15:15 11.02.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Хатолардан хулоса чиқарилди
Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бошқа ҳудудларда бўлганидек, Самарқанд вилоятида ҳам ўзининг реал натижаларини бермоқда. Изчил амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, энг чекка қишлоқ туманларида қад кўтараётган замонавий уй-жойлар, кенг ва равон йўллар, шаҳар ва қишлоқларимиз ҳуснига ҳусн қўшаётган коллеж ва лицейлар кўҳна Самарқандга бўлган эътиборни янада кучайтирмоқда.
Аммо ана шундай натижаларга қарамай, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хатолар маҳаллий аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, вилоятда йўл қурилиши, йўлларни таъмирлаш ва улардан фойдаланишнинг аҳволи хусусидаги фикр-мулоҳазалар бу борадаги ишларни бугунги кун талаблари даражасида жадаллаштиришни талаб этмоқда. Шу асосда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан мазкур масала атрофлича ўрганиб чиқилди.
Маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида турли даражадаги 23227 километр йўл бўлиб, шундан 4128 километри умумфойдаланув автомобиль йўллари ҳисобланади. Унинг 1940 километри туман марказлари ва шаҳар кўчалари, 8676 километри эса қишлоқлараро кўчалар, 7133 километри туман ҳокимликлари ва 1350 километр йўл эса корхоналар тасарруфидадир.
Масалани чуқур ўрганиш мақсадида Самарқанд халқаро, давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослашган давлат корхонаси, вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, вилоят давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси, Самарқанд шаҳар, Жомбой, Булунғур ва Самарқанд туман ҳокимликларига депутатлар гуруҳи номидан сўров хатлари юборилди. Шунингдек, депутатлар гуруҳларга бўлиниб, реал ҳолатни жойларга чиқиб ўргандилар.
Аниқланишича, вилоятда йўл қурилиши ва йўлларни таъмирлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганига қарамай, жойларда талай муаммолар мавжуд. Хусусан, «Самарқандавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти тизимидаги бўлинмалар, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан мувофиқлаштирилаётган йўл қурилиши билан шуғулланаётган айрим ташкилотлар белгиланган шартномавий мажбуриятларни бажармаётирлар.
Масалан, «Ободон» хусусий корхонаси 2010 йилда Пахтачи туманидаги 5 километр масофали йўлда 340,2 млн. сўмлик қурилиш ишлари бажаришни режалаштиргани ҳолда 1 сентябрга қадар ҳеч қандай иш бошламаган. Шунингдек, Самарқанд туман йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси эса Улуғбек қўрғонига кириш йўлида амалга оширилиши мўлжалланган 489,5 млн. сўмлик ишларга белгиланган муддатда киришмаган. Иштихон туман йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси эса «Чопарашли-Тошбайрон» автомобиль йўлининг 10-13 километрларида 102,6 млн. сўмлик таъмирлаш ишларини бор-йўғи 26 фоиз бажарган, холос.
«Нурбулоқ-Бошқудуқ-Улус» йўлининг 9-11 километрини «Фаёз автойўл ободончилиги» СНЧК 2009 йилда ўрта таъмирлаб, фойдаланишга топшириши лозим эди. Афсуски, бу иш бугунгача ҳам ниҳоясига етказилмаган.
Лойиҳа қуввати 5,4 километр бўлган «Каттақўрғон-Мойбулоқ» йўлидаги ўрта таъмирлаш ишлари Иштихон туман йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси томонидан 2 йилдан буён якунланмаганини ҳам изоҳлаш қийин. Аслида 2009 йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган иш 2010 йил режасига киритилган эди.
Йўл қурилиши технологияси талаблари бузилиши натижасида эса айрим ҳудудларда амалга оширилган таъмирлаш ишларида жиддий нуқсонларга йўл қўйилгани аниқланди. Мисол учун: Самарқанд халқаро давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослашган давлат корхонаси томонидан Самарқанд шаҳридаги «Ойдин» кўчасини таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган.
Самарқанд туман йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси ходимлари эса «Самарқанд-Ашхабод» йўлининг 0,3-километрли қисмини ўрта таъмирлашда битум билан ишлов берилмаган асфальт-бетон қоришмасини ётқизиб, «ишим битди» қабилида йўл тутганлар.
Айрим ҳолатларда йўл таъмирлашда қум-шағал аралашмаси қалинлиги ва кенглиги, йўл қиялиги таъминланишига эътибор қаратилмагани боис йўллар сифатсизлигича қолиб кетаяпти.
Маълумки, йўлсозликда кўприклар қурилиши муҳим аҳамият касб этади. Бу борада вилоятда муайян ишлар режалаштирилган бўлса-да, бироқ бу ишлар ҳам ниҳоясига етказилмаяпти. Хусусан, «Тошкент-Термиз» (М-39) автомобиль йўлидан Самарқанд шаҳрига киришдаги Дарғом канали устидаги кўприкда 2009 йили 311,9 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари режалаштирилгани ҳолда бу вазифа 55 фоиз бажарилган, холос. Мазкур объектда 2010 йил учун белгиланган 141,2 млн. сўмлик режа эса амалда бажарилмаган. «Булунғур-Кулбости-Челак» йўлидаги кўприкда ҳам таъмирлаш ишлари чала қолдирилган.
Олинган маълумотлар ва ўрганиш натижалари бўйича O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан халқ депутатлари вилоят кенгашининг саккизинчи сессияси кун тартибига «Вилоятда йўл қурилиши, йўлларни таъмирлаш ва йўллардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисида»ги масала киритилди. Сир эмас: бугун вилоятнинг умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларининг аксарият қисми таъмирталаблигича қолмоқда. Баъзи серқатнов йўлларнинг носозлиги туфайли эса ҳаракат хавфсизлиги талаблари бузилиб, турли кўнгилсиз ҳолатлар юз бермоқда. Энг ёмони, ана шундай носоз ҳолатга тушиб қолган йўлларга ҳар бир туман ва шаҳарларда кўзингиз тушади. Шу боис депутатлар гуруҳи, аввало, энг серқатнов ва таъмирталаб йўлларни навбатдаги иш режасига киритиш бўйича иш олиб бориш лозим, деган қарорга келди.
Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари иш жараёнида тайёрланган маълумотлар асосида йўл қурилиши ва таъмирлаш ишларида тендер танловларига нисбатан талабчанликни ошириш зарур, деган хулосага келдилар. Бунда тендерда ғолиб чиққан ташкилотлар етарли даражадаги техника, мутахассис кадрлар ва , албатта, ташкилот етакчисининг ўзи йўл қурилиши ишидан хабардор бўлиши кераклигига эътибор қаратилиши лозим.
Сессия муҳокамаси асосида халқ депутатлари вилоят кенгашининг «Вилоятда йўл қурилиши, йўлларни таъмирлаш ва йўллардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисида»ги қарор кўпчилик овоз билан қабул қилингани эса яна бир карра депутатларимиз фаолияти реал натижалар бераётганини кўрсатди.
Обсудить новость на Форуме