12:00 06.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Хатолардан тегишли хулосалар чиқарилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2011 йил 3 июндаги қарорига мувофиқ, жойларда ҳудудий партия ташкилотларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.
Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси», шунингдек, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури ижроси масалалари атрофлича таҳлил этилаётган тадбирларда эса эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш, йўл қўйилган нуқсонларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Хусусан, O’zLiDeP Жиззах вилоят кенгашининг навбатдаги VI конференциясида ҳудудий партия ташкилотлари ишини бугунги кун талаблари асосида қайта ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Айни кунда вилоятда 8050 нафар партия аъзоси бўлиб, улар 398 та бошланғич ташкилот атрофига бирлашган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. Ҳисобот даврида асосий эътибор партиявий вазифаларни ҳаётга кенг жорий этиш, кичик бизнес субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ва аёллар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни фойдали меҳнатга жалб қилиш масалаларига қаратилди. O’zLiDeP вилоят кенгаши раиси Э.Холматовнинг таъкидлашича, ўтган даврда депутатлик гуруҳлари йиғилишларида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, партия номзодларига ишонч билдирган сайловчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгаши шаҳар ва туманларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан тайёрланган масалалар халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгаши сессиялари кун тартибига олиб чиқилди.
Бироқ ҳисобот-сайлов конференциясида қўлга киритилган натижалар қатори партия фаолиятида ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги ҳам таъкидланди. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев ҳам тадбирда сўзга чиқиб, Концепция асосида кенгаш фаолиятини кучайтириш, ташкилий ва мафкуравий жиҳатдан янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун, энг аввало, бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сифатини ошириш лозим. Зеро, улар партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли кенг қатламларига етказишда алоҳида ўрин тутади.
Айтиш керакки, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари фаолиятида, депутатлик гуруҳлари ишида қонунлар, давлат дастурлари, Президент фармонлари ва қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини йўлга қўйиш, ижро ҳокимияти тизимидаги мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш билан боғлиқ масалаларда ҳамон сусткашлик, ўзибўларчилик ҳолатларига йўл қўйилаяпти. Бундан ташқари, ҳисобот даврида электорат вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-иқтисодий билимларини ошириш бўйича партиянинг стратегик ҳамкорлари саналган Савдо-саноат палатаси ва Фермер хўжаликлари уюшмасининг жойлардаги бошқармалари билан деярли ҳеч қандай иш олиб борилмаган.
Конференцияда халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси, вилоят ҳокими С.Исмоилов иштирок этиб, кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқди.
— Айни кунда вилоят ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши қарийб 80 фоизга етди, — дея таъкидлади нотиқ. — Бу эса ишлаб чиқариш соҳасида хусусий сектор вакилларининг мавқеи тобора мустаҳкамланаётганидан далолатдир. Бу эса O’zLiDePнинг вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги иштирокини янада кучайтиришни тақозо этади.
****
O`zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши конференциясида ҳам депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, партия аъзолари сифат таркибини яхшилаш, дастурий кўрсатмалар ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида сиёсий-мафкуравий, ижтимоий-маънавий тарбияни кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар кенг таҳлил қилинди. Бугун вилоятда O`zLiDeP аъзолари сони 11645 нафарни ташкил қилиб, вилоятнинг ўнлаб йирик саноат корхоналарида бошланғич ташкилотлар иш олиб бормоқда. Хусусан, «Шўртангазкимё» мажмуаси, «Шўртаннефтгаз» ва «Муборакнефтгаз» унитар шўъба корхоналари, Талимаржон ИЭС, Муборак газни қайта ишлаш заводи қошидаги қуйи бўғинлар фаолиятини ижобий баҳолаш мумкин.
Ҳисобот даврида асосий эътибор партия дастурлари ва Президент Концепциясидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ва аёллар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар диққат марказида бўлди.
Йиғилишда йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Дейлик, айрим депутатлик гуруҳларининг аниқ иш режаси бўлса-да, белгиланган йиғилишлар ўз вақтида ўтказилмаган. Бу эса вилоят, туман (шаҳар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва улар ижросини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда бор-йўғи Қамаши, Косон, Деҳқонобод ва ўузор туманларидаги қуйи бўғинлар фаолияти талаб даражасида эмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш билан шуғулланадиган комиссия фаолиятини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Айрим ҳудудларда эса ғоявий-сиёсий ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Сўзга чиққанлар ана шу каби камчилик ва нуқсонлар бартараф этилмас экан, кутилган натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлашди. Йиғилишда вилоят кенгаши раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосарлари сайланиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
*****
O`zLiDeP Тошкент вилояти кенгашининг ҳисобот-сайлов конференциясида эса партиявий-сиёсий ишлар, депутатлик гуруҳлари фаолияти анча жонлангани, хусусан, ҳудудий дастурлари ижросини таъминлашда ижобий натижаларга эришилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан чорвачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик соҳасидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ушбу масала юзасидан қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармаси бошлиғи, «Кичик бизнес ва хусусий тадбаркорлик йили» Давлат дастурининг ижроси бўйича иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг ҳисоботлари эшитилиб, тегишли тадбирлар белгиланганини қайд этиш мумкин.
Конференцияда партиянинг “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” каби тузилмалари фаолияти ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, мазкур масалага партия манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилмоқда. Ҳозиргача аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ туркум тадбирлар ўтказилган. Бу эса жойларда реал натижа бермоқда. Айни кунда вилоятдаги 4500 нафар хотин-қиз O’zLiDeP аъзоси бўлиб, уларнинг сиёсий фаоллиги барча соҳаларда яққол кўзга ташланади.
Тошкент вилоятида аъзолар сони 11267 нафардан ошганлиги ҳам ана шундан далолат беради. Бироқ O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси ўринбосари Т.Файзиевнинг фикрича, бошланғич ташкилотлар ва депутатлик гуруҳлари фаолияти бугунги кун талаблари даражасида эмас. Хусусан, Бекобод шаҳри, Бўка ва Бўстонлиқ туманларидаги партия фаоллари ишида сусткашлик, ўзибўларчилик ҳолатлари яққол сезилади. Малакали кадрлар захирасини шакллантиришга ҳам етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Бизнингча, партиянинг ҳудудий мавқеини мустаҳкамлаш учун, энг аввало, бошланғич ташкилотлар фаолияти такомиллаштирилиши, улар иши замон талаблари даражасида ташкил этилиши, сиёсий етук ва изланувчан кадрлар масъулиятли вазифаларга кўрсатилиши лозим. Ана шундагина кўзланган мақсадларга тўла эришилади.
Конференцияда кенгаш ишини яхшилаш, депутатлик гуруҳлари ва БПТлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
“ХХI asr”
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |