20:15 04.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИГА КЕНГРОҚ ЖАЛБ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИГА ҚАРАТИЛДИ

Каттақўрғон шаҳрида O‘zLiDePнинг “Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага” лойиҳаси  доирасида “Оилавий тадбиркорлик – аёллар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида ўқув семинари ташкил қилинди.

Тадбирда иштирокчиларга дастлаб мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди. Сўнг эса хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш каби масалаларда маърузалар қилинди.  

– Семинарда эришилган ютуқларимиз билан бир қаторда ишга солинмаган имкониятларимиз ҳақида ҳам фикрлашиб олдик, – дейди O‘zLiDeP Каттақўрғон шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Ҳабиба Салойдинова. – “Аёллар қаноти” фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янада фаоллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда амалий таклифлар ва ташаббуслар билан иштирок этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бошланғич партия ташкилотларимиз ва уларнинг етакчилари ҳам бу йўналишдаги фаолиятларини кучайтириши лозимлиги айтиб ўтилди.

Ҳ.Салойдинованинг сўзларига кўра, хотин-қизларни кичик бизнес, айниқса, оилавий тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилишда асосий масъулият айнан “Аёллар қаноти” ва БПТлар зиммасига тушади.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки шаҳар филиали раҳбари Ғайбулла Зоиров лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад илм-фан ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш эканини билдирди.

Унинг айтишича, лойиҳа доирасида бизнес оламига илк қадамини қўяётган хотин-қизлар учун уч босқичли ўқув семинарлари ташкил этилади. Улар якунига кўра намунали бизнес лойиҳа туза олган иштирокчиларга банклардан кредит олиш имконини берувчи сертификатлар тақдим этилади.

Каттақўрғон шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи раҳбари Зулфия Полвонова барча ҳудудларда аёллар ўртасида қулай бизнес муҳитини яратиш ва уни ривожлантириш юзасидан тизимли мониторинг ҳамда жамоатчилик назорати юритилаётганини маълум қилди.

“Муҳокама этилган масалалар юзасидан депутатлик сўровлари ва назорат-таҳлил ишларини ташкил этиш, амалдаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратганмиз. Чекка ҳудудларда оилавий бизнесни йўлга қўйган ёки тадбиркорликни эндигина бошлаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уй ва деҳқон хўжалигига асосланган оилавий тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш диққат марказимизда турибди”, – деди З.Полвонова.

Семинарда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқув машғулотларида қатнашди. Машғулотлар якунида улар ўзлари тайёрлаган бизнес режаларини тақдим этди.


O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме