18:00 09.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ишбилармонлик стипендияси учун талабалар танлови
Зилола Собирова - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси. - Биргина, Фарғона шаҳар санъат коллежида ўтказилган вилоят босқичида кўплаб ёшларни саралаб олиш имкониятини яратди. Тадбир қатнашчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда турли мавзуларда амалий машғулотлар олиб боришди. Амалиёт дарслари дебат ва очиқ мулоқот шаклида ташкил этилиб, унда гуруҳ иштирокчилари маълум бир йўналиш ва мавзу бўйича баҳс-мунозара юритишди ва шу орқали олган билимларини мустаҳкамлашга эришдилар. Билимлар беллашуви, дея эътироф этилган тадбир дўстона рақобат, кескин ва муросасиз мунозаралар руҳида ўтди. Қуйи босқичларда шаҳарнинг энг қобилиятли талабалари саралаб олингани боис, уларнинг энг яхшисини аниқлаш осон кечмади, албатта. Тадбир ташкилотчиларининг мақсади ҳам аслида шу эди. Зеро, замонавий фикрлайдиган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир ёшлар сафини кенгайтириш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Партиянинг “Ишбилармон талаба” стипендияси кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, уларнинг ижтимоий сиёсий-фаоллигини ошириш, мамлакатимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шуниси қувонарлики, танлов иштирокчиларига қўйилган талаблар қанчалик жиддий бўлмасин, унда иштирок этмоқчи бўлган вилоятимиз ёшлари сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Фарходжон Турғунбоев - Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати. -Танловда иштирокчиларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини қай даражада ўзлаштиргани, замонавий ахборот-компьютер технологиялари, интернет хизматидан миллий ва хорижий ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш борасидаги билимлари, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновация лойиҳалари, стипендия совриндори “аъло” ўқиши, унинг партия фаолиятидаги иштироки, намунали хулқи, етакчилик қобилияти, ёшлар билан ишлай билишлари ҳамда миллий ва либерал-демократик ғояларни қай даражада ўзлаштирганлиги тестлар ва савол-жавоблар тарзида ҳакамлар ҳайъати томонидан синалиб, улар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик, амалий санъат маҳсулотлари, ишлаб чиқарилган буюмлари намойишини юқори баҳоладилар. Ниҳоят, ҳакамлар танловнинг Республика босқичига йўлланма олган ғолибларни аниқладилар.
Нигора Ҳамидуллаева - Учкўприк саноат касб-ҳунар коллежи талабаси, фахрли биринчи ўрин соҳибаси - Бугунги танлов ҳаётда эришган илк ютуқларимдан бири бўлди. Тадбиркорликка жуда қизиқаман. Олти ёшимдан буён тикувчилик сирларини ўрганиб келаман. Ҳозирда бисер ёрдамида эсдалик совғалари коллекциясини тайёрлаяпман. Келажакда «Ёшлар қаноти»нинг фаол аъзоси сифатида етук модельер-дизайнер бўлмоқчиман. Кичкина ютуқларим юқори баҳоланиб, тенгдошларим орасида яратган буюмларимни устозларим томонидан қадрлангани менга шижоат бағишлади. Ёшлигимдан турли буюмлар тикишга қизиқардим. Бу борада менга оилада ота-онам ва яқинларим, коллежда устозларимнинг хизматлари беқиёс бўлмоқда. Қолаверса, меҳнат одамни улуғлайди. Бу эса оиламга қўшимча даромад манбаи бўлиб ҳам хизмат қилмоқда. Энди ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти” аъзоси сифатида тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиб, тенгдошларимни ҳам ўзим каби ишбилармонликка бошламоқчиман. Жамиятимизда иш билан банд бўлган ёшлар сафи кўпайсин.
Обсудить новость на Форуме