16:15 09.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАР САМАРАДОРЛИГИГА ЭЪТИБОР
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳукумат аъзолари ҳамда республика вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш йўналиши доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Интелектуал мулк агентлиги бош директорининг “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган селекция ютуғига патент олишга оид нормаларнинг Бухоро вилоятида ижро этилиши ҳақида”ги Қўмита қарорининг ижроси тўғрисида”ги ахбороти ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази директорининг “Ўзбекистонда интенсив боғдорчилик: мева ва узум маҳсулотлари етиштириш ва уни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган илмий ишланмалар ҳамда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида”ги ахбороти тингланди.
Сўзга чиққанлар таъкидладиларки, мустақиллик йилларида барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, инқирозга қарши чоралар дастури ва унинг доирасида қабул қилинган қарорлар асосида аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, истеъмолчилар талабини мамлакатда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳисобига тўла қондириш, шу билан биргаликда экспорт ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бунда илмий муассасалар фаолиятини кенгайтириш, Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибига кирувчи илмий муассасаларда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар самарадорлигини, соҳага оид қонун хужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, янада ошириш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда ғўза, қоракўл қўйлари, ипак қурти бўйича республикамизда мавжуд генофондлар жаҳоннинг энг бой коллекциялари қаторига кириши алоҳида таъкидланди. Экилаётган ғўза навларининг 83 фоизи, ғалла навларининг 21 фоизи ва сабзавот-полиз экинларининг 66 фоизи илмий муассасаларимиз селекциясига тегишлидир.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳамда шу йил қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида белгиланган устувор йўналишлар ва вазифалар тўла ижросини таъминлаш нуқтаи назаридан, айниқса, илмий-тадқиқот муассасалари илмий-ташкилий фаолиятини янги босқич талабларига мос равишда ташкил этиш, эришилган ижобий ютуқларни янада мустаҳкамлаш ва янгидан-янги амалий натижаларга эришиш лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Ш.Нурматов ахборотида Марказ таркибидаги жами 30 та йўналишда фаолият кўрсатаётган илмий муассасалар олимлари томонидан яратилган ва жорий этилган илмий натижалар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини оширишда қўлланиб келинмоқда.
Масалан,сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида помидорнинг “Юсупов”, қовуннинг “Лаззатли (Мирзачўл)” навлари; боғдорчилик ва узумчиликда узумнинг “Ризамат” навлари, интенсив боғлар учун олманинг “Нафис” нави, қарағат (смародина)нинг “Сюма” ва “Ирода” навлари шулар жумласидандир. Орол денгизи қуриган тубини ўзлаштириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларида терраса усулида боғлар барпо этиш, ўсимликларни касалликлардан биологик усулда ҳимоя қилиш каби бир қатор технологиялар нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этилган.
Қўмитанинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши баҳс-мунозараларга бой бўлди, депутатлар, мутахассислар, олим ва экспертлар, шунингдек амалиётчилар томонидан қатор фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, бугунги кунда суғориладиган ер майдонларининг чегараланганлиги туфайли республикамизнинг тоғ, тоғолди ва лалми ҳудудларида боғдорчиликни ривожлантириш, илмий-тадқиқотларни кучайтириш, соҳани бугунги кунда шаклланаётган тизимга мослаштириш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини ва ўсимликларни касалликлардан ва зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, шу билан бирга илмий-тадқиқот муассасаларининг тажриба хўжаликларини ривожлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Йиғилишда билдирилган амалий таклиф ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда, Қўмитанинг хулоса ва тавсиялари юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме