15:30 12.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРИНИНГ АХБОРОТИ ЭШИТИЛДИ
Жорий йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг “2012 йил Инвестиция дастурига киритилган муҳим стратегик лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари дастури, шунингдек ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатидан қайта жиҳозлаш тармоқ дастурлари амалга оширилишининг бориши” мавзуидаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг ахбороти эшитилди. Йиғилишда таъкидландики, мамлакатимизда инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишда замонавий юқори технологияга асосланган асбоб-ускуна ва технологияларни жорий этиш орқали рақобатбардош маҳсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқариш, мавжуд хом-ашёларни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришда хорижий инвестициялар иштирокини таъминлаш, биринчи галда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил учун инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожланишини амалга оширишга пухта замин яратди. Йиғилишда мамлакатимизда инвесторлар учун қулай инвестицион муҳит ҳамда имтиёзлар яратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Натижада иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган капитал қўйилмалар ҳажми сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2012 йилда барча манбалар ҳисобидан 22,1 трлн. сўм миқдорида капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Қайта ишлаб чиқариш тармоғида янги қурилишга йўналтириладиган капитал қўйилмалар салмоғи 2011 йилга нисбатан 53,3 фоиздан 54,2 фоизгача ўсди. Инвестицияларнинг қарийб 35,1 фоизи замонавий, юксак самарали асбоб-ускуналар харид қилишга йўналтирилди. Шунингдек, иштирокчилар, 2011-2015 йилларда саноатни ривожлантириш дастур, 2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш дастури, рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ва ўзлаштириш ҳажмини кенгайтириш дастурлари ҳамда 2012 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурлари доирасида 290 та объектлар ишга туширилганлигига эътибор қаратдилар. Хусусан, Навоий иссиқлик электр станциясида 478 мегавольт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмаси, «Шўртаннефтегаз» унитар шўъба корхонасида пропанбутан аралашмаси қоришмаси асосида йилиги 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган қурилма, Муборак газни қайта ишлаш заводида 258 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна конденсат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводнинг биринчи навбати, Самарканд вилоятида юк автомобиллари ва компонентларини ишлаб чиқариш мажмуаси (2-босқичи), Навоий вилоятида «Ўз-Кор Силикон» қўшма корхонаси томонидан техник кремний ишлаб чиқариш, «GM Ўзбекистон» қўшма корхонасида янги русумдаги «Шевроле-Кобальт» автомобилини ишлаб чиқариш, LCD телевизорларини ишлаб чиқариш, «Шовот текстиль» масъулияти чекланган жамияти негизидаги ип-калава ишлаб чиқариши корхоналар шулар жумласидандир. Шу билан бирга Навоий эркин индустриал иқтисодий зонасининг ҳудудида янги ташкил этилган корхоналарда рақамли ТВ-тюнерлар, электр тежамкор лампалар, ёритиш мосламалари, светодиод лампалари, модемлар, косметика буюмлари ишлаб чикарилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан «Ангрен» махсус индустриал зонаси ташкил қилиниб, ушбу ҳудудда 22 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Хусусан, 2013 йилда 8 та лойиҳа бўйича объектларни ишга тушириш кўзда тутилган ва ҳоказо. Қўмита шунингдек 2012 йилда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Инвестиция дастурига киритилган бир қатор лойиҳаларнинг ижроси кечикаётганлиги, айрим давлат ва хўжалик органлари ўз вазифаларини бажаришда сусткашликка йўл қўяётганлиги ҳолатлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, муайян инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, уларни дастурларга киритишда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини ўрганиш жараёнида вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини таҳлилий таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлиги етарли эмаслиги, натижада иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқлиги туфайли 12 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мазкур босқичда тўхтатилган. Шунингдек, айрим инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларининг талаблари етарли даражада ҳисобга олинмаганлиги, тендер ҳужжатларини етарли даражада синчиклаб ишлаб чиқилмаслиги ҳоллари ҳам учрамоқдаки, бу экспертизага киритилаётган ҳужжатлар маромига етказилиши учун қайтариб юборилишига олиб келмоқда. Ишларнинг бундай аҳволи тендерларни ўтказиш муддатларига, бўлажак қатнашчиларнинг моддий харажатлари кўпайишига таъсир кўрсатмоқда. Масалан, ҳар бирининг қуввати 450 МВТ бўлган иккита буғ- газ қурилмасини барпо этиш орқали Толлимаржон ИЭСни кенгайтириш инвестиция лойиҳаси бўйича тендер савдолари ўз вақтида ўтказилмаган. Буларнинг барчаси капитал маблағларни ўз вақтида ўзлаштиришга ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга таъсир кўрсатмоқда, бўлажак шериклар билан лойиҳаларнинг техник, юридик, молиявий ва бошқа кўрсаткичларини келишиб олиш масалаларини қийинлаштирмоқда. Қўмита дастурларни ўз вақтида амалга ошириш, соҳага оид қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида ваколатли органларнинг маъсулиятини кучайтириш, уларнинг ҳамкорлигини янада ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди. Жумладан, дастурларнинг ижро механизмларини такомиллаштириш, ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини кўчайтириш, мутахассисларни тайёрлаш, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тавсияларни берилди. Қўмита йиғилиши кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме