22:15 24.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлашнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида амалий мулоқот ўтказди. 

Тадбиркорлар ва фермерлар, партия электорати ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этган тадбир мамлакатда хусусий мулк асосий роль ўйнайдиган кўп укладли рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантиришни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалаларига бағишланди. Зеро, бу ўрта синф вакиллари, тадбиркорлар, фермерлик ҳаракати, хусусий сектор, моддий ва интеллектуал мулк эгалари манфаатларини илгари сурувчи ва ҳимоя қилувчи партия учун бош мавзудир. 

Мулк ва мулкчилик муносабатлари масаласи мамлакат ижтимоий-сиёсий тизими, шунингдек, мулкдорлар ўрта синфининг шаклланишида муҳим, белгиловчи аҳамиятга эга экани давлатимиз раҳбари томонидан кўп бор таъкидланган.

Реал мулкдорлар янги иқтисодий тизимни ривожлантириш, жамиятни демократик янгилаш ва мамлакатни модернизация қилишнинг “катализатори” ҳисобланади. Кучли ўрта қатлам – демократик жамиятнинг асосидир. Бу жамиятнинг шундай ижтимоий қатламики, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий барқарорликдан ҳаммадан ҳам кўпроқ манфаатдордир ва амалга оширилаётган ўзгаришларнинг фаол ҳаракатлантирувчи кучидир. Мулкдорлар синфини шакллантириш ва демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш вазифалари ўзаро чамбарчас боғлиқ.  

O‘zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ўрта синф вакиллари, тадбиркорлар, хусусий сектор манфаатларини илгари сурувчи ҳамда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг ҳуқуқий базасини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол қатнашиб келмоқда. Бундан бир йил олдин қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир.

- Партиямиз учун энг муҳим устуворликлардан бири – бу хусусий мулкнинг ишончли ҳимояси ва дахлсизлигини қонунчилик асосида таъминлашдир, - дейди O‘zLiDeP фракцияси ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзоси, тадбиркор Г.Шомуротов. - Мамлакатимиз ишбилармонлари бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамловчи ишончли қонунчилик базаси яратилишидан ҳаммадан кўп манфаатдор. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Чунки мазкур қонун мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоялаш масалаларини сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага олиб чиқди. Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатини сўзсиз таъминлаш механизми қонун даражасида тартибга солинди.

O‘zLiDeP фракцияси томонидан ушбу қонун талабларининг у қабул қилингандан кейинги ўтган йил давомидаги ижросининг таҳлили ўтказилди. Таъкидлаш зарурки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида қабул қилинган бу ҳужжат мулк ҳуқуқи ҳуқуқий регламентацияси ва ҳимоя қилинишини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. 

-  Қонунда хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, мулкдор томонидан ўз мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид муддатларни белгилашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилганини алоҳида қайд этиш зарур, - дейди O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. - Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишга тақиқ жорий этилди, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида юзага келган хусусий мулк дахлсизлиги ўрнатилди. Хусусий мулкка нисбатан давлат органларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари учун айбдор шахслар жавобгарлиги кучайтирилди. 

Депутатнинг сўзларига кўра, мулкдорга зиён етказадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат органлари томонидан қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Фақат Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида умумий юрисдикция судларига тадбиркорлик тузилмаларининг маҳаллий ҳокимият органларининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун нормаларига риоя қилмаётгани бўйича мурожаатлари асосида 16 та шикоят аризаси киритилди, уларнинг 12 таси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилди.  

“Мамлакатимиз ҳудудларига сайловчилар билан учрашувларга бориб, партия электорати вакиллари билан мулоқотларда улар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур меъёрлар ҳақида юксак фикрда эканига амин бўлдим. Буларнинг барчаси хусусий мулкни ишончли ҳимоялашга хизмат қилади”, - деди Н.Муротов.

Амалий мулоқот чоғида қайд этилганидек, O‘zLiDeP фракцияси томонидан ўтказилган мониторинг натижалари кўрсатишича, хусусий мулкни ҳимоя қилишга доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш натижасида, энг муҳими, жамият ўзгармоқда, одамларнинг мулкий муносабатлар, хусусий мулкка қарашлари ижобий тарафга ўзгармоқда, тадбиркорларнинг мулкига дахлсизлигига ишончи мустаҳкамланмоқда.  

Фақат биргина кўрсаткич – жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 2012 йилнинг шу даврига нисбатан давлат активларини сотиш суръатлари уч баравар ошди. Ушбу активлар ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги иш ўринлари яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган товарларни ишлаб чиқариш кафолатлари эвазига сотилди. Яъни бундай сиёсатдан нафақат тадбиркорлар, балки кенг аҳоли қатламлари ҳам рақобатбардош, сифатли товарлар ва хизматлардан фойдаланиш, долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этиш орқали манфаатдордир. 

Ушбу масалалар бўйича ижобий ўзгаришлар, алоҳида фаоллик Андижон, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатилмоқда.

Кичик бизнес мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланди. Бу ривожланиш қуйидаги ижобий ўсишларда алоҳида кўзга ташланади: кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши сезиларли равишда ортди; кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги бандликнинг улуши умумий иқтисодиётдаги бандликнинг 75,5 фоизигача ўсди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 22,9 фоизни ташкил этди, бу 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоиз кўпдир. 

Тадбирда эътироф этилганидек, ушбу қонун билан мустаҳкамланган кафолат мулк ҳуқуқининг ишончли ҳимоясини таъминлайди, O‘zLiDeP эса бунга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

- Партиямиз Сайловолди дастурини амалга ошириб, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан фақат шу йил бошидан буён жойлардаги вакиллик ҳокимият органларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар мажлисларида кўриб чиқиш учун 54 та масала кўтарилди, партия депутатлик гуруҳларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлар фаолиятига давлат ва назорат қилувчи органлар ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик масалалари бўйича ижро этувчи ҳокимият раҳбарларининг 70 дан ортиқ ахборотлари тингланди, – дейди O‘zLiDePдан Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман кенгашига сайланган депутат Равшан Охунов. - Энг муҳими, биз бу билан O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуси ўртасида самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаймиз. 

Форум давомида алоҳида таъкидланганидек, O‘zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулкнинг ишончли кафолатлари ва ҳимояси масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис, эришилган ютуқлар O‘zLiDePнинг вакиллик ҳокимияти органларидаги депутатлари учун хотиржам бўлишга сабаб бўла олмайди, балки хусусий мулкни ҳимоя қилишни қонунчилик асосида таъминлашни янада такомиллаштириш, давлат, шу жумладан, назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларини чеклашнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш учун асос бўлади. 

Қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтган мулоқот иштирокчилари хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни давом эттириш, амалдаги қонунчилик меъёрларини тўғри талқин қилиш ва қўллаш, қонунларнинг амалиётдаги янада самарали ижроси муҳимлиги юзасидан умумий фикрга келди.  O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме