19:45 05.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Инсон ҳуқуқларининг кафолати
Айни кунгача миллий Парламентимиз томонидан инсон хуқуқларига оид 60 дан зиёд халқаро ҳужжат, БМТнинг инсон ҳуқуқлари масаласидаги 6 та ҳужжати ратификация қилинди. Ўтган давр мобайнида қонунчилик, суд-хуқуқ, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан тазимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилди, фуқаролик ва сиёсий хуқуқларни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий тизим шакллантирилди.
2001 йилнинг 29 августида «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш хақидаги Қонуннинг қабул килиниши эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосини янада мустаҳкамлади. Натижада, жиноий жазолар либераллаштирилиб, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имконияти кенгайди.
Суд ишларини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш тартибининг жорий этилиши, кассация ва назорат инстанциялари янада такомиллаштирилиши эса фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишининг кучайишига ижобий таъсир кўрсатди. Бир-бирини мазмунан тўлдирувчи бу омиллар туфайли кейинги йилларда юртдошларимизнинг суд ҳокимиятига бўлган муносабати эса тубдан ўзгарди.
Инсоннинг узвий ҳуқуқи яшаш ва дахлсизлик ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадам - 2008 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда ўлим жазосини бекор қилиниши ва «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши бўлди. Дунё ҳамжамияти давлатимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатини катта қизиқиш билан қарши олди. Жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар, шу жумладан, ўлим жазосининг бекор қилиниши ва «Хабеас корпус» институтининг жорий этилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Хабеас корпус» ибораси содда тилга кўчирилганида, инсон эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг энг ишончли кафолати маъносини англатади.
Мамлакатимизда ушбу институт жорий этилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи фақатгина суд томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгилангани эса, мамлакатимизда демократик тамойилларни жорий этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга хизмат қилди. Мазкур институт қўлланилаётган даврдан буён судлар томонидан дастлабки тергов органларига 700 дан ортиқ ҳолатда ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилингани ҳам буни тасдиқлаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да «Хабеас корпус» институга талабларини юртимизда янада кенгроқ жорий қилиш лозимлиги белгиланиб, мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири, бу -қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат экани алоҳида таъкидланди.
O`zLiDeP мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида «Хабеас-корпус» институтидан кенгроқ фойдаланиш соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада либераллаштиришга кўмак беради, деб ҳисоблайди. Шу боис ҳам фракциямиз аъзолари Президент Концепциясида таклиф этилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, мазкур соҳадаги ислоҳотлар йиллар ўтгани сари янада самарали бўлиб, у юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ҳизмат қилади.
Обсудить новость на Форуме