03:30 02.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Йўловчи ташиш учун лицензиянгиз борми?
Ишлаб чиқариш ресурслари, молия институтлари ва ишчи кучи бозорини ҳар томонлама либераллаштириш O’zLiDeP сайловолди дастурида белгилаб қўйилган устувор йўналишлардан биридир. Шунинг учун ҳам партиямиз фаоллари кўп укладли иқтисодиётда хусусий мулкнинг етакчи роль уйнашини эътироф этган ҳолда мулкдорлар ҳуқуқини ҳимоя этиш борасида изчил ишларни амалга ошириб келмоқда. Ана шундай фаолият самараси ўлароқ бугунги кунда юртимизда эркин бозор муносабатларини ривожлантириш, бу йўлдаги турли тўсиқ ва ғовлар олиб ташлаш, тадбиркорлар имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Натижада мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва одамлар турмуш фаровонлигининг тобора ошиб бориши кузатилмоқда. Маълумки, ўзига хос қон томирларига ўхшатиладиган транспорт-коммуникация тармоғида замон талабларига жавоб берадиган бозор тамойилларини жорий этмасдан иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини рвожлантириш жуда мушкул. Шу маънода, катта шаҳарларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш нечоғли долзарб вазифа эканлигини, бу тармоқ иқтисодиётнинг барча йўналишлари билан чамбарчас боғлиқлигини кўз олдимизга келтириш қийин эмас. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб республикамизда транспорт-коммуникация тизимини тараққий эттириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳам шундан. Ўтган вақт давомида соҳада босқичма-босқич бозор тамойиллари шакллантирилиб, монополиянинг олдини олиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш асосий вазифа қилиб қўйилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори соҳа фаолиятини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этмоқда.Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида айнан мана шу қарорнинг қандай ижро этилаётгани юзасидан Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Жиззах вилоят бўлими бошлиғи Илҳом Боқиевнинг ахбороти тингланди.Депутатларга ҳисоб берар экан, маърузачи агентликнинг асосий вазифаларидан бири вилоят транспорт фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг эгаларига тегишли лицензия беришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳайдовчини ҳар куни эрталаб йўлга чиқишдан олдин тиббий, автоуловларни эса техник кўрикдан ўтказишни назорат қилиш ҳам ушбу муассаса зиммасидаги вазифалар сирасига киради.Ҳозирги кунда «Ўзавтодарётранс» агентлиги Жиззах вилоят бўлими таркибида 105 та уюшма фаолият юритаётган бўлиб, уларда жами 1200 та автомашина мавжуд. Шундан 870 таси Жиззах шаҳридаги йўналишлар бўйлаб ҳаракат қилади. Лекин O`zLiDeP аъзоларининг айтишича, шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатаётган барча транспорт воситалари, айниқса, талайгина микроавтобуслар тегишли лицензияга эга бўлмасдан фаолият кўрсатмоқда.– Кези келганда, яна бир жиҳатга диққатингизни жалб қилмоқчиман, – деди вилоят кенгаши депутати Парда Зиётов. – У ҳам бўлса, ана шу ноқонуний фаолият олиб бораётган микроавтобус ҳайдовчиларининг автобус бекатларини тўсиб қўйиши ва йўловчиларга ноқулайлик туғдираётганидир. Таклифим – агентлик ходимлари ва депутатлардан иборат махсус ишчи гуруҳи тузиб, лицензиясиз ишлаётганларни қонуний фаолиятга ўтказиш учун тарғиботни кучайтириш керак.– Агентликда бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Илҳом Боқиев. – Ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига қатъий риоя этиши, уларнинг ўзини тутиши, ахлоқ-одоби бўйича аниқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Кўча-кўйда ана шундай ҳолатлар юз берганида бизни бохабар қилиш учун агентлигимизда ишонч телефонлари ташкил этилган. Бундан ташқари, 1990 йилгача ишлаб чиқарилган микроавтобуслар қатновига чек қўйиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Маънан эскирган транспорт воситаларининг ўрнини тўлдириш учун эса лизинг компанияси билан шартнома тузган ҳолда агентлик тизимидаги 3 та ташкилот томонидан вилоятимизга 75 та ISUZU русумли автобус олиб келинадиган бўлди.– Депутатлик гуруҳи йиғилиши кун тартибига айнан шу масаланинг киритилиши бежиз эмас, – дейди O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нурали Раимов. – Чунки нафақат тадбиркорлик фаолияти, балки бутун вилоят иқтисодиёти тармоқлари транспорт хизмати бевосита боғланган. Ташкил қилинган йиғилишнинг асосий мақсади эса вилоятда сифатли транспорт хизматини йўлга қўйишнинг бугунги кундаги ҳолатини чуқур таҳлил қилиш орқали мавжуд муаммоларга ечим топишдан иборатдир. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидай ноқонуний ишлаётган микроавтобуслар партиямиз электорати бўлган табиркорларимиз эмин-эркин фаолият кўрсатишига ҳалақит бераяпти.Йиғилишда юқорида қайд этилган муаммолар юзасидан «Ўзавтодарётранс» агентлиги вилоят бўлими ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши таъкидланиб, барча ҳужжатлар тўпланганидан сўнг мазкур масала вилоят кенгаши сессияси кун тартибига киритиш ҳақида депутатлик гуруҳининг қарор қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме