16:45 20.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Инкор этиш «санъат»и
Айрим партия нашрларида эълон қилинаётган мақолалар ана шу сиёсий кучларнинг ҳалигача эскича қарашлардан воз кеча олмаётганликларини кўрсатмоқда.
Тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ХДПнинг ҳар қандай қарашларидан қатъий назар O`zLiDeP учун энг устувор вазифа бўлиб қолаверади. Чунки мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ўрта синфнинг янада мустаҳкам оёққа туриши ва ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Истиқлол туфайли пайдо бўлган ва жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган ўрта синф бугун нафақат иқтисодиётда, балки ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиб, демократик ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучига айланаётгани мамлакатимизда мулк ва мулкдорлар фаолиятига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини кўрсатмоқда.
Энг муҳими, ана шу синф вакилларини қўллаб-қувватлаш масаласига давлат ташкилотлари билан баб-баробар фуқаролик жамиятининг барча институтлари ҳам бирдек
масъулият билан ёндашмоқдалар. Ҳатто узоқ йиллар хусусий мулкка, мулк эгалари ва тадбиркорлар қатламига ўгай муносабатда бўлиб келган Ўзбекистон Халқ демократик партиясинининг либерал-демократик ғояларни қўллаб-қувватлай бошлагани қувонарли ҳол, албатта.
Аммо кейинги пайтларда ана шу партия нашридаги айрим чиқишлар партия фаолларининг ҳали ҳам эскича қарашлардан буткул ҳоли бўлмаганини кўрсатиб қўйди.
Хусусан, ХДПнинг ҳалигача бозор муносабатларини тўла англамаётгани у ёки бу ҳудуддаги ўзгаришларга сунъий соя ташланишига сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Фалон туманда фалонча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тўхтатди, қабилидаги шов-шувлар эса ХДПнинг жамоатчилик эътиборини яна ўзига қаратишга уринаётганига мисол бўлиши мумкин.
IIIу ўринда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ХДПнинг ҳар қандай қарашларидан қатъий назар O`zLiDeP учун энг устувор вазифа бўлиб қолаверишини таъкидлашни истардик. Чунки мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш жраёнлари ўрта синфнинг янада мустаҳкам оёққа туриши ва ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ жараёндир.
Бугун ҳеч ким ўрта қатлам, хусусан, тадбиркорлар ва мулкдорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар юз фоиз бартараф этилди, деган фикрни билдираётгани йўқ. Шунинг учун ҳам айнан ўрта қатламни янада ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинмокда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги қонунлар лойиҳалари устида изчил изланишлар олиб борилаяпти. ХДП нашрида эълон қилинган «Тадбиркор муаммога дуч келмоқда O`zLiDeP эса сукут сақламоқда» сингари баландпарвоз мақолалар эса мазкур партияни хусусий секторнинг ғамхўр кучига айланишга интилаётганини кўрсатмоқда. Аммо негадир мақолада бугун Хоразм вилоятида 11,5 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётгани, улар томонидан 12931 та иш ўрни яратилгани ҳақида бирон сўз айтилмайди. Тўғри, мақолада тилга олинганидек, Хоразм вилоятининг айрим туманларида ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари бор. Аммо мухбир ана шу корхоналар нима учун ўз фаолиятини тўхтатгани билан қизиқиб ҳам кўрмагани таажжубланарлидир.
Агар мухбир мазкур масалага холис муносабат билдирганида эди «2010 йили вилоятда 1066 та юридик шахс ўз фаолиятини тугатган» дея хулоса чиқаришдан аввал айнан шу даврда 1810 та янги кичик бизнес субъекти иш бошлагани, бу бозор қонуниятлари, талаб ва таклиф асосидаги ривожланиш жараёнларининг табиий босқичи эканини ҳам тилга олган бўларди.
Ёки Гурланда 108 та тадбиркорлик субъекти ишламаётганида либералларни айбдор деб топган мухбир айни пайтда фермер хўжаликларини ҳисобга олмаганда 2908 та кичик бизнес субъекти фаолият юритаётгани, 73 та тадбиркорлик субъекти эса ўз фаолиятини қайта тиклаганини тилга олган, I чоракнинг ўзидагина яна 54 та кичик бизнес субъекти иш бошлаганига эътибор қаратган бўлар эди.
Мақолада «либераллар жим» деган жумлани ишлатиш учунгина бутун бошли Гурлан туманидаги ўзгаришларни ёмонотлиққа чиқариш бу гўё мавжуд вазиятга қора кўзойнак орқали қарашга ўхшаб туюлмаяптими?
Мақолада Хонқа туманидаги тадбиркорлар фаолиятига ҳам ана шундай муносабат билдирилади.
«Юзга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолияти тугаган» дея хулоса чиқарилган мақолада тумандаги 2998 та тадбиркорлик субъектлари томонидан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани, турли хизматлар кўрсатилаётгани тилга олинмайди ҳам. Хонқада фаолият кўрсатмаётган корхоналар атиги 5,2 фоизни ташкил этаётганини ва бу рақам бозор иқтисодиётига ўтган давлатлар учун табиий саналган 7 фоизли кўрсаткичдан анчайин кам эканини тушунмаслик эса ҳақиқатан ҳам ХДПнинг эътиборталаб партияга айланиб қолаётганини кўрсатади. Тўғри, айрим ҳудудлардаги O`zLiDeP депутатларининг ҳаммасини ҳам бугунги кун талаблари даражасида ишлаяптилар, электорат манфаати учун жон фидо қилаяптилар, дейиш фикридан йироқмиз. Ҳатто орамизда O`zLiDeP илгари сурган ғоя, партиянинг мақсад ва вазифалари учун ҳам унга сайловчилар ишонч билдирганини унутиб қўйган депутатлар борлигини ва ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилиши зарурлигини ҳам биламиз. Аммо бу Хонқа, Гурлан туманларида ХДПсачига шов-шув кўтаришга асос бўла олармикин?
Ўзбекистонниг бошқа ҳудудларида бўлганидек, бугун Хоразмда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар қандай натижа бераётганидан кўз юмиш тирноқ остидан кир қидиришга ўхшаб кетаяпти. Айниқса, вилоятда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳолини ижтимоий жиҳатдан муҳофаза этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани учун ҳам кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ички маҳсулотидаги улуши 71,8 фоизни ташкил этмоқда. Агар ХДПчилар рақамларни таҳлил қилишга эринаётган бўлсалар, бу жами ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг шунча фоизини айнан хусусий сектор эгалари ишлаб чиқараяптилар деганидир. Ёки бўлмаса, ушбу соҳанинг аҳолини иш билан таъминлашдаги улуши 78 фоизни ташкил этгани, бу айнан ХДП электорати аъзоларини иш билан таъминлаш масъулиятини хусусий сектор ўз зиммасига олаётганини англатади.
Жорий йилда эса вилоятда кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига 12931 та, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш орқали 5842 та, фермер хўжаликларини ривожлантириш эвазига эса 12636 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Ана шу мақсадда вилоятнинг барча ҳудудларида кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесга янада кенгроқ имкониятлар бериш, бюрократик тўсиқ ва ғояларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва назорат органларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашувини янада камайтириш, уларга кредитлар, хомашё ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратишга кўмаклашиш O`zLiDeP вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг ҳам асосий вазифаси ҳисобланади.
Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакат ижтимоий-сиёсий барқарорлигининг кафолати на таянчи, Ўзбекистонни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирувчи кучга айлангани ҳеч кимга сир эмас.
Хоразмда 2011 йилнинг I чорагида кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 56,3 фоизни ташкил қилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,8 фоизга ортди. Бу ўрта қатламнинг иқтисодиётдаги реал улушини кўрсатмайдими? Нега мухбир бу ҳақда лом-мим демайди?
Энди умумий рақамларни бир таҳлил қилиб кўрайлик. Хоразмда 2011 йилнинг 1 апрель ҳолатига жами 11510 та кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган бўлиб, фаолият кўрсатаётганлари 9152 тани, яъни жами рўйхатдан ўтганларнинг 79,5 фоизини ташкил этмоқда.
Агар жорий йил бошида фаолият кўрсатмаган корхоналар 27 фоизни ташкил этган бўлса, 1 апрель ҳолатига бу кўрсаткич 20,5 фоизгача, яъни 6,5 фоиз камайган.
Жумладан, жорий йилнинг I чорагидагина вилоятдаги ишламаётган 502 та корхона ўз фаолиятини қайта тиклагани жойларда айрим муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлик субъектларига оғизда эмас, балки амалда ёрдам берилаётганини кўрсатмоқда. Хоразм вилояти ҳокимлиги, шаҳар ва туман мутасаддилари билан бирга O`zLiDeP фаоллари ҳам бу жараёнда баҳоли қудрат иштирок этаётирлар.
Шу ўринда яна бир рақамга эътибор қаратайлик: 2011 йилда тижорат банклари томонидан хусусий секторга 136 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган бўлиб, I чоракда 34,2 млрд. сўм миқдоридаги маблағ ХДП «ғамхўрлик» қилаётган тадбиркорларга етиб борганини наҳотки ушбу партия нашрининг Хоразмдаги мухбири эшитмаган бўлса? Ажратилган ана шу кредитлар ҳисобига эса 2554 та янги иш ўринлари яратилди. Бу эса ХДПнинг том маънодаги эътиборини кутаётган шунча фуқаро иш билан таъминланди, деганидир. ХДП эса негадир бундай ўзгаришларга қора кўзойнак орқали қарашда давом этмоқда.
Мақолага нуқта қўяр эканмиз, O`zLiDeP ХДПдан фарқли ўлароқ жойларда ўз ҳамкор ташкилотлари билан ўрта қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоли масалаларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари орқали ечим топишда изчил ишлар олиб бормоқда.
Агар 2011 йилнинг I чорагида O`zLiDeP «Аёллар қаноти» ташаббуси билан ўтказилган лойиҳалар, танлов ва турли кўриклар орқали 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилгани, партиянинг эса Марказий банк билан ҳамкорлиги асосида коллеж-лицей битирувчилари ва тадбиркорликка энди кириб келаётган юртдошларимизга, оз эмас-кўп эмас, 7 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилишига имкон яратилганини инобатга олсак, O`zLiDeP, оз бўлсада, реал ишлар билан шуғулланаётганини кўрсатади.
Биргина «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси асосида эса олий ўқув юртлари, коллеж ва лицей битирувчиларининг 1500 нафари қамраб олингани ҳам бу борадаги муайян натижалардан далолат бермоқда. Бу O`zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилган биргина лойиҳа натижалари холос. Айни пайтда партия ўнлаб ана шундай лойиҳаларни амалга ошираётир.
Хоразмнинг ўзида ҳам «Замонавий, билимли ёшлар – фермерлар мададкори», «Эркин тадбиркор – иқтисодиётимиз таянчи» сингари ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқдаки, бу мамлакатдаги тинчлик ва хотиржамликдан энг кўп манфаатдор бўлган ўрта қатлам, унинг қизиқишлари, муаммосидан тортиб ютуқларигача O`zLiDeP учун ниҳоятда муҳим эканини англатади. Биз айрим партиялар каби у ёки бу идорада қўлга илиниб қолган таги пуч рақамлар билан шов-шув кўтариш ва шу йўл билан обрў қозониш тарафдори эмасмиз.
Бундан икки йил муқаддам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар арафасида O`zLiDeP аъзолари соғлиқни сақлаш тизимида бозор механизмларини кенгроқ жорий қилиш лозим, деган фикрни билдиргандилар. ХДП вакиллари эса бундай ёндашув нотўғри эканини ҳатто мавжуд хусусий клиникаларни тугатиб, соғлиқни сақлаш тизимини фақат давлат ихтиёрида қолдириш керак, деган таклифларн илгари сурганлари ҳали ҳам сайловчилар ёдидан кўтарилгани йўқ. Юқорида тилга олинган тагзаминсиз мақолалар эса яна от айланиб, қозиғини топаётганини кўрсатади. Яна билмадик...
Обсудить новость на Форуме