13:00 20.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИШБИЛАРМОН ЎҚУВЧИЛАР — ПАРТИЯ ЭЪТИБОРИДА




O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси қарори билан касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Ишбилармон ўқувчи” танловига йилдан – йилга қизиқиш ортиб бормоқда.

Бу йил ҳам ушбу танловнинг шаҳар, туман босқичларида республикамиздаги 900 дан ортиқ касб-ҳунар коллежларининг 5 минг нафардан ортиқ ўқувчилари иштирок этдилар. 

Улар  орасидан саралаб олинган 42 нафар энг билимдон, зукко ўқувчилар республика босқичида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдилар.

Танловнинг республика босқичини  ўтказиш учун Наманган шаҳри танланганлиги бежиз эмас. Чунки Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли кейинги йилларда Наманган шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Айниқса, ёшларга яратилаётган шароитлар, улар учун бунёд этилган боғ ва хиёбонлар, замонавий, кўркам академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, спорт иншоотлари  ҳар қандай кишида катта таасуротлар қолдириши табиий албатта.

“Ишбилармон ўқувчи” республика кўрик-танлови иштирокчиларига “Ёшлар маркази” да  ўз истеъдодларини, кўргазмаларини  тўла намоён этишлари учун  барча имкониятлар яратилди. Марказ фойеси  42 та академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидан ташриф буюрган ишбилармон ўқувчиларнинг ранг-баранг кўргазмалари билан  безанди.

 Тадбирнинг расмий очилиш  қисмида сўз олганлар  мамлакатимизда ёшлар билим олишлари ва ҳунар эгаллашлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, ўқувчиларни бу имкониятлардан  унумли фойдаланишга, келгусида Ватанга муносиб инсонлар бўлиб вояга етишга чақирдилар.   

Шундан сўнг O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат    ҳакамлар ҳайъати   ишбилармон ўқувчилар фаолияти билан танишув жараёнини бошладилар. ҳар бир ўқувчи билан  фанлардан ўзлаштириши, қизиқишлари, тадбиркорлик, бизнес режалари, партия фаолияти ҳақидаги тушунчалари, компьютер саводхонлиги, интернет тармоғидан фойдаланиш тажрибалари хусусида бафуржа суҳбатлашилди. 

— Шуниси эътиборга моликки, ҳар бир ўқувчи ўз истеъдодини, қобилиятини намоён этиш учун  астойдил ҳаракат  қилди, - дейди ҳакамлар ҳайъати  аъзоси, Олий Мажлис ғонунчилик палатаси депутати Равшанбек Асқаров. – Ёшлардаги билимдонлик, зукколик, мустақил фикрини ифодалай олиш маҳорати  бизни қувонтирди. Бухоро Давлат университети қошидаги 4-академик лицей ўқувчиси Маҳбуба Муҳаммадованинг эришган натижаларидан жуда хурсанд бўлдик. У 2009 йилда Зулфия номидаги  давлат мукофоти  совриндори бўлибди. Бундан ташқари тааквандо бўйича спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритибди. У инглиз, рус тилларида эркин сўзлаша оларкан, Бухоро ҳақида  бемалол  инглиз тилида  ҳикоя қилиб бера олди. Ўзи туғилиб ўсган Мижона қишлоғи ҳақида  китоб ҳам чиқарибди. Энг муҳими,  O`zLiDeP ҳақида фикрлари жуда ҳам тиниқ ва равшан.

— Гапнинг очиғи, биз ўқувчиларни бунчалик кучли билимга  эга эканликларини тасаввур қилмагандик. Суҳбат жараёнида маълум бўлдики, танловнинг республика босқичига  тадбиркорлик соҳасига қизиқиши юқори,    ҳақиқий  истеъдод эгалари келишибди, — дейди ҳакамлар ҳайъати  аъзоси, Олий Мажлис ғонунчилик палатаси депутати Насимжон Алимов. - Айниқса, Учқўрғон педагогика коллежи талабаси Мадина Деҳқонованинг чорвачиликни ривожлантириш ҳақидаги, андижонлик Ёдгорой ғанижонованинг “Дилором” тўқувчилик маркази фаолияти, қашқадарёлик Фаёза Абдуллаеванинг унутилаётган миллий ва тарихий ёдгорликларни таъмирлаш, уларга қайта жон бағишлаш мақсадида кошин ишлаб чиқариш бўйича изланишлари, навоийлик Маҳфират Тўрақулованинг 17-18 асрда қўлланилган каштачиликни бигиз ва игна билан амалга ошириш тажрибасини тиклаш йўлидаги фидойилиги, Оҳангорон саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Хуршида Товбоеванинг қурилишда цемент тайёрлашнинг қулай усулини ихтиро қилганлиги, Тошкент шаҳридан Умидахон ҳусанованинг хотин-қизлар либослари учун тайёрлаган ўзига хос эскизлари, самарқандлик Ґакима Мирзамаҳмудова, сирдарёлик Зулайхо Камолиддинова, қорақалпоғистонлик Гулжаҳон Бобоназарова  кабиларнинг ўз бизнес режаларини ҳимоя  қилишдаги фаолликлари маъқул бўлди. Шунинг учун ўқувчилар фаолиятини баҳолашда, уларга ўринларни белгилашда жуда қийналдик. 

Танловнинг тантанали якуний қисми Навоий номли вилоят мусиқали драма  ва комедия театри  биносида ташкил этилди. Бу муҳташам санъат саройига ишбилармон ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, меҳмонлар таклиф этилди. ҳакамлар ҳайъати томонидан танловда 1-, 2- ва 3-ўринларни олган ўқувчилар номлари эълон қилинганда, уларга  эсдалик совғалари топширилганда зал гулдурос қарсаклар оғушида қолди. Айниқса, 1- ва 2-ўрин соҳиби бўлган 28 нафар иқтидорли ўқувчиларга янги ўқув йилидан бошлаб O`zLiDeP стипендиялари  берилиши ҳақидаги  хабар барчани тўлқинлантириб юборди.

Шундан сўнг таниқли санъаткорларнинг дилрабо куй ва қўшиқлари янгради.  Куйлар рақсларга уланди. Ўқувчи ёшларнинг қалбида, юз-кўзларида қувонч ва шодлик туйғулари балқди. Улар бу тадбирдан катта таассурот олганликларини, дўстлар орттирганликларини қайта-қайта таъкидлашди. Айниқса, Фарғоналик ўқувчи М.Солиеванинг дил сўзлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. У ўз тенгдошларини Ватанга садоқатли, билимли, маърифатли бўлишга чақирди. Унинг  OzLiDeP га аъзо бўлиш ҳақидаги  ниятини барча ёшлар қарсаклар билан қўллаб-қувватлади.

Тантанали маросим якунида OzLiDeP Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси аппарат раҳбари Фурқат Хотамов сўзга чиқиб, барча ўқувчиларни мустақиллигимизнинг йигирма йиллик байрами билан табриклади. Тадбирни ташкил этишда фаол иштирок этган партия бўлим бошлиқларига, вилоят, шаҳар ҳокимликларига, партия вилоят Кенгашига, маданият ходимларига самимий миннатдорчилик изҳор қилди.

У O`zLiDeP бундан кейин ҳам ёшлар билан ишлашга, касб-ҳунар  коллежлари, академик лицейларнинг иқтидорли ўқувчиларини қўллаб-қувватлашга, уларда тадбиркорлик билим ва кўникмаларини шакллантиришга оид янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришига  барчани ишонтирди.

Тадбир иштирокчилари сафар ниҳоясида Наманган вилоятида бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, илғор корхоналарнинг тажрибалари билан яқиндан танишдилар.
Жумладан, “Хайн-Текс” қўшма корхонасидаги иш жараёни, 500 нафарга яқин ишчи-хизматчиларнинг 70-80 фоизи касб-ҳунар коллежлари битирувчилари эканлиги, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг деярли юз фоизи четга экспорт қилинаётганлиги ўқувчилар эътиборини ўзига тортди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам корхона мутахассилари томонидан жавоблар олишди. 
“Ўз-Часис” қўшма корхонаси фаолияти, бу ерда ЎзДЭУ автомобилларига зарур  бўлган  эҳтиёт қисмларининг  тайёрланишини  ҳам ўқувчилар катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Наманган туманидаги “Замин Туркистон” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ишлаб чиқарилаётган, сифати ва дизайни жиҳатидан жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб берадиган  хушбичим костюм-шимлар ёшларга жуда манзур бўлди. Айниқса, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг  Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинаётганлиги  эътиборли бўлди.  Ушбу корхона раҳбари Бахтиёр Умаровнинг Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2011” кўрик-танловида “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича ғолиб бўлганлиги ва унга “Спарк” автомобили тантанали равишда топширилганлиги ҳақидаги маълумотлар ўқувчи ёшларда ҳавас ва интилиш туйғуларини уйғотди. 

Хуллас, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан  Наманганда ташкил этилган ушбу танлов таассуротлари ёшлар қалбида узоқ йиллар сақланиб қолишига, улар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, ўқувчиларда билим ва ҳунар эгаллашга  бўлган қизиқишларини янада ортишига, келгусида тадбиркорлик, ишбилармонлик фаолияти  билан астойдил шуғулланишларида  замин бўлиб хизмат қилишига ишонамиз. 
                                                               
Комилжон  ФАЙЗИЕВ
                                                                                     

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме