02:15 19.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИШОНЧ - ЭНГ КАТТА МАСЪУЛИЯТ

Давлат ва жамият манфаатларини ифодаловчи депутатлар тараққиёт карвонининг етакчиларидир. Бугун бундай фазилат эгалари бўлган депутатларни мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан топиш мумкин. Хусусан, Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашидаги Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия аъзоларини шундайлар сирасига киритиш мумкин. 

- Ҳозирда ҳудудимиз аҳолисининг 57 фоизини ёшлар ташкил этади, - дейди Халқ депутатлари Самарқанд вилояти ва Пастдарғом туман Кенгашлари депутати, O‘zLiDeP фаоли Нигора Саъдинова. - Ёшлар иштирокида бир қатор тадбирлар амалга оширилаётир. Биргина ўтган йили “Одам савдоси қурбони бўлишга рози бўлманг”, “Диний экстремизм ва фундаментализм - тараққиёт душмани” каби мавзуларда ўндан ортиқ учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Бундай тадбирлардан ёшлар, қолаверса, аҳоли билан дилдан суҳбатлашиб, муаммоларига ечишга амалий ёрдам бериш ҳам кўзда тутилган. 

Н.Саъдинованинг сўзларига кўра, ташкил этилган тадбирлардан мамлакатимиздаги ислоҳотлар, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий  ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадлари кўзланган. Ёшлар сиёсатига доир энг муҳим масалалар доимий комиссиянинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Ўтган йилнинг 16-17 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Билимли ва заковатли етук авлодни тайёрлаш - мамлакатни барқарор ривожлантириш ва модернизациялашнинг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференция материаллари асосида комиссия томонидан семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Президентимиз томонидан илгари сурилган ғояларни аҳолига етказиш, илм-фанни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Маърузада белгиланган энг устувор вазифалар, жумладан, 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар таълимига тўлиқ жалб этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, коллежларни битириб чиқаётган ёшларни ишга жойлаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. 

Бугунги кунда бу вазифалар ижроси тўлиқ назоратга олинган. Айни пайтда тумандаги 123 та умумтаълим мактабини битирган 6002 ўқувчининг барчаси коллеж ва лицейларда ўз танлаган йўналишларида билим олмоқда. Қолаверса, бир йил давомида 882 нафар устоз-мураббий малака оширди. Ўтган йили туманда 5341 йигит-қиз мутахассислик дипломини қўлга олган бўлиб, шундан 90 фоизи иш билан таъминланган. 

“Ёшлар учун янги иш ўринлари яратишда партиямиз вакиллари ҳам катта ҳисса қўшмоқда. O‘zLiDeP  фаоллари саналган тадбиркорлар бош бўлган корхоналарда бир йил давомида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 191 нафари ишга қабул қилинди”, - дейди Н.Саъдинова. 

Депутатлар ўтказилаётган тадбирларнинг амалий натижалар беришини ўзларининг биринчи навбатдаги вазифаси деб билади. Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мавзуида ўтказилаётган давра суҳбатлари, айниқса, самарали бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Масалан, “Анҳор” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги шундай тадбирдан сўнг аҳоли шахсий томорқаси ҳисобланган жами 533 гектар ерга сабзавот экинлари экиш, иссиқхоналар ташкил этиш, иккинчи экин экиш даражаси кескин ўсди. Ўз-ўзидан аҳоли даромадида ҳам ўсиш сезилди. 

Соғлом авлодни тарбиялаш бугуннинг долзарб вазифаси. Президентимизнинг “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туманда 13 мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ тузилганди. Бу гуруҳ фаол иш юритиб келмоқда. Пастдарғом туманидаги туғруқ ёшидаги 81 минг аёлдан қарийб 41 минг нафари ўтган йилнинг беш ойидаёқ тиббий кўрикдан ўтказиб бўлинганди. Аҳоли саломатлигини текшириш чоғида 17563 кишида касаллик аниқланган бўлиб, уларнинг 13 854 нафари соғломлаштирилган. 

Хулоса ўрнида айтиш керакки, амалий ишлар самараси депутатларнинг аҳоли ўртасидаги нуфузи янада ошишига сабаб бўлаётир. 

Нодир Тўраев,O‘zLiDeP  Самарқанд  вилояти Кенгаши депутатлик бирлашмалари билан ишлаш сектори консультанти 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме