20:30 20.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИК-ФАОЛ ФАОЛИЯТ АСОСИ УНИ ТАЪМИНЛАШДА ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ ҲАМ МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ
Фахриддин КОМИЛОВ,Абдухолиқ ЖАББОРОВ,Ўзбекистан Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатаси депутатлари
Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш мақсадида тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, иқтисодий асосларини кучайтиришга доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Олиб борилган кенг ислоҳотлар туфайли соҳадаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга муваффақ бўлинди.
Айниқса, Ўзбекистан Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисидаги” Қонуни қабул қилиниши натижасида фермер хўжаликларига тааллуқли қатор ҳуқуқий масалалар ечими топилди. Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган “Фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштирилиши ва уни ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистан Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг мақсади ҳам Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳаси асосида фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Фермер хўжалиги тўғрисидаги” Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиш киритилмоқда. Унга кўра, фермер хўжалиги бошлиғи томонидан фаолият юритиш мақсадида ер участкаси олиш учун ўтказиладиган очиқ танлов жараёнида кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари фермер хўжалигининг устав фондига мажбурий тарзда киритилади.
Устав фондини шакллантириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида киритилаётган ушбу норма фермер хўжаликларининг даромадини ошириш, айланма маблағларини кўпайтириш, захира ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, кредит ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида муҳим омил бўлади. Яна бир эътиборли жиҳати, таклиф этилаётган нормада устав фондининг минимал ёки максимал миқдори белгиланмаган. Сабаби, ер участкаси олиш пайтидаги очик танловда турли миқдордаги мол-мулк, техника ва пул маблағлари кўрсатилиши мумкин. Демак, бу ҳолатда ким моддий жиҳатдан устун булса, очик танловда ютиб чиқади. Шу боис, қонун лойиҳасида устав фондининг кўп ёки кам микдорини қатъий белгилаб бўлмайди.
Амалдаги Қонуннинг 18-моддасига кўра, фермер ўз хўжалигининг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш масаласини мустақил равишда ҳал этади. Бу борада фермер хўжалиги бошлиғи қарори асос бўлиб хизмат қилади.
Янги қонун лойиҳасининг муҳим томонларидан яна бири — очиқ танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари бир йил давомида фермер хўжалигининг устав фондига мажбурий тарзда киритилишидир. Бунга сабаб, айрим ҳолатларда фермерлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаролар ўзининг мол-мулки ва техникаси бўлмасада, уларни вақтинча ижарага олиб ёки бошқача кўринишда очиқ танловда иштирок этишиб, ютиб кетишмокда. Фаолият юритиш даврига келганда эса мол-мулки ва техникаси бўлмаганлиги учун агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришга қийналишмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида мазкур қонуннинг 32-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ очиқ танловда кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари бир йил мобайнида фермер хўжалигининг устав фондига киритилмаса, бу ҳолат фермер хўжалигини тугатишга асос бўлади. Албатта, бу ерда фермер хўжаликлари томонидан очиқ танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулклар устав фондига киритилганидан кейин хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан бажарилган хизматларга тўланмаган тақдирда, банкларга инкасса қўйиш йўли орқали ушбу мол-мулклар олиб қўйилмайдими, деган савол тўғилиши мумкин. Бу борада бир нарсага эътибор қаратишимиз керак-ки, бу ерда мол-мулк ва техникаларнинг қиймати ҳисобланиб, пассив фонд сифатида фермер хўжалигига кирим қилинади.
Агар фермер хўжалиги очиқ танловда пул маблағларини кўрсатган бўлса, албатта, бу маблағлар актив фонд сифатида кирим қилинади. Мазкур маблағларни эса ўғит сотиб олиш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизматларига ҳақ тўлаш ва бошқа ҳаражатларга ихтиёрий ишлатиш мумкин. Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ҳақлари тўланмаган тақдирда, албатта, бу ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ўз ҳақларини ундириб олишга ҳақлидирлар.
Фермер хўжалигига пассив фонд сифатида киритилган мол-мулк ва техникалар хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан инкасса қўйиб олиб қўйилиши мумкин эмас. Бу мулкларни фермер хўжалигидан олиб қўйиш учун факат суднинг қарори керак бўлади. Бундан кўринадики, устав фондини кўпайтириш фақатгина фермер хўжалигининг иқтисодий аҳволини мустаҳкамлаш, имкониятларини кенгайтиришга хизмат килади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш, улар учун қўшимча шароитлар яратиш имконини беради. “Қишлоқ ҳаёти” газетаси2013 йил 12 июль, 85(8166)-сон
Обсудить новость на Форуме