18:00 30.05.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ХДП шиорлари қачон амалиётга татбиқ этилади?
Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ инсон ва унинг манфаатларига олий қадрият сифатида қаралиб, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялашнинг «ўзбек модели» яратилди. Бунда аҳолининг кам таъминланган қатлами — ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга амалий ёрдам кўрсатиш асосий масала сифатида танлаб олинди. Шу ўринда 1991 йили «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, тизимда ўзига хос ҳуқуқий асос яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий ҳимояга ажратилаётгани, фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий-социал аҳволини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгаяётгани эса халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга хизмат қилаяпти.
Амалдаги қонунчилик ва қабул қилинган давлат дастурларининг жойлардаги ижросини таъминлаш, уларнинг муваффақиятли амалга оширилишида эса шубҳасиз аҳолининг у ёки бу қатлам манфаатларини ҳимоя қилаётган сиёсий партияларнинг ўрни ниҳоятда муҳимдир. Шу маънода давлатнинг ижтимоий ҳимоялаш функцияси самарадорлигини янада ошириш кўп жиҳатдан партияларнинг ушбу жараёндаги иштироки билан чамбарчас боғлиқ, десак хато қилмаган бўламиз. Бироқ жойларда бўлганимизда айрим сиёсий кучларнинг бу борадаги фаолияти кутилган натижа бермаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Юртбошимиз қарори асосида тасдиқланган «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Дастури»нинг Тошкент вилоятидаги ижросини ўрганганимизда бунга амин бўлдик.
Бугун пойтахт вилоятида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар 2850 нафарни ташкил этиб, уларга зарур ёрдам ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастур доирасида тегишли имтиёзлардан фойдаланувчи ва ўзгалар парваришига муҳтож 1339 нафар фуқарога ҳар ойда 427 млн. сўмлик тўққиз турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. 73 нафар ёлғиз кексалар мурожаати қаноатлантирилиб, улар турли сиҳатгоҳларга жойлаштирилди. Шу ўринда маҳаллий бюджетдан ажратилган 132 млн. сўм маблағ ҳисобидан «Мурувват» уйларида таъмирлаш ишлари олиб борилганини таъкидлаш жоиз. Бироқ шунга қарамай, дастурда ўз аксини топган айрим бандлар бажарилмай қолмоқда.
Хусусан, Чирчиқ шаҳрида 317 нафар имконияти чекланган фуқаролар бўлиб, уларга имтиёзли транспорт хизмати кўрсатиш, бепул дори-дармон билан таъминлаш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаган. Ангрен шаҳридаги 190 нафар ёлғиз кекса ва ногиронга ҳам талаб даражасида хизмат кўрсатилмаган. Саҳоват ва мурувват уйларини спорт инвентарлари билан таъминлашга 7,4 миллион сўм маблағ ажратилганига қарамай, мутасадди ташкилотлар масъулиятсизлиги туфайли ушбу маблағ мурувват уйлари ҳисобига ўтказилмаган.
Бундан ташқари, айрим пенсионер ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда ҳам хатоларга йўл қўйилган. Жумладан, геронтологик ва гериатрик ёрдамни ташкиллаштириш бўйича ёлғиз кексаларга махсус шифокор бириктирилмаган. Бу борада икки нафар имконияти чекланган фуқаро соғломлаштирилгани айтилсада, лекин амалда бу иш охирига етказилмаган. Шунингдек, баъзи бир идоралар томонидан бепул дори-дармон ва озиқ-овқат учун ажратилган маблағларни хўжасизларча талон-тарож қилиш, ҳисоботларда бажарилмаган ишларни бажарилди, деб кўрсатиш ҳоллари ҳам содир бўлмоқда. Буларнинг барчаси «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Дастури» ижросини таъминлашда Тошкент вилоятида лоқайдликка йўл қўйилмоқда, деганидир.
Бундай таҳлиллар эса соҳада рўй бераётган камчиликларни аниқлаш ва улар устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришни талаб этади, албатта. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу жараёнда айнан ана шу қатлам манфаатини ҳимоя қилаётган ЎзХДП вакиллари зиммасига жуда катта масъулият юклатилган. Зеро, бугун «Миллий тикланиш» ДП миллий табуреткалар ишлаб чиқаришни назоратга олмаяпти, O`zLiDeP тадбиркорга кредит бермаяпти қабилидаги саёз муносабатлар даври ўтганини тан олмаслик мумкин эмас.
Бундан Тошкент вилоятида нисбатан кўпчилик депутатлик ўринларини эгаллаган халқ демократлари тегишли хулосалар чиқарсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки ўз Сайловолди дастурида «аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ва гуруҳларини аниқ тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлашни назарда тутадиган мақсадли давлат дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш»га устуворлик берган ХДПнинг бундай масалаларга иккинчи даражали иш сифатида қараётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳининг ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти таҳлилларидан ҳам ана шундай хулоса чиқариш мумкин. Зеро, ХДПнинг ҳудуддаги масъуллари давлат дастурларининг бажарилиши у ёқда турсин, партия электорати вакиллари манфаати билан боғлиқ бирорта масалани ҳам назоратга олиб, уларни сессияларга олиб чиқмаганлар.
Мақолага нуқта қўяр эканмиз, халқ демократларига Сайловолди платформаларида жимжимадор сўзлар билан битилган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ижтимоий ҳимоясига — устуворлик!», «Иқтисодий ислоҳотларга — ижтимоий самарадорлик», «Ижтимоий хизмат кўрсатиш — юқори сифатли ва барча учун мақбул бўлсин», «Устувор ижтимоий дастурлар бажарилишининг самарадорлиги оширилсин» каби шиорларини яна бир бор эслатишни лозим топдик.
Зеро, ғалвир сувдан кўтариладиган пайтда сайловчи ушбу шиорларнинг ҳаётдаги аксини кўришни истайди.
Обсудить новость на Форуме
28 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |