21:00 28.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР

Жорий йил 28 февраль куни O‘zLiDeP фракцияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари Қўмитаси томонидан Савдо-саноат палатаси ҳамда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда хусусийлаштириш соҳасидаги қонунчилик: муаммолар, ечимлар ва таклифлар” мавзуидаги семинар ташкил этилди.

Семинар ишида O‘zLiDeP аъзолари ва фаоллари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар, Олий хўжалик суди вакиллари, соҳадаги экспертлар ва олимлар, тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Унинг асосий мақсади – нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорларнинг барча тоифалари учун хусусийлаштириш жараёнида тенг равишда иштирок этишини таъминлаш, хусусийлаштирилган битимлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишдир.
Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича стратегик мақсадга эришиш доирасида хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини ва унинг рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим вазифаси сифатида давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари Қўмитаси раиси С.Жабборов таъкидлаганидек, 1991 йилда қабул қилинган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди. Аммо ҳозирги кунда хусусийлаштиришга оид тартиб-таомиллар масалаларини мувофиқлаштирувчи меъёрлар идоравий даражадаги 80 дан зиёд ҳужжатларда акс этган ва янги хусусийлаштириш механизмларини ҳаётга тадбиқ этиш амалдаги қонуннинг меъёрларини аниқлаштирувчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини тақозо этди.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасини тайёрлаш давомида O‘zLiDeP депутатлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида хусусийлаштириш дастурлари ижроси, хусусийлаштиришни ўтказиш тартибига риоя этилиши, давлат мулки объектларини хусусийлаштириш бўйича ижтимоий ва инвестицион мажбуриятлар бажарилиши билан танишдилар. Ушбу масалалар бошланғич партия ташкилотларида ҳам тадбиркорлар иштирокида муҳокама этилди.
Семинар ишида қатнашган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари С.Гафаров қайд этганидек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида фақат 2013 йилда хусусий секторга 179 давлат активлари киритилган, шу жумладан, 83 таси умумий қиймати 114,95 млрд. сўмга тенг ноль сотиб олиш қийматида, улардан 70,8 млрд.сўми ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қўшимча иш ўринларини яратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар хажмини оширишни назарда тутувчи инвестицион мажбуриятлардир. 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, давлат активларини сотиб олиш-сотишга оид 175 шартномалар бўйича инвестицион мажбуриятлар (миқдори 204,9 млн. АҚШ долл. ва 173,9 млрд.сўм инвестицион мажбуриятлар, шу жумладан, чет эл инвесторлари билан 8 та шартномалар бўйича) бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда.
Хусусан, 2012-2013 йй. Давлат мулкини хусусийлаштириш Дастури доирасида Тошкент шаҳрида умумий миқдори 12,5 млрд.сўмга тенг 11 та давлат активлари амалга оширилди. Тошкент вилояти бўйича жами 31 давлат активлари амалга оширилди, улардан 19 таси ноль сотиб олиш қиймати бўйича. Сотилган объектлар сотиб олиш тўловлари миқдори қарийб 5,0 млрд.сўмни ташкил этди, инвесторлар томонидан 27,9 млрд.сўмлик инвестицион мажбуриятлар қабул қилинди.
Давлат мулкини хусусийлаштиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки миқёсини янада кенгайтириш учун 440 дан зиёд давлат мулки объектларини ноль қийматда инвестицион мажбуриятлар бўйича сотиш борасида ишлар амалга оширилмоқда, улардан 208 таси (47%) 2013 йилда салоҳиятли инвесторларга сотиш учун сотувга қўйилган, қолгани (233)ни жорий йилда қўйиш режалаштирилмоқда.
Оммавий савдоларга қўйилган давлат мулки объектлари, шу жумладан, ноль қиймати бўйича сотиб олиш оид маълумотлар Давлат мулк қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси веб-сайтларида ҳамда ОАВда жойлаштирилмоқда.
Семинар ишида фаол иштирок этаётган тадбиркорлар вакиллари таъкидлаганидек, иккинчи ўқишга тайёрланган “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорларнинг барча тоифалари учун хусусийлаштириш жараёнида тенг равишда иштирок этишини таъминлашга қаратилган меъёрлар кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун қонун лойиҳасида давлат мулкининг алоҳида турдаги объектларини, шу жумладан, паст ликвидли давлат мулки объектларини танлов асосида ноль қиймати бўйича харидорлар томонидан инвестицион мажбуриятлар бажарилиши шарти билан хусусийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланганлиги ниҳоятда муҳим аҳамият этади. Бу тадбиркорлар, инвесторларга хусусийлаштириш жараёнида янада фаол иштирок этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради, бу чет эл ва маҳаллий инвесторларни, янги технологияларни янада кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишни таъминлайди.
Таъкидлаш лозимки, семинарда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш шартлари, ижтимоий ва инвестицион мажбуриятлар, муддатларга оид меъёрларни белгилаш масалалари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, улар бўйича тадбир иштирокчилари томонидан ушбу меъёрларни иккинчи ўқиш таҳрири бўйича аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хусусийлаштириш жараёни иштирокчилари орасида мазкур қонун лойиҳаси бўйича қизғин мулоқоти мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарблиги ва зарурлигидан яққол далолат беради. Шубҳасиз, жамоатчилик, тадбиркорлар ва экспертлар орасида қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилиши қонун чиқарувчиларга иккинчи ўқишга шундай ҳужжатни киритиш имконини берадики, у хусусийлаштириш объектлари жозибадорлигини, салоҳиятли инвесторларнинг барча тоифалари учун тенг шароитлар яратишни таъминлаш, хусусий мулк ҳуқуқи ва ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлар ва экспертлар фикрига кўра, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишни сезиларли равишда яхшилайди, бўшлиқларни тўлдиради, хусусийлаштириш шартлари ва усулларини танлашда субъектив ёндашувлардан қочиш имконини беради, хусусийлаштириш жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаган ҳолда унинг воситаларини салмоқли тарзда кенгайтиради.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме