21:15 29.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИШБИЛАРМОН ЁШЛАР ФОРУМИ
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ва “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими ҳамкорлигида “Ватан равнақига менинг ҳиссам” шиори остида “Ёш тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар форуми” бўлиб ўтди.
Форумда сўзга чиққанлар Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларга таълим-тарбия бериш борасида ижтимоий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳақида тўхталиб ўтди. Улар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга берилаётган улкан эътибор бугунги кунда ўзининг юксак натижаларини бераётганини алоҳида эътироф этди.
– O‘zLiDeP ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади, – деди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Фарҳод Қодиров. – Бугунги форум ҳам шу мақсадимизни амалга оширишга қаратилган амалий қадамларимиздан биридир.
Форум доирасида ёш тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ижодий кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
Янгиерлик Сарвар Ҳамиджонов ушбу кўргазмада ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, ташкилотчиларидан қимматбағо совғани қўлга киритган ёш тадбиркорлардан бири.
– Коллежни битириш арафасида банкдан 1,5 миллион сўм кредит олиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида тикувчилик цехи очгандим, – дейди С.Ҳамиджонов. – Ишларим юришиб, кредитни ўз вақтида тўлашга эришдим. Ҳозир фаолиятимни кенгайтириш мақсадида юрибман. Бунинг учун банкдан яна 4 миллион сўм кредит олмоқчиман.
“Ишониб айтаманки, бугунгидек тадбирлар ёш авлоднинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларга муносабатларини шакллантириш, дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш баробарида O‘zLiDePнинг ёшлар ўртасидаги обрў-эътибори юксалишига ҳам хизмат қилади”, – дея қўшимча қилади Сарвар.
Форум якунида ўз фаолият йўналишида муваффақиятга эришиб келаётган ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Форумда O‘zLiDePнинг Сирдарё вилояти Кенгаши масъул ходимлари, туман(шаҳар) кенгашлари аппарат раҳбарлари, партия фаоллари, ёш тадбиркор ва фермерлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме