00:15 17.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ИҚЛИМ ВА ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИГА ЭЪТИБОР

Зилолахон СОБИРОВА,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Яқинда давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. O`zLiDeP фикрича, бу ҳужжат электоратимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради, шунингдек, биринчи навбатда, муваффақиятли ишлаётган ва қонунга риоя этувчи хўжалик субъектлари фаолиятини рағбатлантиради. Хусусан, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек, барқарор ўсиш суръатларини ва ишлаб чиқаришдаги рентабеллиликни таъминлайдиган кичик бизнес субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга мораторий 2017 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.
Ушбу мораторий 2011 йилда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури доирасида жорий этилганди. O`zLiDeP ишонадики, унинг узайтирилиши, бир томондан, мамлакатимиз раҳбариятининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига эътиборини, бошқа томондан, юртимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини кўрсатиб турибди.
2015 йилдан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектлари статистик ҳисоботларни бир йилда бир марта тақдим этишини қайд ўтиш жоиз. Шу билан бирга, статистика органлари ҳар чоракда тегишли йўналиш ва соҳалар фаолияти бўйича танлаб текширишлар ўтказади. Илгари эса (2013 йил 1 январдан бошлаб), фақат 1-КБ йиллик шаклини тақдим этган микрофирмаларгина чораклик статистика ҳисоботлари топширишдан озод этилганди. Статистик кузатув мақсадида микрофирмалар республика статистика органлари томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича анкета сўровларига жалб этилади.
Имзоланган фармонга асосан, агар хўжалик субъектлари солиқ, молия ҳисоботлари тақдим этмаса ва кўрсатилган манзилда мавжуд бўлмаса, давлат солиқ хизмати органлари фақат (таъкидлаймиз – фақат) суднинг тегишли қарорига кўра унинг тижорат банкларидаги ҳисоблари бўйича операцияларни тўхтатиши мумкинлиги белгиланган тартиб ўрнатилгани мамлакатимиз иқтисодий муносабатларни қатъий либераллаштириш йўлини танлаганига яна бир далолатдир.
Бунгача солиқ тўловчининг банклардаги ҳисоблари бўйича операцияларни тўхтатиш агар солиқ тўловчи солиқ ва (ёки) молия ҳисоботларини уни тақдим этиш учун белгиланган муддат тугагандан сўнг 15 кун ичида тақдим этмаган тақдирда солиқ органлари қарори асосида амалга ошириларди.
Умуман, O`zLiDeP имзоланган фармон ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал қулай инвестициявий муҳит яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолияти юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини кўпайтиришга қаратилган, деб ҳисоблайди.

Нуриддин МУРОТОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Сайловчилар билан учрашувларнинг умумий якунлари O`zLiDeP электорати ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларининг тизимли равишда жорий этилишидан ҳаммадан кўп манфаатдор эканини яққол кўрсатмоқда. Чунки бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг батараф этилишига ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунининг янги таҳририда давлат бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар расман эълон қилинганидан кейин 2 кундан кечикмаган муддатда уларнинг расмий веб саҳифаларига жойлаштириши шартлиги белгиланган.
Ушбу меъёрни янада ривожлантириш йўлида Президентимиз «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатга кўра, 2014 йилнинг 1 июнидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган, уларнинг расмий веб саҳифаларида эълон қилинмаган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талаблари бузилиши бўйича жавобгарлик чоралари қўллаш ман этилади. Энди тадбиркорлик субъектлари эълон қилинмаган ҳужжатлар талаблари бузилиши бўйича жавобгар бўлмайди. Бу эса маҳаллий ижроия органлари иши шаффофлигини сезиларли оширади.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнларини оғирлаштириш ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбурият чоралари белгилашни кўзда тутувчи ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман эълон қилингандан камида 3 ой кейин амалга киритилиши мумкинлигига эътибор қаратайлик. O`zLiDeP бу тартиб электоратимиз манфаатларига мос келишига ишонади. Чунки, энди тадбиркорлик фаолиятини қайта мослаштириш ва ўзининг ҳуқуқий мажбуриятларини бузмаслик учун муддат пайдо бўлади. Бу эса, бундан буён бизнесни оғирлаштирувчи кутилмаган янги талаблар жорий этилиши тақиқланишини англатади. 
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солишга оид маълумотларни бир ой муддатда кейинчалик доимий янгилаб бориш шарти билан ўз расмий сайтларига жойлаштириш топшириғи берилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳужжатга кўра, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда давлат органларининг тадбиркорлар билан муносабатлар ўрнатиш воситаси бўлган расмий веб-сайтлари юритилишини назорат қилиш топширилгани эса Ўзбекистонда АКТнинг замонавий ютуқларини жорий этиш масаласига комплекс ёндашилаётганидан дарак беради. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан, жумладан, уларнинг амалиётга жорий этилишининг самарадорлиги борасида бизнесменлар ўртасида мунтазам равишда сўровлар ўтказиш йўли билан тизимли назорат ўрнатиши белгиланган.
Шунингдек, тадбиркорлар мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасида идоралараро махсус ишчи гуруҳ тузилди. Унга бизнес вакилларидан Давлат хизматлари ягона портали орқали келиб тушаётган мурожаатларни қуйи давлат органларига қайта жўнатмасдан кўриб чиқиш юклатилган.
O`zLiDeP давлат раҳбари фармонидаги бу ва бошқа жиҳатлар партиянинг халқ депутатлари Кенгашларидаги ҳар бир депутатлик корпусларидан унинг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтириш, ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатиш масалаларига жиддий аҳамият қаратилишини талаб этади, деб ҳисоблайди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме