22:00 21.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИШЧИ ГУРУҲ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ САМАРАЛИ БОШЛАДИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасидаги бош битим доирасида ҳудудларда тадбиркор ва фермерлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда ҳудудий партия ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида аллақачон изчил фаолиятни бошлаб юборган.  

Ишчи гуруҳ ўз фаолияти аввалида дастлаб Жиззах туманидаги “Чақмоқ” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Учрашувда партия аъзоси З.Ҳакимов раҳбарлигидаги ушбу фермер хўжалигида бошланғич партия ташкилоти очиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, Жиззах туманининг “Қулама” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллар залида фермерлар, тадбиркорлар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди. 

- Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Жиззах вилоятида ҳам аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг бирламчи омилига айланган, - дейди  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Г.Ибрагимова. - Ушбу ҳудуддаги янгиланишлар, ўзгаришларни чуқурроқ таҳлил этсак, Жиззах шаҳрида эришилаётган ютуқлар салмоқли эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бунга янги корхоналар сонининг кескин кўпайиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, маиший хизмат турлари соҳасидаги ижобий натижалар ҳам мисол бўла олади. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган сармояларнинг кўп қисми кичик бизнес субъектлари улушига тўғри келгани эса вилоятда Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорлари, давлат ва маҳаллий дастурлар салмоқли натижалар бераётганини кўрсатади.

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши аппарати раҳбари В.Норбоев партия депутатлик гуруҳларининг депутатлик сўрови, депутатлик гуруҳи эшитуви каби ваколатлардан кенг фойдаланиши, партиянинг ҳамкор ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни кенгайтириши бу натижаларнинг янада яхшиланишига олиб келишини билдирди. 

“Шу боис, O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси билан махсус ҳаракат дастури ишлаб чиқиб, тадбиркорлар фаолиятини кучайтириш, уларни хорижий технологиялар билан таништиришдан ташқари бизнес оламига ёш йигит-қизларнинг дадил кириб келишига мустаҳкам замин яратиш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Ҳамкорларимиз билан асосий эътиборни жойларда янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратяпмиз”, - деди В.Норбоев. 

Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах туманидаги ижтимоий-иқтисодиёт касб- ҳунар коллежида ташкил этилган амалий мулоқотда эса асосий эътибор кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш, фермерларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига қаратилди. 

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ вакиллари Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари билан биргаликда тумандаги компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида, “Гандумтош” қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам тадбирлар ташкил этди. 

Айниқса, Жиззах туманилик хусусий тадбиркор, ҳунарманд Дилноза Туропованинг устахонаси билан танишув ишчи гуруҳ аъзоларида катта таассурот қолдирди. O‘zLiDeP аъзоси бўлган бу ҳунарманд лойдан ҳайкалчалар, уй-рўзғор буюмлари ясайди, “устоз-шогирд” анъанасини изчил давом эттириб келади. У партия лойиҳаларида фаол иштирок этади. Жумладан, “Ишбилармон талаба” кўрик танловининг республика босқичи ғолиби, партия стипендияси соҳибасидир. Ёғоч ўймакорлиги соҳасида меҳнат қилаётган Баҳодир Носиров ижоди билан танишув ҳам ишчи гуруҳда катта қизиқиш уйғотди. 

Ишчи гуруҳ фаолиятининг дастлабки натижалари ўлароқ, Жиззах туманининг “Чақмоқ” фермер хўжалиги, “Сувоқова” корхонаси, туман Фермерлари кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ҳунармандлар уюшмаси, “Зомин асали” МЧЖ ва “Исоқ бобо” фермер хўжалигида янги бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилди.

Н. Эсонқулова,O‘zLiDeP Жиззах вилоят КенгашиМафкуравий, тарғибот-ташвиқотишлари бўлими мудири 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме