12:15 03.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Хусусий мулк – дахлсиз, мулк ҳуқуқи – муддатсиз
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кейинги уч йил мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан хусусий мулк ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ 26 мингдан ортиқ даъволарнинг 66 фоизи, яъни 17 минг 414 таси тадбиркорлар фойдасига хал этилди.
Хўжалик судлари томонидан эса ана шу давр оралиғида тадбиркорлик субъектлари хуқуқларининг бузилишига оид 37 мингдан зиёд даъволар кўриб чиқилган, уларнинг қарийб 80 фоизи ёки 29772 таси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.
O`zLiDeP фракцияси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иктисодий ислоҳотлар қумитаси ҳамкорлигида ташкил этилган, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, иқтисодчи ва ҳуқуқшунос олимлар, тадбиркор ва фермерлар қатнашган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш» мавзуидаги семинарда ушбу рақамлар алоҳида тилга олинди.
— Ҳозирги кунда бозор иқсодиётининг таянч нуқтаси бўлган хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлайдиган базавий қонунларга кучли эҳтиёж сезилмоқда, — деди қўмита раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Бахтиёр Иминов. — Шу боис давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш, мулкдорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги семинардан кўзда тутилган мақсад ҳам мутахассислар иштирокида «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар хуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг концептуал асосларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилишдан иборатдир.
Семинар иштирокчилари хусусий мулк дахлсизлигини таъминлайдиган, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари оқибатида тадбиркорларга етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳукуқини мустаҳкамловчи юридик кафолатлар тизимининг самараси ҳақида фикр юритдилар.
— Хусусий мулк ва мулкий муносабатлар хусусида сўз борар экан, бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим, — деди Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қумитаси раиси ўринбосари Сайфиддин Ғаффоров. — Бугунги кунда мулкий ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ёки айрим ҳолатларда мулкнинг олиб қўйилиши муносабати билан уни адолатли компенсациялаш, кўчмас мулкни давлат ихтиёрига ўтказиш билан боғлиқ ҳукуқий механизмлар амалдаги қонунларда аниқ-тиниқ тартибга солинмаган. Натижада мулкий хукуқларга оид масалаларни амалдаги қонунчилик асосида эмас, балки турли идоравий ҳужжатлар ёрдамида ҳал этишга тўғри келмоқда. Ваҳоланки, хукуқий демократик жамиятда ҳар қандай иш амалдаги қонунчилик асосида ҳал этилиши лозим.
Адлия вазирлиги масъул ходими Сарвар Арипов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида хусусий мулк тушунчаси ва унинг турлари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, кодекснинг 164-моддасига мувофиқ, мулк хуқуқи бу шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва шахсий манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш, шунингдек, мулкий ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилишдан иборат. Мулк ҳуқуқи — муддатсиз. Айни пайтда мулк дахлсиз ҳамдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйиш ва мулкий ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.
— Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни бартараф этиш, бу борада тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш, улар ижросини таъминлаш судларнинг диққат марказида турган муҳим масалалардан биридир, — деди Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Ахманов. — Зеро, тегишли назорат органлари ва судлар фаолиятининг самарадорлиги улар томонидан тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари қай даражада ҳимоя этилаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда бизнес субъектлари фаолиятига асоссиз аралашган ҳамда текширишлар тартибига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан Хўжалик судлари томонидан қатъий таъсир чоралари кўрилмоқда. 2010 йилнинг ўзида ушбу масала юзасидан 363 та хусусий ажрим чиқарилгани фикримиз далилидир.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимовнинг фикрича, мамлакатимизда «Хусусий мулкни химоя қилиш ва мулкдорлар хукуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши давр эҳтиёжидир. Янги қонун қабул қилингач, ҳар бир тадбиркор ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириш, ўз мулкига кафолатли эгалик қилиш имкониятига янада кўпроқ эга бўлиши шак-шубҳасиз.
Семинарда мазкур қонун лойиҳасининг концептуал асосини тайёрлаш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Обсудить новость на Форуме