22:00 10.08.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИСТИҚБОЛДАГИ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМАСИ



Куни кеча Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг “Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида”ги ҳисоботи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қароридан келиб чиқадиган партия олдида турган келгусидаги вазифаларни белгилаш масаласи муҳокама қилинди.   

Йиғилишда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари билан бирга партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, ЎзЛиДеПнинг қатор маҳаллий Кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари, электорат вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 12 ноябрдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожланиш  Концепцияси мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини изчил демократлаштириш, ҳокимият  тармоқларга бўлинишининг конституциявий принципини амалга ошириш, шунингдек, демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришда янги босқични белгилаб берди. 

Партия фаолларининг фикрича кўра, Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш Концепцияга мувофиқ 2011 йил апрель ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98 моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқаришда амалий қадам бўлди.  Бинобарин бу марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим дастурларини бажариш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини, ваколатларини кучайтиришнинг муҳим омили бўлади.

Бунда давлатимиз раҳбари Концепциясининг амалга ошириш асосида шаклланаётган сиёсий тизим мамлакатдаги ўзгаришлар бориши учун сиёсий партиялар масъулияти ошишига хизмат қилади. Бу парламентда энг кўп сонли бўлган ЎзЛиДеП мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган ва ҳар бир минтақа ривожланиши манфаатларини ҳисобга оладиган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларида фаол иштирок этишга қодир бўлиши зарур деганидир.

Шу боис, йиғилишда таъкидланганидек, Бош вазирни дастлабки эшитишнинг мавзуси ЎзЛиДеП фракцияси томонидан илгари сурилган, чунки партия демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш ҳамда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури бўйича чора-тадбирларни самарали амалга ошириш вазифасини энг устувор масала деб билади. Шунинг учун ЎзЛиДеП ва унинг фракцияси  мазкур эшитувга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этди.

Йиғилиш иштирокчилари Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий партияларнинг мамлакат ҳаётидаги иштироки фаоллашиши учун барча зарур шароитларни яратишида ҳамфикр эканликларини билдирдилар. Шу билан бирга, мажлисда қайд этилганидек, Бош вазирнинг парламентдаги эшитуви боришининг ҳар томонлама таҳлили кўплаб ижобий жиҳатлар билан бирга сиёсий партиялар, шу жумладан, ЎзЛиДеПда ҳам ҳали ишга солинмаган заҳиралар мавжудлигини намоён этди.

Бўлиб ўтган эшитувда бу ЎзЛиДеП фракциясининг барча депутатлари Бош вазир, ҳукумат олдига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид долзарб масалаларни қонунчилик билан мустаҳкамланган илгари суриш ҳуқуқидан самарали фойдаланганларида намоён бўлди. Яна шу нарса аёнки, келгусидаги эшитувларда сиёсий партиялар, хусусан, ЎзЛиДеП авваламбор ижро этувчи ҳокимият фаолиятини ҳар томонлама баҳолаш бўйича ўзининг тобора юксалиб бораётган даражасини кўрсатиши лозим.  

Сиёсий партиялар, уларнинг парламентдаги депутатлари ҳақиқатан ҳам давлат миқёсида фикрлаш, кенг дунёқарашга эга, жамият ҳаётининг энг муҳим соҳаларининг етук мутахассислари бўлишлари керак.  Депутатлар жойларда мавжуд бўлган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни янада самарали аниқлаш ва ижро этувчи ҳокимият органларига етказишни таъминлашлари, энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда янада фаол қатнашишлари зарур. Бу ЎзЛиДеПдан партиянинг барча бўғинлари – фракция ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларидан бошлаб  қуйи бошланғич ташкилотлари фаолиятини замон талаблари асосида тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади. 

Йиғилишда таъкидланганидек, айнан мана масалаларни ҳал этиш ва бўлиб ўтган Бош вазир эшитуви якунларини барча бўғинларда муҳокама қилиш ЎзЛиДеП олдида турган бош вазифалардан биридир.  Бундан ташқари, ҳар бир эшитувлар ЎзЛиДеПнинг ўз сиёсий платформаси, сайловолди дастури ва ўз электорати қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаолиятини амалга ошириш учун парламент назорати механизмларини  самарали қўллашдаги қобилиятининг ўзига хос оралиқдаги натижалари сифатида намоён бўлиши лозим.

Шу муносабат билан йиғилиш иштирокчилари муҳокамасига ЎзЛиДеПнинг махсус ишлаб чиқилган Ҳаракат дастури лойиҳаси киритилди. Мазкур ҳужжат партиянинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг парламентдаги эшитувига партиянинг тайёргарлик кўриш ва унда иштирок этишининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. 
 
Дастурда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ЎзЛиДеП олдида турган муҳим вазифалар белгиланди. 
Биринчидан, ЎзЛиДеП фракцияси ва ҳокимиятнинг вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш.   Бозор иқтисодий ислоҳотлари ва мамлакатни модернизация қилиш йўлида янада илгарилаш бўйича олиб борилаётган ишлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилмоқда.

Иккинчидан, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар боришидаги эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда партиянинг қонун лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва қайта ишлашдаги фаол иштироки, Концепция меъёрларини амалга ошириш доирасида тайёрланган қонун лойиҳаларининг тижорат ва тадбиркорлик тузилмалари, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилган ҳолда кенг муҳокама этилиши ва жамоат экспертизасини ташкил қилиш.


Учинчидан, иқтисодиётни  бошқариш  тизимини  янада такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш, уни ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатлари тизимини яратиш, партиянинг қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишдаги фаол иштироки, жойларда қуйидагиларга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан назоратни амалга оширишга оид ишлар бўйича:

- ортиқча расмиятчилик тўсиқларини бартараф этиш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш, хусусий мулк миқёсини кенгайтириш, кичик бизнес  ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ва улушини ошириш; 

- хусусий сармоядорларни иқтисодиётнинг барча жабҳаларига жалб қилишни рағбатлантириш, ҳусусий мулкнинг реал иқтисодиёт соҳасида, энг аввало – саноат ва унинг йирик тармоқларида етакчи ўрин эгаллаши;

- маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилишини таъминлаш мумкин бўлган истеъмол товарлари импортини сезиларли равишда камайтириш.

Тўртинчидан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини самарали бартараф этиш, иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлашга қаратилган 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чора-тадбирлар дастури амалга оширилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатиш.

Бешинчидан, партия тузилмалари фаолиятини ахборот-таҳлилий таъминлашни сифат жиҳатдан яхшилаш, ЎзЛиДеП фаолиятининг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш тизимини янада такомиллаштириш. Қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплекси режалаштирилган:  
- парламент палаталари томонидан қабул қилинган Қўшма қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш бўйича туркум тадбирлар ташкил қилиш;

- жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ўрганишга оид тизимни такомиллаштириш;

- парламент ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида кўриб чиқиладиган барча масалалар юзасидан партиянинг нуқтаи назарини янада такомиллаштириш учун тизимли иш олиб бориш.  

Олтинчидан, партиянинг ташкилий-кадр ишлари самарадорлигини ошириш. Партиянинг мазкур соҳадаги вазифалари кадрлар заҳирасини шакллантириш, партиявий кадрларни аниқлаш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг кўп босқичли тизимини яратиш, партиянинг амалдаги ва истиқболдаги кадрлар заҳирасини шакллантириш бўйича тизимли ишларни ташкил қилишга қаратилган.
Муҳокамалардан сўнг мазкур Дастур ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси кенгайтирилган йиғилиши томонидан маъқулланди.

Умуман олганда, Дастурда таклиф этилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ЎзЛиДеПга Концепция ва “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида белгиланган мамлакатда бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга доир вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш жараёнини давом эттириш имконини беради. 

ЎзЛиДеП Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме