимлари, ҳамда давлат ва жамият бошқаруви идоралари вакиллари ва амалиёт ходимларининг маърузаларида қатор таҳлилий хулосалар ва илмий асосланган таклифлар ўртага ташланди.

Хусусан, яйловлар билан банд бўлган ерлардан фойдаланиш муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартиблаштирувчи, мавжуд ер қонунчилигида ҳам бунга эътибор қаратилиши лозимлиги алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, глобал иқлим ўзгариши шароитида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган давлат сиёсати даражасида яйловлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, яйловлар деградацияга учрашининг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш масаласига жиддий эътибор қаратиш, яйловлардан тўғри фойдаланишни ташкил этиш иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан катта аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди. Миллий бойлигимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш баробарида қишлоқ ҳаёти барқарорлигини таъминлаш ҳақида сўз бориши, уларнинг ечимини топишда эса амалиёт материаллари асосидаги чуқур илмий-назарий мушоҳадага асосланган таклифлар ишлаб чиқиш зарурати мавжудлиги қайд этилди.

Семинар якунида яйловларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларни комплекс тарзда ташкил этиш, мазкур соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга оид хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме