15:16 06.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
“Ишбилармон ўқувчи”
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат Дастури ижросини таъминлаш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этишлари учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, академик лицей ва ўрта маҳсус таълим муассасалари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган “Ишбилармон ўқувчи” лойиҳаси доирасида академик лицей ва касб-хунар коллежлари ўқувчилари учун стипендия кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йил 28 май куни ушбу танловнинг Қашқадарё вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбирда ёшларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, уларни бизнес оламига кенг жалб этиш, бунинг учун жойларда зарур шарт-шароитлар яратиш, келажак эгаларининг интилиш ва изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланиб, бу борада муҳим фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Танловнинг бу йилги туман ва шаҳар босқичларида 800 нафар йигит-қизлар иштирок этишди. Мазкур танловнинг вилоят босқичида 42 нафар йигит-қизлар қатнашиб, касб-ҳунар коллежларида олган иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий билимларидан ташқари тикувчилик, тўқувчилик, қандолатчилик, зардўзлик, гулчилик, ҳунармандлик сингари ўнлаб турдаги касб-ҳунар ўргатувчи тўгаракларда ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
- Чироқчи туманидаги Тарчин қишлоғиданман, - дейди Нилуфар Холиёрова. – Бу танловда илк бор иштирок этмаяпман. Бизнинг қишлоғимизда каштачилик ва гиламчилик кенг ривожланган. Қишлоғимизнинг гиламлари хорижда ҳам сотилаяпти десам, ишонаверинг. Ҳозир дугоналарим билан коллеждаги тўгаракда шуғулланяпмиз, агар кредит ололсам, қишлоғимда ўқув маркази очар эдим, -дейди Нилуфар.
Тадбир давомида ишчи гуруҳлари ва Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини қай даражада ўзлаштирганлиги, замонавий ахборот ва компьютер технологиялари ҳамда интернет хизматидан фойдаланиш борасидаги билимлари, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновацион лойиҳалари, иштирокчининг ўзлаштириши, партия фаолиятидаги фаол иштироки, намунали хулқи, етакчилик қобилияти, ёшлар билан ишлай билиши каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишди.
- Ҳунармандчилик менга момомерос, - дейди Яккабоғ Иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Фарзона Муҳаммадиева. – Каштачилик ва зардўзликни онамдан ўрганганман. Ёшлигимдан бўш вақтларимизда каштачилик ва тикувчилик билан шуғулланганмиз. Ҳозир коллежимизда тўгарак очиб, дугоналаримга бичиш-тикиш ва элита пардалар тикишни ўргатяпман. Туманимиз марказида элита парда тикадиган тикув цехи очиш ниятим бор.
Ғолиб чиққан талабалар танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар ва партия ташкилотларининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Обсудить новость на Форуме