16:00 12.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХХР РАИСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФИ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

 Қобилжон Тошматов,Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси,O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
фракцияси аъзоси


Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатлардаги тарихий воқеадир. Зеро, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг фундаментал асосларини янада мустаҳкамлаш сари навбатдаги қадам бўлди. Партиямиз фикрича, томонлар ўртасида ҳақиқатан ҳам тўлиқ якдиллик ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот ўрнатилгани бунга имкон яратмоқда. Ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг барча жабҳаларини қамраб олган ва ўзаро манфаатли хусусиятга эгалиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бунинг асосида давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишонч ва ҳурматга йўғрилган шахсий алоқалари ётади. 
 Сўнгги 10 йил ичида Хитой сармояси иштирокида умумий қиймати 6 млрд. 750 млн. доллар бўлган 83 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилгани, Ўзбекистон иқтисодиётидаги тузилмавий туб ўзгаришларни таъминлайдиган бир неча йирик объектлар фойдаланишга топширилгани мамлакатларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Ўтган йил натижаларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 3 млрд. 400 млн. долларни ташкил этди ва тахминан 25 фоиз ўсди, 2013 йилнинг биринчи ярим йилининг ўзидаёқ эса 2 млрд. 300 млн. долларга етди.   
 O‘zLiDeP фикрича, икки томонлама алоқалар бундан кейин ҳам барча йўналишларда Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланиши зарур. O‘zLiDeP ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб энергетика, транспорт, савдо, телекоммуникация ва бошқа тармоқлардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш устувор ўринда бўлиши керак, деган позицияда туради.  
Барнохон АБДУЛЛАЕВА,Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
фракцияси аъзоси
 Минтақамиз атрофидаги ахборот макони таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи бугунги кундаги асосий сиёсий воқеа сифатида кўрилмоқда. Чунки бу ташриф доирасида муҳим аҳамиятга эга кўплаб тадбирлар бўлиб ўтди.  

O‘zLiDeP фракциясининг ушбу ташрифга алоҳида эътибор қаратаётгани сабаби шуки, партиямиз Сайловолди дастурида ташқи сиёсат соҳасидаги асосий устувор йўналиш сифатида жаҳон майдонида етакчи рол ўйнайдиган саноати ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг ниҳоятда муҳим экани кўрсатилган. Партиямиз бундай ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш, хорижий сармояларни, янги технологияларни жалб этиш, иқтисодиётнинг илм-фанга асосланган тармоқларини яратиш, мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларида, ҳаётнинг турли жабҳаларида юқори рақобатбардошликни, кескин юксалишни таъминлайдиган кенг кўламли инновация дастурларини амалга оширишга қаратилган бўлиши зарур, деб ҳисоблайди. 

ХХР билан ҳамкорлик юқорида тилга олинган барча талабларга тўлиқ жавоб беришини алоҳида таъкидламоқчимиз. Шунинг учун O‘zLiDeP Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги узоқ муддатли истиқболга қаратилган муносабатлар қирраларининг шаклланиши учун мустаҳкам асос яратилишини тўла олқишлайди. Жумладан, Ўзбекистон Хитой раҳбариятининг Хитой компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги 2011 йилда илгари сурилган ташаббусини қўллаб-қувватлади. Жорий йилнинг март ойида ушбу парк Жиззах махсус саноат зонасининг Сирдарё вилоятидаги филиали сифатида ташкил этилди. Июнь ойидаёқ мазкур махсус саноат зонаси ҳудудида мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланди.  

Бундай қизғин ҳамкорлик давом этмоқда. Ушбу ташриф чоғида ХХРдан тўғридан-тўғри сармояларни жалб этган ҳолда парк ҳудудида биргаликда юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида 14 та келишувга эришилди. Алоҳида таъкидлаш керакки, ХХР Раиси ташрифи чоғида умумий қиймати 15 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, Хитойнинг қарийб 7 миллиард 700 миллион долларлик молиявий захиралари ҳисобига лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 31 та ҳужжат имзоланди.  
Шароф АМОНОВ,Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси,O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
фракцияси аъзоси

 ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор мақсадли вазифалари ечимини янада юқори босқичга кўтарди. O‘zLiDeP нуқтаи назаридан бундай баҳо ташриф давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва ижтимоий соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни кучайтиришнинг истиқболли масалалари кенг муҳокама қилинганига асосланади.

Бу ўринда O‘zLiDeP Хитойга узоқ муддат давомида табиий газ етказиб бериш учун барқарор асос яратадиган Ўзбекистон-Хитой газ қувурини қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини амалга оширишнинг стратегик аҳамиятига эътибор қаратади. Ушбу ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон-Хитой газ қувурини қуриш ва фойдаланишга топшириш тамойиллари тўғрисидаги келишув протоколи газ қувурининг йилига 30 миллиард куб метр газ ўтказиш лойиҳавий қувватига эга тўртинчи тармоғини қуришни кўзда тутади. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги энг қисқа темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик қилиш масаласи ҳам стратегик аҳамият касб этади. Зеро, бу ХХР ва Марказий Осиё мамлакатлари, ундан эса Жанубий Осиё ўртасида қулай йўлак вазифасини ўтайди. Шу боис, партиямиз ХХР-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналиши бўйлаб темир йўл қурилиши лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди. Улар ХХРдан Жанубий Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри йўлак очиш имконини берувчи Ангрен-Поп термир йўли қурилиши лойиҳасининг мантиқий давоми ҳисобланади.  
Равшанжон АСҚАРОВ,Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
фракцияси аъзоси
 ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифининг асосий натижалари ҳақида гапирганда муҳокама этилган аксарият кўпчилик масалалар юзасидан позицияларнинг умумийлиги ва ўхшашлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Бунинг натижасида мамлакатларимиз минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашда фаол ҳаракат қилмоқда. Таъкидланганидек, кўплаб минтақавий ва халқаро муаммолар ечими юзасидан томонларнинг ёндашуви бир хил ёки бир-бирига жуда яқин. Жумладан, Ўзбекистон ҳам, Хитой ҳам афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини, унинг сиёсий ечимини топиш, БМТ шафелигида музокаралар ўтказиш ва қарама-қарши кучлар ўртасида муросага эришиш бу борадаги ягона тўғри йўл, деб ҳисоблайди. 

Расмий Пекин Ўрта Осиёда экологик мувозанатни бузиши мумкин бўлган гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишда қатнашмасликка оид позициясини тасдиқлади, минтақадаги трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш тамойилларини қўллаб-қуввватлашини тасдиқлагани, партиямиз фикрича, принципиал аҳамиятга эга.  

Ўз навбатида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ривожланишини янада мустаҳкамлашнинг муҳимлигини ҳам қайд этамиз. Чунки ШҲТ фаолиятининг муҳим стратегик йўналишларида ХХРнинг фаол иштироки натижасида транспорт, коммуникация, энергетика, саноат ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш жабҳаларидаги йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлмоқда. 

O‘zLiDeP ишонадики, буларнинг барчаси мамлакатимизнинг ХХР билан стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, томонлар ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатдорлик ва тенглик тамойиллари асосидаги ҳамкорлик кенгайишига хизмат қилади.  
Абдухолиқ ЖАББОРОВ,Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси,O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
фракцияси аъзоси


O‘zLiDeP фракцияси бўлиб ўтган ташриф Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг муҳим босқичи бўлди, деб ҳисоблайди. Зеро, мамлакатларимиз раҳбарлари Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Техникавий-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув, иқтисодий, молиявий, нефть-газ соҳаларидаги, таълим соҳасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 

Ўрта синф вакиллари, тадбиркорлар, фермерлик ҳаракати, хусусий сектор, моддий ва маънавий мулк эгалари манфаатларини ифода этувчи партия вакили сифатида нафақат икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган, балки электоратимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб берадиган кўплаб тадбирлар алоҳида эътиборимизни тортади. 

Бу, биринчи навбатда, шунда кўринадики, Ўзбекистон ва Хитой савдо ва сармоя муҳитини яхшилайди, бошқа томон корхоналарининг ўз давлати ҳудудидаги хўжалик фаолиятини фаол қўллаб-қувватлайди, товарлар, хизматлар, сармоялар, муҳандислик ва бошқа тегишли вакилликларнинг бир-бирининг бозорларига ўзаро кириши учун тенг ҳуқуқли ўзаро манфаатли шароитлар яратади.

Мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни олға суришга қарор қилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Молия соҳасидаги, жумладан, Хитой давлат тараққиёт банки (ХДТБ) ва ХХР Эксимбанки билан ҳамкорлик ҳам ривожланади. Хитой молия институтларининг умумий кредит портфели 4,5 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Улар соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникация соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган. Шунингдек, ушбу ташриф давомида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда ХДТБ ўртасида умумий қиймати 11,6 АҚШ доллари бўлган устивор инвестициявий лойиҳаларни биргаликда молиялаш тўғрисида келишув имзоланди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме