19:00 17.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИШОНЧНИ ОҚЛАШ ОСОН ЭМАС
O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши таркибидаги 2069 нафар аъзони бирлаштирган 94 та қуйи бўғин фаолияти моҳият-эътибори билан электорат манфаатларини ифодалашга хизмат қилмоқда
Партия туман кенгашига ташриф буюрган киши O‘zLiDeP мавқеи тобора ортиб бораётганига ишонч ҳосил қилиши аниқ. Ташкилот масъуллари нафақат оммавий тадбирларда, балки кундалик фаолиятларида ҳам деярли ҳар куни партия сафларида бўлиш истагини билдирувчилар, тарафдорлар билан юзма-юз мулоқотга киришяптиларки, шунинг ўзиёқ тарғибот ишлари тўғри йўлга қўйилгани, бошланғич ташкилотлар фаолияти кутилган натижаларни бераётганини англатиб турибди. Чунончи, ходимлар билан мулоқотимиз чоғида «Максимал формат» МЧЖ раҳбари ўринбосари Илҳом Баҳодиров, «Semurg States Buhara» МЧЖ директори Гулбаҳор Абдужалилова партияга аъзолик ҳужжатларини расмийлаштириш учун кириб келишди. Партия туман кенгаши раиси ўринбосари Абдунаби Мухримов янги аъзолар билан суҳбатлашиб, уларнинг саволларига муфассал жавоблар қайтарди.
- Партия ғоя ва мақсадлари тадбиркорларнинг эзгу орзу-ниятлари, интилишларига уйғунлиги бизни ушбу сиёсий куч сафида бўлишга ундади, - дейди И.Баҳодиров. - Корхонамизда 5 кишидан иборат бошланғич ташкилот тузилаяпти. Унинг атрофида жипслашишдан мақсадимиз эса ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашишдан иборатдир. Эътироф этиш керакки, ўтган йилдан эътиборан туман кенгаши, қуйи бўғинлар ташаббуси ва иштирокида 100 га яқин турли тадбир ташкил этилди. Айниқса, Маънавият тарғибот маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлинмалари билан биргаликда ўтказилган, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий маданиятини ошириш мавзуларига бағишланган туркум давра суҳбатлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
- Мазкур йўналишдаги илк тадбирлардан бири «Гулистон» МФЙда ўтказилган эди, - дейди туман кенгаши БПТлар билан ишлаш бўйича консультанти Стелла Булгакова. - Унда бор-йўғи 9 киши қатнашганди. Бироз вақт ўтгач, маҳалла фаоллари яна бир марта учрашув ўтказишимизни сўрашди. Кейинги тадбиримизда 50 дан зиёд одам иштирок этди. Қайд этиш жоизки, мулоқотлар чоғида партиямиз фаолиятига қизиқиш кучли эканига яна бир карра амин бўлдик. Айтайлик, ёшлар «Либерализм асосчиларидан кимларни биласиз, уларнинг қандай асарларини ўқигансиз?», «Демократик партиялар турлари ҳақида батафсилроқ маълумот беринг» сингари талай саволлар бердиларки, бу ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга ундаяпти.
Шунингдек, жамоат ташкилотлари, маҳаллий бошқарув органлари билан ҳамкорликда ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари иштирокида «Сайлов тизими либераллашувида O‘zLiDePнинг вазифалари», «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича O‘zLiDePнинг устувор йўналишлари», «O’zLiDeP бошланғич ташкилотларининг ҳудуд иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида, партия дастурий мақсадларини амалга оширишда тутган ўрни ва роли» ва бошқа муҳим мавзуларда талай тадбирлар ўтказилди.
Партиявий лойиҳалар амалга оширилишига ҳам фаоллар изчил ҳисса қўшяптилар. Бу жараёнда ташаббускор, иқтидорли, етакчилик қобилиятига эга ёшлар кашф этилмоқда.
Кейинги 15 ой давомида партия сафларига 161 киши қабул қилиниб, 10 та янги қуйи ташкилот тузилгани ана шу тизимли саъй-ҳаракатлар меваси, албатта. Янги аъзоларнинг 65 фоизи ёшлар, қарийб 70 фоизи хусусий сектор вакилларидан иборат экани алоҳида диққатга сазовор.
Энг муҳими, фаоллар эришилган натижалар билан қаноатланиб қолмаяптилар. Яқинда БПТ раҳбарлари ташаббуси билан туман маҳаллаларини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Унда жойларда якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий бизнес ва касаначиликни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли маънавиятини бойитиш, иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга йўналтирилган бир қатор тадбирлар бажарилиши белгиланган. Туман кенгаши қошида ёш ишбилармонларга банк соҳаси, солиқ сиёсати ва бухгалтерия иши ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилувчи бепул ўқувлар ташкил қилиниши мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳага партия таянч тузилмалари иш юритаётган «Микрокредитбанк» филиали, «Yaran Consulting» аудиторлик компанияси, «URI-KOM» адвокатлик фирмаси мутахассислари жалб қилинаётганлиги ўқувларнинг сифати, савияси юқори бўлишини таъминлайди, албатта.
Шу ўринда салкам бир ярим йил ичида туман кенгашига, бошланғич ташкилотларга фуқаролардан 94 та мурожаат тушганини таъкидлаш лозим. Улар атрофлича ўрганилиб, қарийб 80 фоизи ижобий ечим топганлиги фаолларнинг партиявий иш самарадорлиги нафақат ўтказилган тадбирлар, балки электорат вакиллари фойдасига ҳал қилинган масалалар билан ҳам ўлчанишини теран англаётганликларини кўрсатади. Биргина мисол: Тадбиркор Ш.Ҳикматов жами қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 9 қаватли қаровсиз бинони хусусийлаштирган ва таъмирлаш, қайта қуриш ишларига 1,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфлаган эди. Шартномада белгиланган муҳлат тугади, лекин мулкдор айрим сабабларга кўра тўловнинг қолган қисмини бироз кечиктирди. Оқибатда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бинони қайтадан давлат тасарруфига ўтказиш масаласи кўрила бошланди... Тадбиркор муаммоси «Жавоҳир-Ҳумо» адвокатлик бюросида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти раиси Дармона Эшимбетова ташаббуси билан туман кенгашида кўриб чиқилган ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Полянте Свешников Бош прокуратурага депутатлик сўрови йўллади. Муаммо шу тариқа тадбиркор фойдасига ҳал этилди. Бундай ҳаётий мисоллар БПТлар ва депутатлар ўз ваколатларидан унумли фойдаланаётганини, уларнинг жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга оширишдаги фаоллиги ортиб бораётганлигини яққол намоён этаётир.
Айрим ҳудудларидаги қуйи ташкилотлар электорат вакиллари, умуман, аҳоли талаб-эҳтиёжлари юзасидан партия юқори органларига таклиф ва тавсиялар тақдим этишда сусткашлик қилаётганликлари сир эмас. Лекин Чилонзорда ундай эмас. Аксинча, партиявий тадбирларда фаоллар томонидан кўплаб аниқ ва асосли таклифлар ўртага ташланиб, ижроси қатъий назорат қилинмоқда. Чунончи, «КОМТЕК» МЧЖда ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти етакчиси Лутфулла Йўлдошев, таъбир жоиз бўлса, янги қонун яратилишига туртки берган фуқаролардан бири бўлди. Унинг буйракни кўчириб ўтказишга доир таклифи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Раҳмутулла Каримов саъй-ҳаракатлари билан соҳага доир қонун қабул қилинди. Ҳозир эса шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан партия фаолининг дори-дармонлар савдосини такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалари ўрганилаяпти.
Юқорида тилга олинган ютуқларни таъкидлаш баробарида кенгаш ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини мукаммал даражада, деган фикрдан йироқмиз. Жумладан, туманда 230 минг киши яшаётгани, 5500 тадбиркорлик субъекти иш юритаётгани инобатга олинса, электорат ичига янада чуқур кириб бориш учун ҳали кўп ишлар амалга оширилиши кераклиги аёнлашади. Шу билан бирга туман кенгаши ҳанузгача баъзи БПТлар билан алоқаларни талаб даражасида йўлга қўя олгани йўқ.
- Партия фаолларидан ташкил топган махсус кичик гуруҳлар туманимиздаги мавжуд ижтимоий-маиший ва иқтисодий муаммоларни ўрганиб чиқмоқдалар, - дейди А.Мухримов. - Улар зиммасига тарғибот ишлари ҳам юклатилган. Аниқланган нуқсонларнинг бартараф этилиши, ўтказилаётган тадбирларнинг ҳар жиҳатдан пухта, ғоявий-сиёсий мукаммаллиги аҳолининг партияга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаши, бинобарин, ташкилотимиз ва унинг таркибидаги БПТлар фаолияти такомиллашувига хизмат қилиши шубҳасиз. Беҳзод ИСРОИЛОВ
Обсудить новость на Форуме