22:45 15.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИШЧИ ГУРУҲИ ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

2013 йил 13 июнь куни Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 17 май куни киритилган ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан рўйхатга олинган «Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидаги дастлабки ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидландики, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига биринчи ўқишда киритиш юзасидан Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида бўлиб ўтган қизғин муҳокамаларда депутатлар, барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари, шунингдек Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи гуруҳ, Ахборот хизмати, Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-ахборот, Юридик, Қўмиталар билан ишлаш бўлимлари ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг асосий мақсади - кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, шу асосда фермерлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини оширишни таъминлаш, мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда фермер хўжаликлари иштирокини янада фаоллаштиришдан иборатдир.

Қонун лойиҳасида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 18, 22, 29 ва 32-моддаларига, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179, 181, 329, 330 ва 337-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимиз қонунчилигида алоҳида ҳолатларда қўлланиладиган қатор нормалар қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил қилишнинг етакчи бўғини ва шакли сифатида фермер хўжаликларининг давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, шунингдек судларда ишлар кўриб чиқилаётгандаги ўзаро муносабатларини такомиллаштиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб беради, фермерликни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фермер хўжаликлари ҳуқуқлари, манфаатлари ҳимоя қилиниши ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси республикамизда амал қилаётган қишлоқ хўжалиги муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларини инобатга олган ҳолда тайёрланган ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишилган.

Қонун лойиҳаси юзасидан АҚШ, Хитой, Польша, Германия, Исроил, Янги Зеландия каби қатор давлатлар қонун ҳужжатларида фермер хўжаликларини юритиш масалалари бўйича ерга бўлган мулкчилик муносабатлари, уларнинг табиати, иқлим шароити, қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати ва суғориш тизимлари инобатга олинган ҳолда халқаро амалиёт ўрганилган ва тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кетлик тартибида кўрсатилган қиёсий жадвал тақдим этилган.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига зид эмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришлар киритишни талаб этмаслиги, шунингдек уни тайёрлашда Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлар томонидан тақдим этилган ишланмалардан ҳам фойдаланилганлиги қайд этилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантириш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш имконини беради.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузуридаги Киритилаётган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасига қўшимча қатор ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги аниқланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан ушбу ва бошқа тегишли ҳужжатлар қўшимча равишда олинган ва «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида”ги Қонунларда белгиланган тартибларга тўла риоя этилиши таъминланган.

Йиғилиш якунида Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ҳамда Қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурлиги асосланган хулосасини тасдиқлаш тўғрисидаги тегишли қарорлар қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме