15:15 18.01.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Хусусий банклар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” асосида ишлаб чиқилган “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун 2012 йилнинг 18 декабридан кучга кирди
Мазкур қонунни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида парламент қуйи палатаси қўмиталари, шунингдек, O’zLiDeP фракцияси аъзолари ва ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда барча вилоятларда кенг муҳокамалар уюштирилиб, қонун лойиҳаси электорат вакиллари иштирокида жамоатчилик экспертизасидан ўтказилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давра суҳбатлари ва амалий семинарлар шаклидаги ушбу тадбирларда 100 дан зиёд таклифлар билдирилиб, уларнинг кўпчилиги у ёки бу йўсинда қонунда ўз аксини топди.Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг мазкур қонунда хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятининг барча жиҳатларини қамраб олишига интилганлари бежиз эмас, албатта. Зеро, O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида иқтисодиёт тармоқларини либераллаштириш ва хусусийлаштириш жараёнининг изчиллигини таъминлаш энг муҳим масалалардан бири сифатида белгилаб олинган.“Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг бош мақсади ҳақида сўз юритсак, у “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” талабларига асосланганини, 26 та модданинг ҳар бирида муҳрлаб қўйилган қоидалар молия-банк тизимини янада мустаҳкамлаш, хусусий банклар, лизинг ва суғурта компаниялари, микромолиявий ташкилотлар каби институтларни ташкил этишнинг қонунчилик нормаларини аниқ белгилашга хизмат қилганини кўриш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилди, деганидир. Бошқача айтганда, ушбу қонун банк ва бошқа молиявий бозорларда соғлом рақобатни таъминлаш баробарида мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга ҳам йўналтирилган.Қонунда хусусий банклар ва бошқа молия институтларини ташкил этиш тартибининг ўзига хос хусусиятлари, улар фаолиятининг кафолатлари, ҳимояси, шунингдек, уларни текшириш тартиблари ҳам аниқ белгиланган. Ҳозиргача амалдаги қонунчиликда хусусий банклар ёки бошқа молия институтларнинг (суғурта ташкилотлари, ломбардлар ва ҳ.к.) алоҳида тушунчалари мавжуд бўлса-да, уларга банк-молия тизимининг алоҳида субъекти сифатида умумлаштирувчи таъриф берилмаган эди. Шу сабабли янги қонуннинг 3-моддасида хусусий банк ва молия институтларига умумлаштирувчи таъриф берилиб, устав фондида жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган хусусий банклар, кредит ва суғурта ташкилотлари, шунингдек, фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахслар томонидан шакллантирилиши тўғрисидаги норма билан белгилаб қўйилди.Бундан ташқари, хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятида фуқаролар ва бошқа мулкдорларнинг эркин иштироки ва манфаатдорлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш билан боғлиқ жиҳатлар, мазкур субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.Шу ўринда, хусусий банклар ва молия институтларининг фаолиятига давлат органлари мансабдор шахсларининг аралашишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги қоидалар қонунда мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, унда хусусий банк ва молия институтлари субъектларида текширувларни ўтказиш тартиби аниқ белгиланиб, назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи ҳамда ушбу субъектларнинг фаолиятини текшириш тартиби, назорат қилувчи ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга нисбатан алоҳида чекловлар белгиланди. Беш бобдан иборат бўлган қонуннинг учинчи боби тўлиқ хусусий банк ва молия институтлари фаолиятининг кафолатларига бағишлангани ҳам муҳим омиллардан биридир. Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши хусусий банк ва хусусий мулкка асосланган молия институтларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиб, мазкур тизимнинг янада жадал ривожланиши ва молиявий хизмат турларининг кенгайишига шарт-шароит яратиб берди, десак ҳар томонлама тўғри бўлади. 
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси

   

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме