18:45 29.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХИРМОН ТЎЛИБ ТЎКИЛДИ ДОН

Президентимизнинг Ўзбекистон ғаллакорларига йўллаган табриги Наманган вилояти аҳли томонидан ҳам катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олинди. 

Юртбошимизнинг  ушбу табригида вилоятимиздаги Учқўрғон, Норин, Уйчи туманларида ғалла ҳосилдорлиги 60-75 центнерни ташкил этгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, бизнинг фермер хўжалигимиз ҳам энг илғорлар қаторида эътироф этилганидан  бошимиз осмонга етди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги ислоҳотлар, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, уни қишлоқларда ҳал қилувчи кучга айлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Фермер хўжалигимизда 45 гектар майдонда ғалла етиштирдик. Йил давомида қилинган меҳнатлар эвазига давлатга 182 тонна дон етказиб бериб, шартномавий режани 120 фоиз қилиб ортиғи билан бажардик. Бунда, албатта, барча фермер хўжалиги аъзоларининг ҳиссалари катта бўлди. Айниқса, пудратчилардан Козимжон Жўраев, Абдуқаҳҳор Назаров, Ориф Мадумаров, Валижон Акбаров, Холмамат Аҳмедов кабилар ғалладан мўл ҳосил етиштиришда барчага ўрнак бўлди.

Биргина ғалланинг ўзидан 68 миллион сўм даромад қилдик. Шартнома режасини ортиғи билан бажарганимиз туфайли 100 тоннадан ортиқроқ дон ўз ихтиёримизда қолди. Уни фермер хўжалиги аъзоларига, шунингдек, қишлоқдаги кам таъминланган оилаларга тарқатдик.

50,2 гектар ерда пахта ҳам етиштиряпмиз. Ғўзаларнинг авжи баланд. Пахтадан ҳам режани ортиғи билан бажариш учун ҳаракат қиламиз.

Фермер хўжалигимизни кўп тармоқли қилиш ҳаракатидамиз. Чорва сонини кўпайтириш, ёғочни қайта ишлайдиган цех очиш ниятидамиз. Кейинчалик унинг негизида мебель ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўямиз.
                             Аҳмаджон ОХУНОВ,O‘zLiDeP аъзоси,Норин туманидаги “Аҳмаджон Алижон ота” фермер хўжалиги раҳбари

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме