23:45 03.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Изчиллик ва фаоллик самараси
O`zLiDeP Низомида белгиланганидек, хотин-қизларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш айни кундаги долзарб вазифалардан биридир. Партия ғоя ва мақсадларини амалга оширишда аёллар, уларнинг ҳаётий муаммоларига устувор аҳамият қаратилаётганлиги ҳам бежиз эмас. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси «Аёллар қаноти» ва унинг ҳудудий кенгашлар қошидаги бўлимлари ҳам давр талабларидан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга жиддий эътибор бераяпти. Бу борада жойларда ўтказилаётган турли тадбирларнинг аҳамияти катта бўлаётир. Жумладан, амалдаги йилнинг тўққиз ойи мобайнида жойларда 2243 дан ортиқ давра суҳбатлари, учрашув ва семинар-тренинглар ташкил қилиниб, уларда 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар иштирок этишди. Энг муҳими, ана шу жараёнда аёллар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топиб, O`zLiDePнинг ғоя ва мақсадлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлмоқдалар. Бу эса сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. «Аёллар қаноти»нинг биргина «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси доирасида жорий йилнинг апрель ойидан бери 520 та ўқув семинар-тренинглари ўтказилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу тадбирнинг узвий давоми бўлган «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳаси эса минглаб аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билим ва кўникмаларини бойитиш билан бирга уларни хусусий сектор соҳасига кенгроқ жалб қилиш имконини бермоқда. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятидаги хотин-қизларга бизнес-режа тузиш, мулкий муносабатларни йўлга қўйиш ва бошқа масалаларда яқиндан ёрдам кўрсатилаяпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 144 та янги иш ўрни яратилиб, электорат аъзолари 150 нафар аёл ҳисобига кўпайганлиги ҳам эътиборга моликдир. — Хотин-қизлар жамиятимизда катта куч саналади, — дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова. — Шу боисдан биз уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий билимларини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик имкониятларидан унумли фойдаланиш, электорат аъзолари бўлган мулкдорларга яқиндан ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилганлиги барча учун айни муддао бўлди. Хусусан, Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» асосида қабул қилинаётган янги қонунлар кичик бизнес, жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эгадир. Маълумки, хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш учун оила аъзоларидан фаоллик ҳамда ташкилотчилик талаб этилади, албатта. «Аёллар қаноти» шуни ҳисобга олиб, жойларда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, уларга яқин мададкор бўлиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда. Интилиш ва изланиш эса янги ютуқларга йўл очаётир.— Янги тикувчилик цехи очиш мақсадида бизнес-режа тузгандик, — дейди Хонқа туманидаги «Саодат» фермер хўжалиги раҳбари Наргиза Бекжонова. — Лойиҳада ғолиб чиққач, «Микрокредитбанк»нинг тармоқ бўлимидан 10 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлдик. Ҳозирда Хонқобод шаҳарчасида ташкил этилган тикувчилик цехида 10 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Фермер хўжалигини янада ривожлантириш учун лойиҳа қиймати 50 млн. сўм миқдоридаги бизнес-режамизни тақдим этдик. Агар ниятимиз амалга ошса, яна ўнлаб йигит-қизлар иш билан таъминланади.Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Дейлик, андижонлик Зулайҳо Узоқова тақдим этган бизнес лойиҳа республика босқичида ҳам маъқулланса, Жалақудуқда сут ва гўштни қайта ишлашга ихтисослашган яна бир оилавий корхонага асос солинади. «Аёллар қаноти»нинг «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳаси вилоят босқичида З.Узоқова ва Н.Бекжонова қатори яна 78 нафар хотин-қиз ўз бизнес лойиҳаси билан қатнашаётганлиги ҳам таҳсинга лойиқдир. Бир сўз билан айтганда, O`zLiDePнинг ташаббускор аёллари ўз зиммаларига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, омма ичига чуқурроқ кириб боришга, маҳаллалар, ташкилотлар, чекка қишлоқлардаги хотин-қизларга яқиндан ёрдам беришга, шу орқали уларни ижтимоий-сиёсий жараёнларга кенгроқ жалб этишга интилмоқдалар. Бу эса «Аёллар қаноти»нинг партиявий бурчга катта масъулият билан ёндашаётганлигидан далолат беради.
Носир ТОШЕВ,Наргиза ҚАҲҲОРОВА,«XXI asr»
Обсудить новость на Форуме