23:15 26.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ИҚТИДОРЛИ ЁШ ОЛИМ ВА ТАДҚИҚОТЧИЛАРНИНГ ИЛМ ЙЎЛИДАГИ ИЗЛАНИШЛАРИГА КАТТА ЭЪТИБОР

Жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Қорақалпоқ давлат университетида “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуида ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжумани орқали нафақат ўз илмий изланишларимизни намойиш этдик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келган иштирокчилар билан ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдик. 

Мазкур танловда “Кичик бизнес ва хусусий ишбилармонлик – обод турмуш гарови” мавзусидаги илмий мақолам билан иштирок этдим ва биринчи ўринга муносиб деб топилдим. O’zLiDeP томонидан ўтказилган ушбу танлов бизнинг ҳам назарий ҳам амалий билимларимизни янада бойитишга, катта тажриба алмашишга яқиндан кўмак бермоқда десам, янглишмаган бўламан.  

 Бундай дейишимнинг боиси, ўтган йили ноябрь ойида  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган “Давлат ва жамият ҳаётининг ҳозирги босқичида мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларининг долзарб масалалари” мавзуида Республика илмий-амалий анжуманида “Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг амалий самаралари”  йўналиши бўйича ҳам биринчи ўринга муносиб кўрилган эдим. Бу танлов менга жуда кўтаринки кайфият бағишлади. Чунки унда иккинчи бор ғолибликни қўлга киритдим. 

Илмий ишимда Қорақалпоғистон Республикаси кичик бизнес корхоналари маҳсулот ҳажми иқтисодиёт тармоқлари бўйича таҳлил қилинган.  

Илмий ишимни тақдимот қилишим  давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик нафақат иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини жадаллаштиришда, балки мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларини ҳал этишда ҳам етакчи ўрин тут¬ишини илмий ва амалий асосда исботлашга уриниб кўрдим. Ва уни уддасидан чиқишга муваффақ бўлдим, дея олишимга қайсидир маънода асосим ҳам бор. Шунингдек, тадбир давомида бошқа ҳамкасб ва тенгқурларим томонидан тақдим этилган илмий ишлар билан яқиндан танишишга тўғри келди. Шу аснода илмий изланишларимни уларнинг олиб борган ишлари билан таққослаб кўрдим. Ана шу таққослаш орқали ўзимнинг шахсий хулосаларимни чиқардим. Йўл қўйган камчиликларимни тузатишга ҳаракат қилдим, билмаганларимни ўргандим, ўрнак олишим керак бўлган илмий ишлар орқали қилишим лозим бўлган ишларни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Демоқчи бўлганим, буларнинг барчасида O’zLiDePнинг ўтказаётган мана шу тадбири муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ёш олимлар бир-бири билан тажриба алмашишга катта имконият яратиб бераётгани учун O’zLiDePга барча иштирокчилар номидан юксак миннатдорчилигимни билдираман. Бир сўз билан айтганда ушбу лойиҳа биз каби ёшларга аниқ мезонлар асосида илмий изланишларимизни давом эттиришга туртки берди.

Анжуманда гувоҳ бўлдимки, юртимизда иқтидорли ва изланувчан ёш олимлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Тадбир давомида улар томонидан тақдим этилган илмий ишлар билан яқиндан танишиб, ўз изланишларимга таққослаб кўрдим. Экспертлар томонидан берилган маслаҳатлар келгусида илмий изланишларимни янада пухта ва мукаммал давом эттиришга туртки беради. Бундай анжуманларнинг тез-тез ўтказилиши эса ёшларни илм йўлида улкан муваффақиятлар сари ундайди.  

O‘zLiDeP Дастурида назарда тутилган устувор вазифалардан бири – ёш олимларни илмий тадқиқот, ижодиёт ва бунёдкорлик фаолиятига кенг жалб этиш, давлат ва жамият ривожининг турли тармоқларида ёш мутахассислар иштирокини таъминлаш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун имконият яратиш, юқори малакали, мустақил ижодий фикрлайдиган етук кадрлар сифатида шаклланишига кўмак беришдир. Шундай экан, биз ёш олимлар партия томонидан яратиб берилаётган бундай катта имкониятлардан унумли фойдаланишимиз лозим. 
Б.Кусекеев,Бердак номидаги Қорақалпоқ давлат университети ёш олими 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме