20:15 19.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

«ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ: ПАРЛАМЕНТДА ҚИЗҒИН МУНОЗАРАЛАР КУЗАТИЛМОҚДА

ФРАКЦИЯЛАРАРО РАҚОБАТ


Маълумки, иқтисодиётни изчил ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш мулкка бўлган муносабат билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, мулкчилик шаклининг хилма-хиллиги ва тенг ҳуқуқлилиги бозор муносабатларининг асосий тамойилларидан саналади.

Мамлакатимизда мустақиллик йиллари амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат мулкини хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилгани иқтисодиётда давлат монополиясига барҳам бериб, мулкдорлар синфини шакллантириш имконини берди. Бошқача айтганда, хусусий мулк кўламининг кенгайтирилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоялангани  хусусий сектор вакилларининг эркин ва самарали фаолият юритишлари учун мустаҳкам замин яратди.

Хусусан, кейинги йилларда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар, шубҳасиз, бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Энг асосийси, ушбу муҳим ҳужжатлар давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасидаги ўзаро муносабатларни эркинлаштиришда муҳим омил бўлди.

Шу ўринда мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратган «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуни шу кунгача Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиш модели талабларидан келиб чиққан ҳолда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини қамраб олган муҳим ҳужжат сифатида хизмат қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан таклиф этилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да эса ушбу қонунни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш белгилаб берилган эди.

Иқтисодиётда хусусий сектор улушини кенгайтириш, хусусийлаштириш битимларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, инвесторларнинг барча тоифаларига тенг қулайликлар яратиш ва мулкий ҳуқуқни таъминлашга қаратилган «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни пайтда парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида ҳам атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Маълумки, бугунги кунда қонун лойиҳаларининг муҳокамалари мутлақо янги тартиб-тамойиллар асосида амалга ошириляпти.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида Қонунчилик палатасининг Кенгаши ҳузурида Киритилаётган қонунлар лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Қолаверса, қонун лойиҳалари барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари томонидан концептуал жиҳатдан тўла қўллаб-қувватланган тақдирдагина кўриб чиқилиши ва ҳар бир фракциянинг нуқтаи-назари демократик талабларга қатъий риоя этилган ҳолда атрофлича муҳокамалардан ўтказилиши қонунчиликка киритилган янгиликларда ўз аксини топган.Бу шубҳасиз, қонун ижодкорлиги жараёнида фракциялар имкониятини кенгайтириб, қонун лойиҳалари юзасидан ўзларининг аниқ нуқтаи назар билан чиқишлари, ўз сиёсий партияларининг дастурий хужжатлари ва сайловчиларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари юзасидан ўз ёндошувларини ҳар томонлама ишлаб чиқиш ва ҳимоя қилишларига, бошқача айтганда, фракциялараро рақобатнинг кенгайишига олиб келмоқда.  

«Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси хусусида сўз борганида O`zLiDeP фракцияси аъзолари унда белгиланаётган нормалар иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб этиш ва улар учун нодавлат сектор улушини янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратишини, сармоядорларнинг барча тоифалари учун хусусийлаштириш жараёнларида тенг шароит яратиш, мазкур жараённинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқдалар.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётимизга босқичма-босқич татбиқ этилаётгани, мулкдорлар сафини кенгайтириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг ҳам муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси ушбу қонун O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни иқтисодиётга жалб этиш каби дастурий вазифаларни бажаришга кенг имконият яратади. 

Айни пайтда O`zLiDeP фракцияси аъзолари қонун лойиҳасидаги бир қатор муҳим масалалар хусусида ўз фикрларини билдирмоқдалар.

Хусусан, қонун лойиҳасида хусусийлаштириш жараёнлари бир неча босқичларни (хусусийлаштириш бўйича тақдим этилган буюртмаларни кўриб чиқиш, хусусийлаштириш давлат дастурини тайёрлаш, хусусийлаштирилаётган объект нархини белгилаш ва ҳ.к.) қамраб олишини инобатга олиб, уларни амалга ошириш муддатлари аниқ чеклаб қўйилмаганига эътибор қаратиляпти. Фракция аъзоларининг фикрича, хусусийлаштириш жараёнларида ортиқча расмиятчиликлар юзага келмаслиги ҳамда муддатларнинг асоссиз узайтирилмаслиги учун хусусийлаштириш босқичларининг аниқ (имкон даражасида қисқа) муддатлари белгиланиши қонун талабларини янада кучайтиради. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари хусусийлаштириш жараёнларида шошма шошарликка йўл қўйилиши ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаслиги ва бу жараёнларни қандайдир тор муддатлар билан чеклаш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаяптилар.

O`zLiDeP вакиллари эса аксинча, ушбу жараёнларнинг ҳар бир босқичи учун аниқ муддатлар белгиланиши хусусийлаштириш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаяптилар. Зеро хусусийлаштириш билан боғлиқ босқичларнинг аниқ муддатлари белгиланиши хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш, мулкдорлар фаолиятини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, энг асосийси ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва албатта тўғридан-тўғри хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларнинг иқтисодиётга кенг жалб қилинишига хизмат қилади. 

Мунозараларга сабаб бўлаётган яна бир масалага тўхталсак. Фаолият йўналишини сақлаш шартлари билан хусусийлаштирилган ижтимоий соҳа объектининг белгиланган муддат хусусийлаштирган шахс томонидан бузилган тақдирда, ваколатли орган талабига кўра, олди-сотди шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланганидек суд қарори билан ёки бир томонлама тартибда бекор қилиниши ҳақидаги норма қонун лойиҳсида аксини топган.

O`zLiDeP фракцияси халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хусусийлаштирилган ижтимоий соҳа объектининг олди-сотди шартномаси ваколатли органнинг талаби билан фақат суд қарори асосидагина бекор қилиниши лозим, деган фикрни илгари сурмоқда. Депутатларимизнинг фикрича, бундай низоли ҳолатларда масаланинг фақат суд орқали ҳал этилиши харидор ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Қолаверса, айнан шундай ёндашув «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун концепциясига ҳам тўла мос келади. Бу борада эса ХДП аъзолари ваколатли органда  бундай мулкларни мақсадли ишлатиш тартиби бузилган ҳолларда уни давлат тасарруфига қайтариш механизми мавжуд бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқдалар.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида тортишувларга сабаб бўлаётган яна бир масала бу — хусусийлаштирилаётган корхона меҳнат жамоасининг ҳуқуқлари  билан боғлиқдир.

ХДП вакиллари қонун лойиҳасида мулкни сотиб олувчи томонидан амал қилиниши лозим бўлган меҳнат жамоаси олдидаги ижтимоий мажбуриятлар етарли даражада очиб берилмаганини, лойиҳада мазкур масалаларга нисбатан мулкдорлар манфаати кўпроқ инобатга олинганини қайд этяптилар.

ХДП аъзоларининг бу масаладаги қарашлари ҳам асоссиздир. Тўғри, қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларини хусусийлаштириш жараёнларига янада фаолроқ жалб этишга қаратилган. Шунинг учун ҳам мулкдор учун ушбу жараёнларда қатнашишнинг жозибадорлигини акс эттирувчи янги нормалар киритилаётгани қонун қабул қилиниши билан унинг олдига қўйилган мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Лекин, ўз навбатида хусусийлаштириш натижасида ўз шаклини ўзгартираётган корхоналар ишчи-хизматчилари манфаати ҳам қонун лойиҳасида етарлича акс этган. Энг асосийси бу масалаларда ривожланган давлатлардаги мавжуд амалиёт ва мамлакатимиз меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилган.

Албатта, қонун лойиҳаси депутатларимиз томонидан иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилади. Ундан олдин масъул қўмита депутатлардан, мутахассислар, олимлар томонидан, шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, бир хулосага келади. Шу ўринда фракциялараро бундай тортишув қонун лойиҳаси нормаларининг янада аниқ ва ҳаётий бўлишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаш лозим.

Қонун ижодкорлиги жараёнидаги бундай мисоллар қонун лойиҳалари нормалари юзасидан фракциялараро рақобат борган сари кучаяётганидан ҳам далолат беради. Бунга юқорида айтганимиздек Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган, қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва масъулиятини янада оширишга, сайловчилар хоҳиш-иродасини ифодалашнинг янада самаралироқ механизмларини яратилишини таъминлаган янгиликлар ҳам сезиларли даражада туртки бўлмоқда. 

Фирдавс ҲАМИДУЛЛАЕВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 19 декабрь 51 (527)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме