07:30 28.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХДП вакиллари фикрига кўра, тадбиркор эркин фаолиятдан эмас, назоратдан манфаатдор

“Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан O’zLiDeP илгари сураётган нуқтаи назар - соҳага кенгроқ эркинлик бериш, кафолатлар тизимини янада кучайтириш тўғрисидаги таклифларни танқид остига олган ХДП булар тадбиркорлар манфаатига зид, деган фикрни билдирмоқда.
Энг аввало, кейинги бир ой мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамадан ўтаётган ушбу қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро баҳс-мунозаралар тобора қизқин тус олаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жараён нафақат парламентдаги тадбирлар, балки оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз аксини топмоқда. Айтиб ўтиш керакки, мазкур баҳслар қуйи палатада фаолият юритаётган ҳар бир партия фракциясининг бундай мунозараларда ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаоллик кўрсатаётганидан дарак беради. Энг муҳими, ушбу муҳокамалар ҳар бир қонун лойиҳасида барча аҳоли қатлами манфаатини инобатга олишга имконият яратмоқда. Ўз навбатида юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси юзасидан ўтаётган баҳс-мунозаралар фуқароларга ҳам ҳар бир партия фракциясининг нуқтаи назари билан яқиндан танишишга шароит туқдираяпти. Хусусан, “Ўзбекистон овози” газетасининг шу йил 9 октябрь сонида чоп этилган мақолада кўп масалалар очиқ қолганлигини кўриш мумкин. Масалан, унда муҳокама қилинаётган қонунни қабул қилишдан мақсад нима ўзи ва ХДПнинг бу борада илгари сураётган нуқтаи назари ана шу мақсадларни амалга оширишга қанчалик хизмат қилади, O’zLiDeP илгари сураётган позициянинг айнан қайси жиҳатлари ХДПни қониқтирмаяпти, қандай қонун қабул қилсак у эртага чет эл ва маҳаллий сармоядорларнинг хусусий банклар ва молия институтлари тизимига фаол кириб келиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади, деган саволларга умуман жавоб йўқ. Маълумки, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад – хусусий банклар ва молия инститлари фаолиятига хусусий капитални фаол жалб қилиш учун зарур ҳуқуқий асосни шакллантириш эканлигини инобатга олсак, ХДП илгари сураётган нуқтаи назар ушбу мақсадни амалга оширишга мутлақо хизмат қилмаслиги ойдинлашади. Албатта, ушбу партиянинг “хусусий банк ва молия институтлари тизимини оқилона тартибга солиш зарурлиги”, “улар фаолиятининг ижтимоий йўналтирилганлиги даражасини кучайтириш”, “давлат назоратини сусайтириб юбормаслик” тўғрисидаги фикрлари қайсидир маънода эътиборга молик бўлиши мумкин. Лекин қўйилган мақсад, яъни соҳага хусусий капитал кириб келишини таъминлашга бундай ёндашув қай даражада кўмак беради? Ёки ХДП вакиллари инвестициялар миқдорини соҳа устидан ўрнатиладиган назорат даражаси билан боғлиқ, деб ўйламоқдаларми? O’zLiDePнинг фикрича, назорат масалалари банк-молия соҳасини тартибга солувчи қонунчиликда ўз аксини топган, қолаверса, бу масала муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида ҳам етарли даражада назарда тутилган. Аксинча, қонун лойиҳасида хусусий банклар ва молия институтларига берилаётган эркинликлар моҳияти ва кафолатлар тизими, соҳанинг шаффофлиги, сармоядорларга яратила±тган қўшимча имкониятларнинг аниқ ифода этилиши ушбу ҳужжатни қабул қилишдан кутилган мақсадни рўёбга чиқаришга, пировардида, ташқи ва ички инвесторларнинг кўпайишига замин яратади. Ушбу партия ёндашувларидаги қарама қаршиликни аниқроқ ифода этувчи бир мисолга тўхталиб ўтсак. Қонун лойиҳасида илгари сурилаётган ғоялардан бири —  хусусий банклар хўжалик фаолиятини текширишларни беш йилда бир марта амалга ошириш нормасини O’zLiDeP ушбу ҳужжатнинг энг муҳим қоидаси сифатида қўллаб-қувватлаётган бўлса, ХДП аксинча, мазкур нормани қайта кўриб чиқиш, текшириш муддатларини ҳозирги кўринишда сақлаб қолиш, яъни бу борада мавжуд меъёрларни ўзгаришсиз қолдириш тарафдори бўлиб қолмоқда.  O’zLiDeP нафақат ушбу норма, балки хусусий банклар ва молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятига давлат органлари ходимлари томонидан етказилган зарарнинг қопланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар ёки уларнинг мансабдор шахслари қарорларидан норози бўлганда давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилаётгани ҳам соҳага берилаётган кафолатлар тизимини янада кучайтиришга хизмат қилишини муҳим жиҳатлар сифатида баҳолайди. Айниқса, қонун лойиҳасида текшириш жараёнида юзага келадиган низолар ва қонун йўли билан ҳал қилиб бўлмайдиган барча ноаниқларликлар хусусий банклар ва молия институтлари фойдасига талқин этилиши билан боғлиқ нормалар ўз аксини топаётгани ушбу ҳужжат аҳамиятини янада оширади. Мана шу фикрларнинг ўзиёқ қабул қилинаётган қонун лойиҳаси юзасидан икки партия нуқтаи назаридаги фарқни аниқ ифода этади ва қонундан кўзланган асосий мақсад соҳага хусусий қатламни жалб қилиш экан, қай бир партия таклиф этаётган йўл ушбу мақсадни амалга ошириш имконини беришини яққол кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, O’zLiDeP илгари сураётган нуқтаи назар янги инвестициялар ҳисобига қўшимча иш ўринлари очилиши, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, қолаверса, солиқ тушумлари кўпайишини англатади. Айтмоқчимизки, O’zLiDeP илгари сураётган қарашлар нафақат ўз электорати, балки ХДП электорати манфаатларига ҳам хизмат қилади. ХДП таклиф қилаётганидек, кўрилаётган масалада урғунинг қайта-қайта назорат масалаларига қаратилиши соҳага сармоя кириб келишига акс таъсир кўрсатади. Демак, ХДПнинг позицияси нафақат O’zLiDeP илгари сураётган яратувчанлик йўли, балки ўз электорати манфаатларини ҳам инкор қилиш билан баробардир. Шу ўринда банк-молия соҳасини босқичма-босқич либераллаштириб боришга эҳтиёткорлик билан ёндошиш, ҳар қандай янгиликлар ортида “чегарасиз бозор эркинлиги” деган ўзи тўқиб чиқарган шарпадан қўрқиш, давлат назоратининг мавжуд меъёрлари юмшашини банк-молия соҳасида мавжуд барқарорликка таҳдид сифатида кўриш ортида нима турибди, деган савол туғилади. Иқтисодиётнинг барча соҳалари каби ушбу тизимни ҳам изчил либераллаштириш сиёсатига “либераллар қўллаб-қувватлаётган ва инқирозга олиб келадиган йўл” сифатида қараш ҳисси бирор асосга эгами?Фикримизча, бундай ёндашувлар негизида давлат назорат функцияларини мутлоқлаштириш ҳамда тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институларининг, бозор иқтисодиёти принциплари асосида фаолият юритувчи янги тузилмаларнинг ролига ишончсизлик билан қараш  ётади, холос. Буни ХДП ўртага ташлаётган айрим ғоялар мисолида таҳлил қилишга уриниб кўрайлик. ХДП фикрича, банк-молия тизими устидан кучли назоратгина унинг барқарорлигини таъминлайди. «Тажрибадан кўриниб турибдики, банклар ва молия институтларининг фаолияти бўйича давлат назорати меъёрларининг сусайтирилиши бу тизим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади», — дейди ХДП фракцияси аъзоси Анвар  Бойқулов. O’zLiDeP аъзоларининг фикрича, ушбу соҳада барқарорликнинг таъминланишида маълум даражада давлат назоратининг ўрнини инкор қилмаган ҳолда соғлом рақобат муҳитининг тараққий этиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Рақобат муҳитининг кучайиши эса нафақат соҳанинг барқарорлигини таъминлашга, балки хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланишига катта туртки беради. Ўз навбатида, бундай рақобат муҳити фақатгина соҳани босқичма-босқич либераллаштириб бориш, тегишли кафолатлар тизимини мустаҳкамлаш эвазига яратилиши мумкин. Айнан мана шу нарса соҳага хусусий капиталнинг фаол кириб келишини таъминловчи муҳим омиллардан биридир.  Фақатгина хусусий капитал учун кафолатлар тизимини мустаҳкамлаш, соҳанинг шаффофлигини таъминлаш, молия институтлари, шу жумдалан, хусусий банклар фаолиятига аралашувларни чеклаш тизимини янада такомиллаштириш орқалигини бундай мақсадни амалга ошириш мумкин.Ўзбекистондаги барқарорлик нафақат банк-молия тизими, балки барча соҳа ва тармоқларни комплекс тарзда ривожлантириш, иқтисодиётни модернизациялаш ва либераллаштириш, хусусий секторга кўпроқ эркинлик бериш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар натижасидир. Демак, ўз нуқтаи назарини нима биландир дастаклаш илинжида мамлакатимиз эришган ютуқларни фақатгина назоратга олиб бориб тақаш ножоиз, назаримизда. Кейинги йиллар давомида нотўғри сиёсат юритилиши оқибатида иқтисодий инқирозга учраган айрим давлатлар, хусусан, Грецияни шатакка олиб, катта миқдорда транш ажратаётган Германияда молиявий операцияларнинг қарийб тўртдан уч қисми 400 дан зиёд хусусий банклар томонидан амалга оширилаётгани, Ўзбекистонда бугун 30 га яқин хусусий банк самарали фаолият кўрсатаётганини қандай қилиб инкор этиш мумкин. Қизиғи шундаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши биринчи галда ижтимоий соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш имконини сезиларли даражада кенгайтиришини ХДПчилар тушуниб етишига йиллар керак бўлди. Агар хусусий банклар ва молия институтларига эркинлик бериш масаласида ҳам шу ҳол такрорланса, бундай йўқотишнинг салмоғини ўлчаш ниҳоятда мушкул бўлиб қолади. Шундан келиб чиққан ҳолда, O’zLiDeP бундан буён ҳам бошқа соҳаларда бўлганидек, банк-молия тизимида давлат назоратини кучайтириш эмас, аксинча, улар учун кафолатларни янада мустаҳкамлаш йўли билан соҳани ривожлантириш мумкин, деб яна бир бор таъкидлайди. 

Озод РАЖАБОВ“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме