21:00 01.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ШАКЛЛАРИНИ МУСТАҚИЛ БЕЛГИЛАШ ВАЗИФАЛАРИ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари: бугунги ҳолат, муаммо ва ечимлар” мавзуида амалий мулоқот ташкил этилди.
Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, Фарғона вилоят Хўжалик суди, Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ходимлари, соҳанинг етук мутахассис-экспертлари, партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган мазкур тадбирда “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
– Нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорларнинг хусусийлаштириш жараёнидаги тенг иштирокини таъминлаш, хусусийлаштириш битимлари очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш долзарб масаладир, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шодмонов. – Шунинг учун ҳам, бугун соҳада мавжуд бўлган ҳолат амалдаги қонун меъёрларини давр талаблари асосида қайта ишлаб чиқишни тақозо этади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ тайёрланган "Хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси айни шу мақсадни кўзлаган.
А.Шодмоновнинг сўзларига кўра, амалдаги қонуннинг принципиал меъёрларидан айримлари, жумладан, меҳнат жамоалари томонидан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг шаклларини мустақил белгилаш, хусусийлаштирилаётган корхоналар мулки (акциялари)ни харид қилишда корхоналар меҳнат жамоаларига устуворлик ва кенг имтиёзлар бериш кабилар мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг бугунги кун стратегиясига мос келмайди ва давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида ўзининг самарасизлигини намоён этиб келмоқда.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Бахтиёр Хўжаёров Самарқанд вилоятида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш борасида амалий ишлар давом этаётганини билдирди. Жумладан, вилоят ҳудудида жойлашган 28 та давлат объекти хатловдан ўтказилиб, уларни тасарруф этиш юзасидан хусусийлаштириш дастури лойиҳаси тайёрланган.
Б.Хўжаёров 2013 йилда вилоятда давлат мулки ҳисобланган 1241 та, жорий йилнинг биринчи чораги давомида 917 та бино ва иншоот кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик суъектларига ижарага берилиши натижасида ўтган даврларда 2014 та ва мос равишда 1375 та янги иш ўринлари яратилганини таъкидлаб ўтди.
Самарқанд вилоятида 2012-2013 йиллар мобайнида жами 47 та давлат объекти оммавий савдоларда сотилиши белгиланган бўлиб, уларнинг 25 таси савдоларга чиқарилди ва 9 тасини сотишга эришилди. Бугунги кунда улар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилган.
Оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилган 9 та давлат активининг жами бошланғич нархи 1 млрд. 339,5 млн. сўмни, жами сотилиш баҳоси 1 млрд. 671,54 млн. сўмни ташкил этди.
Тадбиркорлар ва экспертлар фикрига кўра, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишни сезиларли равишда яхшилайди, бўшлиқларни тўлдиради, хусусийлаштириш шартлари ва усулларини танлашда субъектив ёндашувлардан қочиш имконини беради, хусусийлаштириш жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаган ҳолда унинг воситаларини салмоқли тарзда кенгайтиради.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме