23:15 24.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари шаҳар кенгаши сессияси муҳокамасига учта масала киритдилар
«Иқтисодий жиҳатдан ночор, кам қувватли ва фаолият кўрсатмаётган корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш дастури асосида янги иш ўринлари яратиш масаласи»га депутатлар айниқса, алоҳида эътибор қаратдилар. Зеро, бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ масаладир. Сессияга киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш хусусида»ги масала ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, депутатлар «Республика иқтисодиёт тармоқларини 2012-2013 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижросини таъминлаш борасида касб-ҳунар коллежлари биноларини кузги-қишки мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили»ни ҳам атрофлича кўриб чиқдилар. Сессияда O’zLiDeP депутатларидан иборат ишчи гуруҳи раҳбари Баҳром Сатторов сўзга чиқиб, кичик ва маиший сервис корхоналарини ташкил этиш бўйича шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш дастурлари ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Гуруҳ томонидан шаҳар ҳокимлиги, статистика бўлими, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази маълумотлари таҳлил этилганда 1 апрель ҳолатига Қарши шаҳрида 4763 та кичик бизнес корхонаси рўйхатдан ўтгани, уларнинг 616 таси фаолият кўрсатмаётгани аниқлангани таъкидланди. Тўғри, ана шу даврда 77 та янги корхона ташкил этилган ва шу ҳисобдан 625 та янги иш ўрни яратилган. Иқтисодий ночор, кам қувватли ва фаолият юритмаётган корхоналарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш дастурига асосан тижорат банклари томонидан 24 та корхонага 24.608. млн. сўм, ўз маблағи ҳисобидан эса 13.481 млн. сўм инвестиция киритилиб, мингга яқин иш ўрни яратилган. Сессияда, шунингдек, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига асосан 3611 та янги иш ўрни яратилиб, шунинг 3174 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келгани, 2011-2012 ўқув йилида 15 та касб-ҳунар коллежини 7102 нафар ёш битириб чиққанига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ишчи гуруҳи томонидан 2012 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларни тўлиқ ишга жойлаштириш ҳамда Президентимизнинг 2012 йил 20 июндаги “Республика иқтисодиёт тармоқларини 2012-2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, вилоят ҳамда Қарши шаҳар ҳокимининг қарорлари ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ўрганиб чиқилганда, 7102 нафар битирувчининг 6907 нафари билан уч томонлама шартнома тузилганлиги маълум бўлди. Қарши тиббиёт, ахборот технологиялари, агробизнес ва тадбиркорлик, политехника, иқтисодиёт коллежлари битирувчиларини иш билан таъминланиш даражаси ўрганилганида эса иқтисод коллежи битирувчиларининг 73,6 фоизи ишга жойлаштирилгани аниқланди. Ўрганишлар жараёнида Қарши қурилиш касб-ҳунар коллежини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишлари ҳам талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Айрим синфхоналар ва устахоналардаги иссиқлик қувурлари таъмирталаб, кўмир ва суюқ ёнилғи захираси етарли эмас. — Сессияда мазкур қарорлар ижроси етарли даражада эмаслиги қайд этилиб, депутатларга ёшларни иш билан таъминлаш бўйича ҳудудий ва давлат дастурлари ижроси юзасидан мониторинг ва назорат ишларини кучайтириш вазифаси топширилди, — дейди O`zLiDeP Қарши шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Холмирза Болтаев. — Фаолият кўрсатмаётган, кам қувватли корхоналарга инвестиция киритган ҳолда улар фаолиятини қайта тиклаш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, доимий комиссиялар йиғилишларида мазкур муаммони муҳокама қилиб, мақбул ечимлар ишлаб чиқиш, шаҳар ҳудудидаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар раҳбарларига эса кузги-қишки мавсумга тайёргарликни қисқа фурсатда тугаллаш вазифаси юклатилди. Депутатлик гуруҳи томонидан шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясига яна иккита масала киритиш борасида назорат-таҳлил ишлари олиб бораяпмиз. Мақсадимиз – партия дастурий вазифаларини амалга ошириш асносида ҳамшаҳарларимиз фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишдир. — Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларида ўтказилаётган депутатлик ўқувларида билдирилаётган тавсиялар асосида олиб борилаётган ишлар ниҳоят самара бера бошлади, — дейди депутат Баҳром Сатторов. — Гуруҳимиз томонидан ўтган икки йил давомида йўл қўйилган хато ва эътиборсизлик туфайли муҳим масалаларни шаҳар кенгаши сессияларига киритишда сусткашликка йўл қўйган эдик. Бугунга келиб ана шу хатолардан хулоса чиқарган ҳолда фаолият олиб бора бошладик. Хусусан, партия ташкилотларидаги депутатлик гуруҳларининг вилоят ва шаҳар партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлашини таъминлаш, депутатлар фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни мунтазам эшитишнинг самарали тизимини яратиш борасида изланаяпмиз. Натижада доимий комиссия йиғилишларида ўнта масала муҳокама этилди. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунларни такомиллаштириш ҳамда соҳани янада ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш борасида йиғилишларимизда янги-янги таклифлар билдирилмоқда. Шаҳар ҳокими, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари депутати Шуҳрат Турсунов, O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Шуҳрат Хайруллаев ва бошқа депутатлар сўзга чиқишиб, давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонларидан келиб чиқадиган халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг асосий вазифалари, тадбиркорларга бино ва иншоотлар қуриш учун рухсатнома олиш, коммунал хўжалик ва муҳандислик тармоқларига уланиш соҳасидаги бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишга кўмаклашиш, назорат органлари томонидан хўжалик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўйилмаслигини таъминлашда депутатларнинг фаоллигини янада ошириш борасида долзарб фикрлар билдирилди. Бу борадаги амалий ишларнинг кучайтирилиши одамларнинг партияга ва O`zLiDePдан сайланган депутатларга ишончи ортиши ҳамда уларни партия ғояси атрофида бирлашиб, дастурий мақсадларни амалга оширишга сафарбар этади.
Сайфулла ИКРОМОВ, “ХХI asr”
Обсудить новость на Форуме