23:15 27.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ – ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Денов туманида “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорликка янада кўпроқ эркинлик бериш – иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг асосидир” мавзуида амалий мулоқот ўтказилди.
Тадбирда яқинда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва унинг ижроси доирасида қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорда белгилаб берилган вазифаларга асосий эътибор қаратилди.
– Бу ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар яратиш орқали мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган навбатдаги муҳим қадамдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. – Партиямиз электоратининг туб манфаатлари ҳимоясига қаратилган ушбу ҳужжатлардаги янги тартиботга кўра, ўз вақтида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаётган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари ва рентабеллилигини таъминлаётган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятида солиқ текширувларини ўтказиш бўйича мораторий 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилган. Бу эса, мамлакатимиз раҳбариятининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бўлган кучли эътиборини, иқтисодий муносабатларни либераллаштиришга оид чора-тадбирлар самарадорлигини намоён этади.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Рўзиевнинг айтишича, Президент қарорига биноан 2014 йил 1 июндан 22 турдаги тадбиркорлик соҳасидаги рухсат бериш тартиботлари бекор қилинади. 21 турдаги лицензия ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ўртача 2,1 марта қисқартирилади. 11 турдаги лицензияланадиган фаолият турларини расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар миқдори ўртача 4 баробарга камайтирилади ва ҳоказо. Бу имтиёзлар жуда катта маблағларнинг тадбиркорлар фойдаси учун иқтисод қилинишига олиб келади. Натижада соҳани янада ривожлантириш, техник ва технологик жиҳатдан янада такомиллаштириш имкони пайдо бўлади.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “Тадбиркорлик субъектининг кабинети” яратилади. У орқали тадбиркорлик субъектлари молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш, маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Тадбирда Президентимиз томонидан имзоланган мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
O‘zLiDeP электорати манфаатларига тўла жавоб берадиган ушбу ҳужжатлар мамлакат иқтисодий тараққиётига, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме