23:30 03.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИФТИХОР

— Бугун нафақат мен, балки бутун оиламиз аъзолари мамлакат қишлоқ хўжалигида бошланган ислоҳотларнинг илк қалдирғочлари бўлганлигимиздан фахрланамиз, — дейди А. Fаффоров. — Ҳаётнинг ўз талаблари бор. Жамоа мулки билан мулкдорлик ўртасидаги фарқ дастлабки йилиёқ сезилган. Ходимларимиз хўжалик аъзолари билан далада ёнма-ён меҳнат қилишса-да, манфаатдорлик ва самарадорлик уларникига қараганда бир мунча юқори бўлган. Бу бизга катта куч ва ғайрат бағишлади. Дастлабки йилиёқ пахта ва ғалладан салкам икки баробар кўп ҳосил олдик. Йил сарҳисоби бўйича «учқун» миллионер хўжаликка айланди.    Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ мамлакатимиз аграр тармоғини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бўлмаса фермерлик соҳасига бу каби илғор, замонавий техника ва технологиялар кириб келармиди? Тўғри, аввалига  фаолиятимиз қийин кечди. Ерларни экишга тайёрлаш, ишлов беришда техникадан танқислик сезилар, мулкдан фойдаланишда тўла эркинлик етишмас эди.Бугун-чи, бутунлай ўзгача манзара. Тармоқда мулкнинг ҳуқуқий дахлсизлиги таъминланган. Фермерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, улар етиштирган маҳсулотлар давлат баҳосида харид қилинмоқда. Юқорида айтганимдек, хўжалигимиз ташкил этилганида бирорта техникамиз йўқ эди. Олинган даромадлар ҳисобига қисқа муддатда ҳар турдаги қишлоқ хўжалик техникалари, автомобилларга эга бўлдик. Меҳнат ва изланиш эвазига моддий манфаатдорлик тобора ортиб бормоқда. Бултур пахта ва ғалладан 150 миллион сўмдан ортиқ даромад олган эдик. Жорий йилда 60 гектардаги ғаллазордан 300 тоннага яқин дон ҳосили етиштирдик. Келгусидаги режаларимиз янада катта. — Буларнинг барчаси, аввало, фермерлик ҳаракати давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани самараси, демоқчисиз-да?Ҳа, шундай. Президентимизнинг яқинда Сурхондарё вилоятига сафарлари чоғида ушбу вилоят фермерлари билан суҳбатларини эшитиб, кўнглим тоғдай кўтарилди. Айтинг, ахир, қайси давлат раҳбари деҳқонни шунчалик эъзозлайди? Шу эмасми бизга берилган имтиёзу, имкониятлар ҳосиласи? Бугун фермерларимиз учун барча эшиклар очиқ. Қўлларини қаерга чўзишса, бемалол етади. Даромад тўғрисида гап очсангиз, 30-40 эмас, балки 100-200 миллиондан гап очишади. Улар нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам ўз маҳсулотларини олиб чиқишмоқда. Илгари буни тасаввур қилиб бўлармиди? Йўқ, албатта. Абдуқаҳҳор ака билан суҳбатлашар эканмиз, қишлоқ мулкдорларининг бугунги мавқеи, иқтидорини яна бир карра ҳис этдик. У саховат йўлида қилинган хайрли ишлар ҳақида гапиришни ўзича эп кўрмади. Ваҳоланки, айтса арзийдиган гаплар кўп. — Биласизми, тадбиркор доимо изланишда бўлиши керак, — дейди у. — Фақат бойлик орттиришга интилиш яхшиликка олиб келмайди. Мен O’zLiDePнинг бир аъзоси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати  сифатида партиямиз дастурида кўзда тутилган талаблар асосида иш кўраман. Қишлоғимизда ҳар йили камида 10 та янги иш ўрни ташкил этаяпмиз. Касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларини тугатиб келган ёшлар бундан хурсанд. Бугунги фермерлар янги, замонавий техника воситалари билан таъминланган. Даладами, уйдами уяли алоқа воситасида дунёнинг тўрт бурчаги билан бемалол гаплашишади, интернетдан фойдаланишади. Айниқса, ҳар йили мамлакатимизда 2-3 бор минитехнологиялар кўргазмалари ташкил этилаётгани улар учун қўл келмоқда. Халқимиз бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деб бежиз айтмаган. Шундай экан, тинч ва осойишта, эркин ва мустақил юртда яшаётганимизга ҳар қанча шукрона қилсак арзийди. Суҳбатдошимизнинг сўзлари фикримизга яна бир далилдир. 
Зиёдулла МЎМИНОВ
,“XXI asr” ижтимоий-сиёсийгазетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме