20:15 19.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳимояси таъминланди

«Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун жойларда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган  энг муҳим қонунлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш» Концепцияси хусусий мулк ҳимоясини таъминлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу муҳим ҳужжатда хусусий мулкни янада ишончли ҳимоялаш борасидаги долзарб вазифалар белгиланиб, унинг ҳуқуқий ҳимoясини мустaҳкaмлaш, мулкдoрнинг қoнуний йўл билaн қўлгa киритгaн ёки ярaтгaн мулки дaxлсизлигини тaъминлaйдигaн кaфoлaтлaр тизимини ярaтиш долзарб вазифа экани тўғрисидаги ғоя илгари сурилди. Маълумки, ушбу қонун кучга киргунга қадар мулк ҳуқуқини тугатиш ва мулкни олиб қўйиш ҳолатларида уни бозор баҳосида компенсация қилиш масаласи қонун ҳужжатларида етарли даражада тартибга солинмаган эди. Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларида бир-бирига зид нормалар бўлиб, улар мулк ҳуқуқининг кўплаб принципиал жиҳатларини ҳал қилишда у ёки бу давлат органи мансабдорларининг  хоҳиш-истагига  боғлиқ ҳолда амалга ошириларди.Жумладан, давлат эҳтиёжлари учун кўчмас мулкни олиб қўйиш ҳуқуқий жиҳатдан аниқ тартибга солинмагани боис жойларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан давлат эҳтиёжлари учун кўчмас мулкни олиб қўйишда мулк ҳуқуқига риоя этиш кафолатларига тўла риоя этилмасди.Таҳлилларга эътибор берсак: кейинги уч йил мобайнида фуқаролик ва хўжалик судлари томонидан хусусий мулк эгалари ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилиши ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ 63816 та даъво аризасининг 74 фоизи қаноатлантирилгани, 2008-2010 йилларда хўжалик судлари томонидан давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан 2342 та иш кўрилиб, уларнинг 45 фоизи қаноатлантирилгани хусусий мулкнинг ҳуқуқий кафолатини янада кучайтириш лозимлигидан далолат берар эди.Янги қонун қонунчиликдаги ана шундай камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш имконини берди. Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири шуки, у хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини  таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи нормаларни тизимли равишда ўзида акс эттиради. Таъкидлаш керакки, ушбу қонун АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари тажрибаси ўрганилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумий тамойил ва нормалари инобатга олинган ҳолда тайёрланди ва қабул қилинди.Қонуннинг 1-боб 7-моддасига мувофиқ, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади ва хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди.Шу ўринда янги қонунда хусусий мулк дахлсизлиги, миқдори ва қийматининг чекланишига йўл қўйилмаслиги, мулкдорларнинг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги, мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишга йўл қўйилмаслиги, хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашуви ҳамда хусусий мулкни олиб қўйишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги, бузилган мулк ҳуқуқининг тикланиши каби масалаларнинг аниқ механизмлари кўрсатиб берилган. Қонуннинг 13-моддасида эса мулкдорнинг хўжалик фаолиятига, пировард натижада  унинг мол-мулки тортиб олинишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қиладиган қонунга хилоф равишдаги аралашувлар ҳам қатъий тақиқланиши белгилаб қўйилди.Шу ўринда қонун билан хусусий мулк муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжати мулкдорнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштирган ёки мулкдорга қўшимча мажбуриятлар юклаган тақдирда орқага қайтиш кучига эга эмаслиги мустаҳкамланди. Қонуннинг энг муҳим прогрессив жиҳати сифатида унда хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилиниши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоиданинг унда қатъий мустаҳкамлангани бежиз қайд этилмаяпти. Гап шундаки, бу норма дунё мамлакатлари қонун ҳужжатларида учрамайдиган ва хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкам кафолатлашга қаратилган ўзига хос «қалқон» бўлиб, унга биноан хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд томонидан ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмайди.Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати бу — ер участкасини олиб қўйиш ҳамда уй, бошқа иморатлар, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек, турар-жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларни батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинишидир. Шунингдек, қонунда олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулкнинг қийматига таъсир кўрсатган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунга қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади. Хулоса қилиб айтганда, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун  хусусий мулкни ҳимоялаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш соҳасидаги асосий тамойиллар ва қоидаларни мустаҳкамловчи муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди. Шу боис унда Конституциямизда белгиланган энг муҳим тамойил – хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашнинг асосий механизмлари белгилаб қўйилди.Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши иқтисодиётда хусусий мулкнинг муомалада бўлиши учун  самарали ва қулай шароитлар яратади, тадбиркорлик ташаббускорлиги ва меҳнатдан манфаатдорликни рағбатлантиради, мулкдорнинг ўз фаровонлигини ошириш йўлидаги тадбиркорлик фаолиятини кафолатлайди, бу эса, ўз навбатида, жамият ва давлатнинг истиқболда  жадал тараққий этишига хизмат қилади.

"XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме