21:15 02.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Инсон манфаатлари устувор
«БПТ жамоа аъзолари ҳаёти ва фаолиятида қандай ўрин тутмоқда?»
— «Жарқўрғонтумангаз» корхонаси қошидаги бошланғич ташкилот етакчисига берган илк саволимиз ана шундай бўлди
– Юртбошимизнинг «Партиялар ўзининг ижтимоий, сиёсий фаолиятини аҳоли орасида қанча жонлантириб, кенгайтириб борса, халқимиз ва сайловчиларимизнинг сиёсий онги ва фаоллиги шунча юксалиб, уларнинг ислоҳот ва ўзгаришларга ўтказадиган таъсири тобора ортиб бораверади», деган фикрларини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз лозим, — дейди БПТ раиси Имомназар Мустафоқулов. — Шундан келиб чиқадиган бўлсак, партиявий фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири – кишиларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, улардаги фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлашдан иборат, деб биламан. Зеро, партияга аъзолик – бу фақат тантанали мажлисларда ўтириш-у, қўл кўтариб овоз беришдан иборат эмас, ҳар бир фуқаро O’zLiDePга аъзо бўлган кунданоқ елкасига оғир, масъулиятли бурч юкланганини ҳис қилиши керак. Бу ҳам бўлса, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан боқиш, давр билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиш, эл-юрт фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилишдан иборатдир. Бошланғич ташкилотимиз ўз атрофига 50 нафарга яқин аъзони бирлаштирган. Улар партиявий масъулиятни чуқур ҳис этиб, юксак номни оқлашга ҳаракат қилишмоқда.
Дарҳақиқат, шундай. Зеро, ҳаётда ўз ўрнини топган, сиёсий фаол ва ташаббускор замондошларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Айтиш керакки, Сурхондарё вилояти «Жарқўрғонтумангаз» корхонаси қошидаги ушбу қуйи бўғин уч йил муқаддам ташкил этилган. Ўшандан бери омма орасига чуқурроқ кириб боришга, ғоявий-сиёсий ишларни кучайтиришга интилмоқда. Бу ўз-ўзидан тушунарлидир. Зеро, O’zLiDeP Низомида белгилаб қўйилганидек, бошланғич ташкилотлар партиянинг асосий негизи ҳисобланади. Яъни улар кун тартибида турган вазифаларнинг ижроси учун тўла масъул. Бир сўз билан айтганда, БПТ фаоллари бир тан-у бир жон бўлиб, ягона сиёсий мақсад йўлида ҳаракат қилишмоқдаки, бу пировардида ўз самарасини бермоқда.
– Касбимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, биз бевосита аҳоли билан ишлаймиз, одамларнинг дарду-ташвишларига шерик бўламиз, – дейди БПТ етакчиси. – Шундай экан, партиянинг ҳар бир аъзоси хушмуомалалиги ва ички маданияти билан ажралиб туриши керак.
...Суҳбатимиз шу ерга етганда хонага раис ўринбосари кирди. «Партияга янги қабул қилинадиган номзоднинг ҳужжатлари. Ёш бўлса-да, топшириқларни тўла уддалаяпти», дея суҳбатдошимнинг қўлига бир даста қоғоз тутқазди. БПТ раиси столидаги календарга кўз ташлади-да, маълум бир санани айтиб, унга рухсат берди. Мен етакчига саволомуз тикилдим.
– Партияга қабул қилишни шунчаки расмиятчилик учун ташкил этмаймиз, — изоҳ берди БПТ раиси. – Бунинг ҳожати ҳам йўқ. Янги аъзоларга партия гувоҳномаларини ташкилот умумий йиғилишида, бошқа аъзолар олдида тантанали топширишни йўлга қўйганмиз. Шунда партиявий масъулият ва жавобгарлик туйғуси чуқурроқ ҳис этилади.
Етакчининг сўзларида жон бор. Уммонлар ҳам қатралардан йиғилганидек, партиянинг мамлакатдаги обрў-эътибори қуйи бўйинлар фаолияти билан белгиланади. «Жарқўрғонтумангаз» корхонаси қошидаги БПТ иши билан танишиб, бу жиҳатдан кўнглимиз тўлди. Ҳайрлашар эканмиз, унинг тажрибасини бошқа жойларда ҳам оммалаштириш керак экан, деган хулосага келдик.
Обсудить новость на Форуме