12:49 26.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИЖРО ИНТИЗОМИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Навоий вилоятидаги ижроси юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Салоҳиддин Самадовнинг ҳисоботи эшитилди.

Маърузачининг таъкидлашича, 2010 йилда мазкур қонун ижроси қатъий назоратга олингани боис кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 34,4 фоизни ташкил этган. Бу 2009 йилга нисбатан 3,2 фоизга кўпдир. Агар 2011 йилнинг 1 июль ҳолатига вилоятда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари 13889 тани ташкил қилган бўлса, уларнинг 700 таси кичик корхона, 13189 таси эса микрофирмалар шаклида фаолият олиб бормоқда.

— Тижорат банклари томонидан жорий йилнинг олти ойида ушбу соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 90,6 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани натижасида 7644 та янги иш ўрни яратилди, — деди С.Самадов. — Шунингдек, вилоятда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи инфратузилмалар фаолиятини  такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 32 та минибанк, 57 та сув истеъмолчилари уюшмаси, 50 та ёнилғи-мойлаш шохобчаси, 36 та минерал ўғит тарқатиш пункти, 49 та муқобил машина-трактор парки ҳамда 14 та ахборот-консалтинг маркази аграр соҳа бунёдкорларига хизмат қилмоқда.

— «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ижроси Навоий вилоятида атрофлича ўрганилганида эришилган натижалар билан бирга айрим камчилик ва нуқсонларга ҳам йўл қўйилгани маълум бўлди, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Турсунов. – Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат қилувчи ва хизмат кўрсатувчи идоралар томонидан кўп ҳолларда қонун бузилишларига йўл қўйилгани аниқланган. Улар ўз хусусиятига кўра, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, ер ажратиш, фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш, лицензия бериш, банк ва солиқ идоралари билан боғлиқ муносабатлар, рухсатномасиз текшириш ва текшириш тартибини бузиш кабилардир. Шу ўринда вилоятнинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги салоҳияти юқори бўлишига қарамай, ушбу соҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши атиги 4 фоизни ташкил этаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда, шунингдек, вилоятнинг айрим ҳудудларида ижтимоий инфратузилмалар етарли даражада шаклланмагани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланди. Айниқса, Қизилтепа, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларида тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Мамлакат иқтисодиётида банд аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес соҳасига тўғри келаётган бир пайтда Навоийда бу кўрсаткич 56,4 фоизни ташкил этмоқда.

Шунинг учун ҳам қўмита аъзолари олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдириб, Навоий вилояти ҳокимлигига бу борада аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш лозимлигини тавсия этдилар.

Мажлисда муҳокама қилинган масала бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Озод РАЖАБОВ,
«XXI asr»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме