17:15 17.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЙИЛ ЯКУНЛАРИ НИМАДАН ДАЛОЛАТ БЕРМОҚДА?

Маълумки, O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида тадбиркор ва ишбилармонлар учун қулай бизнес муҳити яратиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар талабини бажаришда ҳокимлик ва бошқа ижро органлари томонидан олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан депутатлик назорати ўрнатиш, ҳар бир масала бўйича депутатлик гуруҳининг аниқ позициясини кўрсатувчи асосли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган
O`zLiDeP 2013 йилда ҳам ана шу масалага алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, бошланғич ташкилотлар ролини кучайтириш, депутатлик гуруҳлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи шулар жумласидандир.

Кези келганда, депутатлик гуруҳлари «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талаблари асосида депутатлик назоратининг энг самарали усулларидан бири бўлган назорат-таҳлил фаолиятига алоҳида эътибор қаратганларини қайд этиш жоиз. Жумладан, ўтган йили депутатлик гуруҳлари томонидан 315 та ана шундай тадбир ўтказилди.

– 2013 йил давомида ижро ҳокимияти идоралари раҳбарлари иштирокида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир 610 та эшитув ўтказилди, – дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори мудири Адҳам Ҳусейнов. 

– Шундан 86 таси қишлоқ хўжалиги, 275 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, 154 таси касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, 95 таси эса бошқа масалаларга бағишланди. Партия Сайловолди платформаси талаблари ҳамда электорат манфаатидан келиб чиқиб, ечимини кутаётган айрим муаммолар маҳаллий кенгашлардаги комиссияларга 645 та таклиф киритилди. Уларнинг 336 таси бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Турли корхона ва ташкилот раҳбарларига эса 2872 та сўров юборилиб, уларга асослантирилган тушунтиришлар олинди. 

Бундан ташқари маҳаллий кенгаш сессияларига жами 315 та таклиф киритилиб, улар асосан ижро ҳокимияти идоралари раҳбарларининг муҳим масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш, амалдаги қонунлар, Давлат дастурлари, маҳаллий кенгашлар томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини ўтганишга қаратилди. Аҳмиятлиси бу таклифларнинг 123 таси  халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари (шундан 42 таси вилоят) сессияларида муҳокама этилди.

Масалан, Самарқанд вилоятидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари 6 та масалани маҳаллий кенгаш сессияларига киритган бўлса, Андижонда мутасадди идоралар раҳбарларининг ахборотини эшитиш бўйича 10 та тадбир ўтказилди. Бу борада халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи бошқаларга ўрнак бўляпти, дейиш мумкин. Улар томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг 3 таси вилоят кенгаши сессияларида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бунга халқ депутатлари вилоят кенгашининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида электорат вакилларининг салмоқли қисмини ташкил этувчи фермерлар фаолиятига алоқадор бўлган сув ва ундан фойдаланиш муносабатлари атрофлича таҳлил қилинганини мисол сифатида келтириш мумкин. 

Пойтахт вилоятида ҳам ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти. Бу жараёнда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иш олиб бораяпти. Хусусан, O’zLiDeP вакиллари томонидан «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг Пискент, Оққўрғон ва Паркент туманларидаги ижроси чуқур ўрганилди.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Анвар Бўриевнинг таъкидлашича, сессия муҳокамасига масала киритишда электорат манфаати нуқтаи назаридан партия дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар асос қилиб олинмоқда.

Қўлга киритилган натижалар ҳақида сўз борганида, депутатлик гуруҳлари фаолиятида учраётган айрим камчиликларга ҳам тўхталиш зарур. Жумладан, қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, ижро этувчи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва ¬муҳокама қилишда баъзи ҳудудлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамон сусткашликка йўл қўяётганлари бор гап. Ўрганишлар натижаси бундай ҳисоботларни эшитиш кўпроқ умумий, яъни танишув ҳолатига эга бўлиб, кўрилаётган масала бўйича депутатлар позицияси аниқ белгилаб олинмаётганидан ҳам далолат беряпти.

Айни пайтда O’zLiDePнинг вакиллик органларидаги депутатлари 2194 нафар бўлиб, бу умумий депутатлик мандатининг 35 фоизини ташкил этади. Маҳаллий кенгашларга сайланган 2143 нафар депутатнинг 330 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, 1548 нафари туманлар ҳамда 265 нафари шаҳар кенгашлари депутатидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар кенгашларида доимий фаолият юритувчи комиссияларнинг 37 тасига O`zLiDeP аъзолари раислик қилмоқда. Туман ва шаҳар кенгашларида эса бу рақам 357 тани ташкил қилади. Маҳаллий кенгашлардаги депутатларнинг 237 нафари маҳалла фуқаролар йиғини раислари, 112 нафари хусусий корхоналар, 282 нафари фермер хўжаликлари, 115 нафари йирик саноат корхоналари, 47 нафари банк мутасаддилари бўлиб, яна 105 нафари тиббиёт, 323 нафари таълим тизими ҳамда 922 нафари бошқа соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.
Масалан, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгашида O’zLiDeP аъзолари кўпчиликни ташкил этса-да, йил давомида доимий комиссиялар йиғилишларига электорат манфаатига тааллуқли бирон бир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқмаган. Хўш, бундан O’zLiDeP Тошкент вилоят ва Чирчиқ шаҳар кенгаши мутасаддилари қандай хулоса чиқардилар?

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан жойлардаги вакилларимизга амалий ёрдам ва тегишли кўрсатмалар бериш изчил йўлга қўйилганига қарамай, Мирзаобод, Булоқбоши, Деҳқонобод, Шеробод, Риштон, Чимбой, Бўка туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида ўтган йили режалаштирилган йиғилишлар ҳам ўтказилмаган. Бундан эса, энг аввало, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Фарғона вилоят кенгашлари ҳамда ана шу ҳудудлардаги партия фаоллари жиддий хулосалар чиқаришлари лозим. 

Бундай натижалар депутатлик гуруҳлари томонидан кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, оилавий бизнесга кенг йўл очиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган масалалар муҳокамасини кучайтиришни тақозо этади. Зеро, партия дастурида белгилаб қўйилганидек, тадбиркор ва ишбилармонлар учун янги имкониятлар эшигини очиш, улар истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳуқуқий ҳимоялаш баробарида электорат вакилларининг эртанги куни ҳақида қайғуриш O’zLiDeP зиммасидаги энг муҳим вазифадир.
Озод РАЖАБОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 15 январь 02 (530)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме