14:15 13.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Инсон қадри улуғланган юрт
Президентимиз Ислом Каримов тақдимномасига асосан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги акт яна бир карра Ўзбекистонда оилаларни давлат томонидан ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг барқарорлиги ва осойишталигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир сиёсатнинг изчиллигини намойиш қилди. Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик йилларида амалга оширилган барча ислоҳотлар фақат бир мақсадга — инсон ва унинг манфаатларига қаратилгани юртимиз аҳолисининг бугунги тинч ва фаровон турмуш кечиришини таъминламоқда
Бунда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани белгилаб қўйилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу қоидалар Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси асосида илгари сурилган кучли ижтимоий сиёсат юргизиш тамойили билан узвийлик касб этиши эса мамлакатимизни юксак демократик давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани ана шундай муваффақиятларимизнинг гарови бўлмоқда.
Жумладан, ўтган йиллар мобайнида суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, судлар мустақиллигини таъминлаш, уни собиқ тузумда бўлгани каби қатағон қуроли ва жазолаш идораси сифатидаги орган эмас, балки инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга асосий эътибор қаратилди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни янада либераллаштириш ҳамда инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш ўтган йигирма йиллик тараққиётимизнинг энг муҳим йўналишига айланди. Натижада суд-ҳуқуқ тизими янада либераллаштирилди. Ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий принципни изчил амалга оширилишини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқариш имконини берди. 2008 йилдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши эса юртимизда демократиянинг умуминсоний тамойилларига амал қилишнинг энг ёрқин кўриниши бўлди.
Куни кеча Олий Мажлис Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорнинг эълон қилинишини ҳам мамлакатимизда «инсон ва унинг шаъни олий қадрият» миллий тамойилининг ижтимоий ҳаётимиздаги амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. Негаки Президентимиз Ислом Каримовнинг тақдимномасига асосан қабул қилинган ушбу актда ўзбек миллатига хос жувонмардлик, инсонпарварлик ва кечиримлилик ғоялари акс этган. Жумладан, унга кўра, маҳкум аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар ва 60 ёшдан ошган эркакларнинг жазодан бутунлай озод этилиши қайсидир маънода мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ оила муқаддаслиги, она ва бола саломатлигини асраш, аёллар, ёшлар ва қарияларни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилаётганини кўрсатади.
Бош қомусимизнинг устувор меъёрларига асосан оила — жамиятимизнинг асосий бўғини ҳисобланади. Унда аёлнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Миллий менталитетимизга кўра, аёл деганда, энг аввало, муштипар оналаримиз кўз олдимизда гавдаланади. Шу боисдан деярли ҳар йили эълон қилинадиган амнистия тўғрисидаги қарорларда аёллар ва ёшлар манфаатига бирламчи аҳамият берилади. Чунки оилада аёл фарзандлар тарбиясига масъул бўлса, ёшлар келажак бунёдкорлари сифатида давлатнинг эртанги тараққиётидаги ҳал қилувчи куч саналади.
Хулоса қилиб айтганда, умумэътироф этилган ҳуқуқ нормаларига тўлиқ жавоб берадиган амнистия тўғрисидаги актнинг амалда қўлланиши оилаларни давлат томонидан ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг барқарорлиги ва осойишталигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ўрнини кўтариш давлатчилигимизнинг устувор ва асосий йўналишларидан биридир.
Тўлқин ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |