18:00 28.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИЛМИЙ-ТЕХНИКАВИЙ ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КООПЕРАЦИЯСИ РИВОЖЛАНАДИ
2014 йил 28 май куни Қашқадарё вилоятида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, иқтисодиёт бошқармаси, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари вакиллари, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, агротехсервислар, тадбиркорлар, фермерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор 2014 йил 15 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларга қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг ушбу қарори мамлакат қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга мўлжалланган ягона техника сиёсатини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган ҳужжат бўлиб, у партия электорати бўлган фермер ва аграр соҳа вакиллари фаолияти самарадорлигини таъминлайди.
O‘zLiDeP Дастурида қишлоқ хўжалигида иқтисодий муносабатлар тизимини ўзгартириш – аграр ислоҳотлар амалга оширилишининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу эса, ердан фойдаланиш тизимини ўзгартириш ва такомиллаштириш, деҳқон ва фермерларнинг ўз меҳнатлари натижаларига бўлган қизиқишини кучайтириш, улар учун зарур моддий-техникавий шароит яратиш ва иқтисодий манфаатдорлигини ошириш масалаларини назарда тутади.
Мамлакатимиз деҳқон ва фермерлари ихтиёрида бўлган 5,5 млн. гектар ерга ишлов бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳосилдорлиги, сифати ва самарадорлиги ҳар томонлама замонавий, қулай, тежамкор техника ва агрегатларга боғлиқлиги ушбу қарорнинг аҳамиятини очиб беради.
Тадбирда таъкидланганидек, энергия ва металл ишлатилишини тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарадиган янги корхоналар ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, холдинг компанияси таркибига кирадиган корхоналар ва республиканинг бошқа корхоналари ўртасида илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги техникасига хизмат кўрсатиш соҳасида ягона сервис сиёсатини амалга ошириш мақсадида акциядорлик жамияти шаклидаги агросаноат машинасозлиги холдинг компанияси (“Ўзагросаноатмашхолдинг”)нинг ташкил этилганлиги айни муддао бўлди.
Энди тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари янги ташкил этиладиган “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” ва “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”да ишлаб чиқарилиб, бу авваламбор, халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга хизмат қилади, мамлакат иқтисодиётини, унинг савиясини, ишлаб чиқараётган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янги, юксак поғонага кўтаради.
Давра суҳбатида қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг республика машина-трактор парклари билан ўзаро яқин ҳамкорлигини кучайтириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш, унга мувофиқ механик-ҳайдовчилар ва механикларни тайёрлаш учун масъул асосий касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини зарур ускуналар, ўқув ва кўргазмали қуроллар билан таъминланиши соҳа ривожида катта аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Айни пайтда, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кооперация алоқаларини, шунингдек, бу борадаги жорий тажрибани кўриб чиқиб, саноат ишлаб чиқаришида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушини янада кўпайтириш, уларнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича ҳали фойдаланилмаган захира ҳамда имкониятлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда O‘zLiDeP фаоллари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда йирик корхоналар ўртасида кооперацион алоқаларни янада кучайтириш, тадбиркорлик фаолияти ва бизнесни кластер шаклида амалга оширишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини шакллантиришнинг узоқ муддатли миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик, парламент назоратини янада кучайтириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Давра суҳбати якунида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда йирик саноат корхоналари кооперациясини ривожлантиришга доир халқаро тажрибаларни ўрганиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масаласида ҳам қатор амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме