15:15 07.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХОТИРА БОҚИЙ, ҚАДР МУҚАДДАС

O`zLiDeP Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан Ҳамза туманидаги “ОАЗИС АСАКА” ўқув марказида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Аждодлар хотираси ва боқий қадриятларимизнинг муносиб авлод тарбиясидаги аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, маҳалла оқсоқоллари ва меҳнат фахрийлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, ўтганлар руҳини шод этиш, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш эзгу анъанага айландики, бу ўз навбатида, янги авлод тафаккурида ҳам тарихга ҳурмат билан қараш туйғусини шакллантирмоқда.
Аждодларимиз руҳини хотирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида ўзининг улкан ҳаётий тажрибаси орқали ибрат бўлаётган кексаларимизни эъзозлашдек эзгу фазилатлар ҳар бир юртдошимизнинг қалб амрига айланди, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қарор топди.
Хусусан, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида бу улуғ амаллар янада яққолроқ намоён бўлади. Президентимизнинг жорий йил 18 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги фаолиятнинг дастуриламали бўлмоқда. Мазкур йўналишдаги эзгу тадбирлар барча ташкилотлар сингари O`zLiDeP томонидан ҳам амалга ошириляпти.
Тадбирда Президентимиз Фармонини амалга ошириш йўлида партия томонидан фахрийларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, узоқ умр кўришни таъминлаш, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Жорий йилда O`zLiDeP томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур” бош тамойили ҳамда партия дастурий ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган 7 та лойиҳа амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу лойиҳалар доирасида партия ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Соғлом она – соғлом бола” тамойилини амалга оширишда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўзига ишонган баркамол ёш авлодни, ўз қадр-қимматини билган, Ватан тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган, келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир бўлган, ғурурли ёшларни тарбиялаш йўлида барча куч ва имкониятларини сафарбар этяпти.
Хотира боқий, қадр муқаддасдир. Иккинчи жаҳон урушида 500 мингга яқин юртдошларимиз ҳалок бўлган, яна қанчаси бедарак кетган. Ҳозирги тинч, дориломон кунларнинг қадрига етиш, ўтганларни ёд этиш, жанггоҳларда жон олиб, жон берган кекса авлод вакилларини эъзозлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Халқимиз ўтганларнинг муқаддас руҳи олдида ҳамиша бош эгади, таъзим қилади. Йиллар, даврлар ўтган сайин бундай муносабат ўзига хос миллий анъанага айланиб бормоқда. Мустақиллик шарофати билан инсон шаъни, қадр-қиммати янада улуғланяпти.
Таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирларда ёшлар билан кўпни кўрган, ҳар тамонлама ҳаётий тажрибага эга отахон ва онахонларимиз орасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг етук билим ва кўникмаларини ёшларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда O`zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши, хусусан жойларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, оилаларда соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга катта эътибор қаратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хақида ҳам фикр алмашилди.
O`zLiDeP Матубот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме