23:00 25.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИЖРО ЖАРАЁНИНИ ҚАТЪИЙ НАЗОРАТГА ОЛАМИЗ
Жорий йилнинг 23 апрелидан янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди
Юртбошимиз томонидан тақдим этилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш мақсадида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш лозимлиги белгилаб берилган эди.
Мазкур вазифанинг ижроси сифатида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири қабул қилиниб, 2012 йилнинг 23 апрелида матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди. Эътиборли томони, муҳокамалар жараёнида O’zLiDeP фракцияси аъзолари қонунга киритилаётган янги нормалар партиянинг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг экани, мамлактимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилишини, бу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари янада кенгайтирилаётгани муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Бу жараёнда фракция аъзоларидан Фахриддин Комилов, Адҳам Шодмонов, Робахон Абдурасулова, Шоира Ҳайдарова, Барно Абдуллаева, Султонбой Жўраев, Тўлқин Турсунов, Сурайё Одилхўжаева, Нураддин Отажонов сингари фаол депутатлар муҳокамаларда ўзларининг конструктив таклифлари билан иштирок этганларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидаги маҳаллий кенгашлардаги депутатлар, партия фаоллари иштирокида кенг қамровли муҳокамалар ўтказилиб, қатор амалий таклифлар ҳам тўпланди. Энг аҳамиятлиси эса бу таклифларнинг аксарияти қонунни такомилга етказишда муҳим роль ўйнади.
Кези келганда, мазкур қонуннинг асосий йўналишлари ва мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиш ўринлидир.
Биринчидан, унда аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимчалар ўз аксини топди. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача фарзанди бўлган оилаларга, бола икки ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши учун бериладиган нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш механизмлари аниқ белгилаб қўйилди.
Иккинчидан, қонун қабул қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги функцияларини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Мисол учун, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар бериш билан бир қаторда, уни амалга ошириш шакллари ҳамда кафолатларини белгиловчи алоҳида янги (16-модда) модда киритилди.
Мазкур модданинг киритилиши O’zLiDeP электорати бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан ҳар бир шахсга мулкдор бўлиш ҳуқуқи берилгани, соҳага оид мустаҳкам қонунчилик базасининг яратилгани, мулкка эгалик туйғусининг шаклланиши пировардида бозор муносабатларини янада такомиллаштиришга пухта замин яратди.
Депутатларимизнинг мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тайёрлаган таҳлилларига кўра, ушбу жараёнда ижобий ишлар қаторида айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, тадбиркорликни бошлаётган юридик шахслар фаолиятига ноқонуний аралашувлар, банклардан кредитлар олиш жараёнидаги муаммолар, фермер хўжаликларига моддий-техника ресурсларини етказиб беришдаги сусткашликлар, баъзи ҳолатларда эса бюрократик ёндашувлар сақланиб қолаётганлиги ачинарлидир. Ишончимиз комилки, бундай нуқсонларни бартараф этишда, янги қонунга асосан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Учинчидан, қонунда маҳаллани кичик бизнес, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантиришнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, бу йўналишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маҳаллалар ҳудудида хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида тегишли маслаҳат марказларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.
Фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги маслаҳат марказлари ўз бизнесини очмоқчи бўлганлар учун қисқа муддатли курслар ташкил этиб, тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этиб, ҳудудда истиқомат қилувчиларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашиши лозимлиги ҳам қонуннинг алоҳида моддасида (17-модда) ўз аксини топди.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган «Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг муваффақиятини таъминлаш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнидаги дадил қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Барчиной МАШАРИПОВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O’zLiDeP фракцияси аъзоси
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 23 май, 20 (496)-сон
Обсудить новость на Форуме