17:15 19.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Истиқболли соҳага — истиқболли лойиҳалар

Истиқлол йиллари бошқа соҳа қатори сайёҳликни ривожлантиришга ҳам давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани соҳани иқтисодиётнинг юқори даромад келтирувчи йирик тармоқларидан бирига айлантирди. Бу эса шарқона меҳмондўстлик анъаналари билан ғарбона хизмат кўрсатиш стандартларини ўзида мужассам этган миллий туризм моделини шакллантириш имконини берди. Ўзбекистоннинг қулай географик ҳудудда, қадимий Буюк Ипак йўлида жойлашгани, мамлакатда 4000 дан зиёд ноёб тарихий ва маданий ёдгорликлар борлиги сайёҳлар оқимини ҳам кенгайтирмоқда. Айни кунда бу бозорда 850 та ташкилот ва 359 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. O`zLiDeP «Аёллар қаноти»нинг «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан ҳамкорликда Зомин туманида ўтказган навбатдаги форумида ҳам туризмни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Маълумки, Туркистон тоғ тизмаси бағрида жойлашган Зомин ўзига хос мусаффо ҳавоси, бетакрор флора ва фаунаси, арчазорларию қадимий ёдгорликлари билан азалдан сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда жойлашган тоғларнинг ноёб экотизими милоддан аввалги V асрда яшаган юнон тарихчиси  Герадотнинг  беш бобдан иборат «Тарих» асарида ҳам алоҳида тилга олингани бежиз эмас. Бугун Зомин халқ боғи ва Зомин давлат қўриқхонасида 700 дан ортиқ ноёб ўсимлик ҳамда  ҳайвонларнинг 150 дан ортиқ турлари мавжуд. Экзотик табиати, хилма-хил ладшафти, бетакрор шаршара ва 700 ёшли Бобоёнғоқ ёдгорлигига эга мазкур маскан ҳам ҳар қандай инсонни ўзига ром этиши шубҳасиз. Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи ва «Аёллар қаноти» томонидан ишлаб чиқилган «Зомин туманида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш» дастури муҳокамасида асосий эътибор туризмнинг бугунги ҳолати, соҳани ривожлантириш истиқболлари ва кутилаётган амалий натижаларга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда, айниқса, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантириш орқали маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириш масалаларига алоҳида урғу берилган.— Истиқлол йиллари халқаро туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди O`zLiDeP Сиёий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова.  — Албатта, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соҳа инфратузилмаси изчил ривожланди. Сервис ва хизмат кўрсатишда ҳам янги йўналишлар жорий этилиб, улар аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қила бошлади. Шунинг учун ҳам «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бугунги амалий мулоқотимиз ҳам хотин-қизларни бизнесга жалб этиш, мутахассислар кўмагидаги ўқув-тренингларни йўлга қўйиш орқали халқаро андозаларга асосланган туризм ва сервис соҳасида фаолият кўрсатаётган аёл-тадбиркорлар сафини кенгайтиришга қаратилгандир.Давра суҳбати, иштирокчиларининг фикрича, бўлимнинг “Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» сингари лойиҳаларининг босқичма-босқич амалга оширилаётгани хотин-қизлар ва ёшларни  тадбиркорликка бўлган қизиқишлари ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, «Аёллар қаноти»нинг биргина «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси доирасида йил бошидан бери 150 дан зиёд тадбирлар уюштирилди.     — Бундай тадбирларни туризм салоҳияти юқори бўлган бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиш режасини ишлаб чиқдик, — дейди O`zLiDeP «Аёллар қаноти» бўлими ходими Нилуфар Хотамова. — Сабаби,  соҳани ривожлантириш мамлакат рақобатбардошлигини оширишнинг бир неча вазифаларини бир йўла ҳал қилиш имконини беради. Авваламбор, бу — янги иш ўринлари яратиш демакдир. Анжуманда қайд этилганидек, туризм дунё бизнесининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли ривожи кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланган. Миср, Италия каби давлатларда эса у миллий бюджетнинг асосий қисмини ташкил этади. Маълумки, Буюк Ипак йўли марказида жойлашган Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари юртимиз бағридаги дунё туризмининг йирик объектлари сифатида машҳур. Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида  экотуризмни ривожлантириш эса мазкур соҳа ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. «Ўзбектуризм» миллий компанияси “Халқаро алоқалар ва инвестициялар” бошқармаси бошлиғи Алишер Жалиловнинг таъкидлашича, халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир нафар сайёҳга 3 та иш ўрни тўғри келиб, туристик бизнесга ўртача 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида даромад келтиради. Шу нуқтаи назардан  қараганда,  O`zLiDeP «Аёллар қаноти»нинг Зомин туманидаги ташаббуси ҳудудда сайёҳлик соҳасига турдош бўлган бошқа жабҳаларни ҳам ривожлантиришга ҳисса қўшади. — Вазирлар  Маҳкамасининг «Жиззах вилоятида туристик хизматлар экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2011-2012 йилларга мўлжалланган манзилли тадбирлар ижросини таъминлаш  ҳақида»ги қарорига мувофиқ,  O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия фракцияси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноат, хизмат кўрсатишдаги улушини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди, — дейди халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгаши депутати,   Сенатор Холида Алимова. — Ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири «Зомин туманида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш» дастури бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад ҳудудда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида иш ўринларини 2011 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошириш, шунингдек, қарийб 600 та янги иш ўрни яратишдан иборатдир.  — Мен Қурама ва Чотқол тоғлар бағридаги Беш қўл қишлоғида яшайман. Зоминда гуё ўзим ўсган тоғлар тафтини ҳис қилгандек бўлдим, — дейди «Эртошсойсервис» хусусий корхонаси раҳбари Ҳабиба Минглиева. — Чотқол тоғ тизмасининг энг юқорисидан  маданли иссиқ сув чиқади. Мутахассисларнинг фикрича, у шифобахш хусусиятга эга. Шу сабабли келиб-кетувчилар сони ҳам кўп. Мен шу ерда сервис соҳасини ривожлантириб, замонавий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган меҳмонхона қуришни режалаштирганман. Бугунги анжуман менга кўпдан буён амалга оширишни режалаштириб юрган лойиҳамни асосли равишда ишлаб чиқиш имконини берди. Хусусий тадбиркор Лола Санаева эса мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бу юртимиз аҳолиси учун қўшимча даромад манбаи бўлиш билан бирга уларнинг табиатга бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартиради. O`zLiDeP «Аёллар қаноти»нинг бугунги ташаббуси нафақат Зоминда, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам соҳа ривожи учун асос бўлади. «Шуҳрат» медали соҳибаси, нуроталик  ҳунарманд Рухсора ТЎРАҚУЛОВА эса  2011-2012 йилларда Бухорода бўлиб ўтган «Ипак ва зираворлар фестивалида, «Базар Арт» ва «Ташаббус» кўрик-танловларида  иштирок этиб, дунё аҳлини миллий йўналишдаги либослар, қадимий каштачилик намуналари бежиз қизиқтирмаётганини таъкидлади. Бугунги тадбир хорижликлар нигоҳини Зоминга қаратишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, «Аёллар қаноти»нинг жуда катта аудитория ва соҳа мутасаддилари эътиборини ягона мақсадга қарата олган навбатдаги ташаббус ҳам партия электорати манфаатига хизмат қилиши билан ҳам бошқа тадбирлардан ажралиб турди. 

Наргиза ҚАҲҲОРОВА,
«XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме