03:00 07.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИМКОНИЯТЛАРИМИЗНИ БИРЛАШТИРАДИГАН ПАЙТ КЕЛДИ

O`zLiDeP Навоий вилоят кенгаши партиявий-сиёсий ишларни йўлга қўйиш борасида каттагина тажриба тўплаган. Аммо кейинги икки йилда ушбу масалада сусткашлик ва ўзибўларчиликка йўл қўйилаётгани танқид қилинганди.

Партия вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида танқиддан тегишли хулоса чиқарилиб, аҳволни тубдан яхшилаш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда яқинлашаётган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Аммо бу ҳали хамир учидан патир, холос. Чунки вазиятни ўнглаш учун ҳали кўпгина ишларни амалга оширишга тўғри келади.

— Аввало, вилоят кенгаши мутасаддилари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ва бошқа фаоллар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз лозим, — дейди O`zLiDeP вилоят кенгашининг раиси Яшин Душанов. — Ана шундагина кўзланган мақсадларга эришиш осон кечади. Жумладан, биз Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, вилоят Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси вилоят бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёрдамига таяниб, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтираяпмиз. Бунда асосий эътибор аҳоли кенг қатламлари, хусусан, ёшларда келажакка ишонч, она-юртга садоқат туйғуларини шакллантиришга қаратилмоқда.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Қувондиқ Санақулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Солиев, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари Сабоҳат Раҳимова, Фазлиддин Усмонов, Гулшан Бобоқулова, Шавқиддин Жамолов, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, қолаверса, партия фаолларининг саъй-ҳаракати билан кейинги икки ой давомида Навоий кон-металлургия комбинатининг уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси, тиббий-санитария қисми, «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмаси, вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасалари, шаҳар ва туманларда янги қуйи бўғинларга асос солинди. Натижада БПТлар сони 56 тага етиб, аъзолар сони 1200 нафардан ошди.

Бу, шубҳасиз, вилоятда O`zLiDeP ғоя ва мақсадларига қизиқиш кучайиб бораётганидан яна бир далолатдир. Яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишлари давомида мавжуд 359 та бошланғич ташкилотдан 186 тасига янги етакчи сайлангани партиявий-сиёсий ишларга янада масъулият билан ёндашиш лозимлигини англатади.

Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги муассасаларда ўтказилган очиқ мулоқотлар натижасида O`zLiDeP аъзолари яна 301 нафарга кўпайди. Айниқса, Навоий шаҳридаги тиббий-санитария муассасаларида ўтказилган учрашувлар ҳар томонлама самарали бўлди.

— Бугунгача биз ҳудуддаги деярли барча шаҳар ва туман кенгашларида бўлиб, кўплаб БПТ раислари, партия фаоллари ва электорат вакиллари билан юзма-юз фикрлашдик, — дея сўзини давом эттиради суҳбатдошимиз. — Муҳими, улар томонидан бир қанча асосли таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Мулоқотлар жараёнида мавжуд камчиликларни биргаликда ҳал этишга келишиб олдик. Тарафдорлар сафини кенгайтириш, намунали қуйи бўғинлар тажрибасини оммалаштириш ҳам доимий эътиборимизда бўлади.

Маълумки, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловларни юқори савияда, уюшқоқлик руҳида ўтказиш зиммамиздаги муҳим вазифалардан биридир. Вақт эса тобора кам қолаяпти. Сафимизда элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган фаолларимиз, қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланган мамлакат шуҳратига-шуҳрат қўшаётган тадбиркор ва фермерларимиз қанча кўп бўлса, шунча яхши. Куч ва имкониятларимизни бирлаштирадиган пайт келди. Зеро, сайлов масъулиятли сиёсий имтиҳондир. Ундан қандай ўтиш эса барча қатори партиямиздан кўрсатилган номзодлардан ҳам сиёсий фаоллик ва ишчанликни талаб этади. Ана шундагина эл-юртнинг ишончига сазовор бўлиш мумкин.

                      Мансур АСЛОНОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 5 июнь, 22 (550)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме