13:15 05.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ХОТИН-ҚИЗЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА МАСЪУЛМИЗ
O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, касаначилик, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларга имтиёзли кредитлар ажратилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда вилоятда тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларнинг асосий қисми O’zLiDeP аъзолари экани ҳудудда ёш қизларни турли ўқув-семинарлар, тадбирлар орқали бизнесга жалб этиш имкониятини кенгайтирмоқда. O’zLiDeP «Аёллар қаноти» ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси доирасида ҳам қарийб мингга яқин хотин-қизлар қамраб олинди. Уларни қўллаб-қувватлаш, олган билимларини амалиётга жорий этишларида асосий эътибор қишлоқ аёлларига қаратилаяпти. «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳаси эса хусусий бизнесни йўлга қўйишларига кўмаклашиш, ташаббускор, тадбиркор, фермер, касаначи хотин-қизлар тажрибасини оммалаштириш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилди. Ана шу лойиҳада иштирок этган миришкорлик Ойтўла Худойбердиевага қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган минитехнология учун 10 млн., Ҳосият Рўзиева ва Шаҳноза Зулфиқоровага савдо-сотиқ билан шуғулланишлари учун 5 млн. сўмдан кредит олишга ёрдам кўрсатилди. Чироқчилик Тамара Алимовага паррандачиликни ривожлантириш, Мусаллам Очиловага эса тикувчилик цехини кенгайтириш учун 10 млн. сўм, касбилик Фазолат Бафоевага иссиқхона қуриш учун 6 млн. сўм молиявий кўмак берилди. Қарши шаҳрилик тадбиркор аёл, партия фаолларидан бири Зиёда Ҳайитовага тикувчилик цехини замонавий ускуналар билан таъминлаш учун ТИФ Миллий банк Қарши амалиёт бўлимидан 30 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди. «Обод турмуш йили»да ҳам «Аёллар қаноти» хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада ошириш, юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказишга киришди. — «Аёллар қаноти»нинг «Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёш қизларни спортга кенг жалб қилиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини тушунтириш юзасидан тизимли чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз, — деди Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими бошлиғи Гулбаҳор Тўраева. — Жойларда хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, соғлом оилани шакллантириш борасидаги тадбирларни асосан маҳалла, қишлоқ, таълим муассасаларида ўтказаяпмиз. Бугун Қашқадарёда 11655 нафар O’zLiDeP аъзоси бўлиб, улардан 3444 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Фаол аёллар ўз тадбиркорлик қобилиятларини намоён этиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлиги, мамлакат равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар. Концепцияда кўтарилган устувор вазифалар, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларда ҳам оилаларда маънавий муҳит, соғлом оилани шакллантириш, келажак авлод тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Ўтган даврда бўлим томонидан юзлаб тадбиркорликка лаёқатли хотин-қизлар аниқланиб, уларга ўз бизнесларини йўлга қўйишларида яқиндан кўмаклашилди. Мухтасар қилиб айтганда, ижтимоий фаолиятнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг ўрни ва мақомини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш вилоят кенгаши «Аёллар қаноти»нинг устувор вазифасига айланган.
Сайфулла ИКРОМОВ,«ХХI asr»
Обсудить новость на Форуме