19:15 22.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ: ҚОНУНЧИЛИКДА ЎЗГАРИШЛАР
Одилжон АШИРОВ,Олий Мажлис Қонунчиликпалатаси депутати
Ҳар бир давлат тараққиётида транспорт-коммуникация инфратузилмаси катта роль ўйнайди. Шу боисдан мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг муҳим бир йўналиши ушбу соҳа салоҳиятини оширишга, унинг моддий-техник ҳамда ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган. Маълумки, автомобиллар жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб, одамлар узоғини яқин, мушкулини осон қилувчи қулай воситадир. Зеро, сўнгги ўн йил очида республикамиз йўлларида ҳаракатланадиган енгил автомашиналар сони деярли бир ярим баробарга ошди. Бу, ўз навбатида, кучли транспорт оқимини юзага келтириб, йўл ҳаракати тизимининг ўтказувчанлик қувватини кенгайтиришни тақозо этади. Шу муносабат билан республикамизда йўл ҳаракати хавфсизлигини янада мустаҳкам таъминлашга йўналтирилган қонунчиликни такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда яқинда кучга кирган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун бу борадаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаш мумкин. Зеро, 1999 йилдан буён амал қилиб келган мазкур қонунга ҳозирги давр талабидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонунда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда мулкининг муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, атроф-муҳит ҳимояси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўриладиган тадбирларнинг устуворлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятнинг тизимлилиги ушбу жараённинг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда кенг жамоатчиликнинг ўрни ва роли тобора ошиб бормоқда. Мазкур жиҳат алоҳида инобатга олиниб, қонунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг иштироки ўз ифодасини топган. Қонун нормасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, махсус ваколатли давлат органларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги тадбирларни ўтказишда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ушбу ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш, йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кўриш жараёнида иштирок этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қарорларнинг ишлаб чиқилишида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этишга ҳақлидир. Бу эса, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириб, жамоатчилик назорати фаолиятининг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.Қонунда йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашга доир талабларнинг акс эттирилгани алоҳида эътирофга моликдир. Зеро, қонунга кўра, бу каби ишлар йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши керак. Хусусан, лойиҳалаш босқичида йўлларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги учун жавобгарлик лойиҳани бажарувчи, қуриши ва реконструкция қилиш босқичларида эса ушбу ишларни бажарувчи, йўлларни таъмирлаш ва сақлашда уларнинг ҳолати йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича мажбурият мазкур йўллар қайси юридик ёки жисмоний шахс тасарруфида бўлса, шулар зиммасига юклатилди. Ўз навбатида, қонунда тасарруфида йўллар мавжуд бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги оқибатида пайдо бўлган ноқулай йўл шароити туфайли йўл ҳаракати қатнашчиларига ва транспорт воситасига етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур шахслар томонидан қопланиши кераклиги белгиланган. Қонунда бундан ташқари, йўл ҳаракати иштирокчилари талабларини тўлиқ қондириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларни сервис объектлари билан жиҳозлаш шартлари ҳам кўрсатилган. Чунончи, тасарруфида йўллар мавжуд бўлган юридик ва жисмоний шахслар йўлларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг эҳтиёжларини қаноатлантириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сервис объектларининг ишини ташкил этиш, бундай объектларнинг мавжудлиги ҳамда бу йўлларга яқин ерда соғлиқни сақлаш ва алоқа муассасаларининг жойлашгани ҳақида йўл ҳаракати иштирокчиларига ахборот бериши лозимлиги шулар жумласидандир. Шунингдек, қонунда йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган. Жумладан, йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, йўлларда эркин ва монеликсиз ҳаракатланиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўз ҳуқуқларининг чекланиши ёки бузилиши сабаблари тўғрисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олиш, ҳаракатланишнинг хавфсиз шароитлари тўғрисида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ маҳсулотлар ва хизматлар сифати ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш, йўл белгилари, чизиқлари ҳамда светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан, йўл қопламасининг ҳолати ҳақидаги таклифлар билан тегишли органларга мурожаат этиш кабилар йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқлари сифатида қайд этилган. Қонунда транспорт воситаларидан фойдаланишга дахлдор фаолият тури билан шуғулланувчи юридик шахсларга қўйилган талаблар янада аниқлаштирилган тарзда ифодаланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур юридик шахслар ўзига тегишли транспорт воситалари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг сабабларини таҳлил қилиши ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кўриши керак. Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини жалб этган ҳолда ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикларини, ҳайдовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини такомиллаштиришга доир тадбирларни ташкил этиши ва ўтказиши зарур. Фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятнинг бажарилишини, транспорт воситаларининг бут сақланишини таъминлаши даркор. Бундан ташқари, фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг ходимларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, уларнинг билимларини текшириш ҳақида ҳам алоҳида моддалар қонундан ўрин олган. Хуллас, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш шароитларини янада яхшилаш, соҳада фаолият юритадиган юридик ва жисмоний шахслар масъулиятини кучайтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кенг кўламда таъминлаш самарадорлигини ошириш омили бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
“Биржа” иқтисодий газета№57-сон
Обсудить новость на Форуме