17:45 17.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Илмий - амалий конференция
2011 йил 17 июнда Тошкентда «Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг етакчи тармоқлари жадал суръатлар билан янгиланаётган шароитида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш мақсадида миллий қонунчиликни такомиллаштириш масалалари» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари вазирлиги, шунингдек ЁХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан ташкил этилди.
Конференциядан кўзланган мақсад – давлат муассасалари, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакилларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги хатти-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат. Ўтказилаётган анжуман бу йўналишдаги ғоялар ва иш тажрибаси билан алмашиш, ушбу соҳада келгуси ривожланиш усуллари ва йўллари бўйича таклифлар киритиш, турли ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йўлларини топиш, биргаликда режалар ва стратегияларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари олимлари, Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси вакиллари, мустақил экспертлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган бир қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг мутахассислари ва бошқа манфаатдор шахслар иштирок этди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Ҳукумати томонидан 2011 йилда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ривожланишини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.
Айни пайтда таъкидлаш керакки, аввал кўрсатиб ўтилган лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар киритиш ишларни амалга оширилди. Конференция давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги секторини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини техник модернизациялаш бўйича комплекс давлат дастури, шунингдек Ўзбекистон Республикасида фермер хўжаликларини янада ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Анжуман якунлари бўйича, олинган хулосалар ва экспертлар тавсияларига кўра қишлоқ хўжалиги комплексига кирувчи тармоқлар ва ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини яратиш бўйича ҳуқуқий асосларни ривожлантириш, ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги фаолиятининг экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Обсудить новость на Форуме