14:15 18.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХДП банклар фаолиятида ҳам давлат назоратини кучайтиришни талаб этмоқда

 O’zLiDeP фракцияси аъзолари хусусий банклар ва молия институтлари учун кафолатлар тизимини мустаҳкамлаш таклифини илгари сураётган бир пайтда ХДП, аксинча, давлат назорати кучайтирилиши тарафдори бўлмоқда. Хўш, бундай ёндашувдан мақсад нима?
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепцияси” асосида ишлаб чиқилган “Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси чуқур таҳлил ҳамда узоқни кўзлаган мезонлар асосида атрофлича муҳокама қилинмоқда.Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, шубҳасиз, мамлакат молия тизимини янада ривожлантириш, хусусий банклар, лизинг ҳамда суғурта компаниялари, микрокредит ташкилотлари каби хусусий мулкчиликка асосланган молиявий муассасалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали соҳада хусусий капитал иштирокини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Бир сўз билан айтганда, хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солиш ва уларнинг кафолатларини янада кучайтириш қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Унда хусусий банклар ва бошқа молия институтларини ташкил этиш тартибининг ўзига хос хусусиятлари, улар фаолиятининг кафолатлари, шунингдек, бундай муассасаларни текшириш тартиблари аниқ белгилаб берилмоқда. Чунки хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини текширишни тартибга солиш улар эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасида хусусий банклар ва молия институтларига аниқ таъриф берилиб, кредит ва молия ташкилотлари сингари устав фондида умумий улушнинг 50 фоизидан ортиғи жисмоний шахслар ҳамда устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахслар томонидан шакллантирилиши кўрсатиб ўтилаяпти. Шунингдек, соҳа фаолиятига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоидалар ҳам лойиҳада назарда тутилган. Унда мазкур тузилмаларнинг давлат ҳокимияти, бошқарув ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларининг амалдаги механизмини кучайтириш масалалари ҳам ўз аксини топган.Эътиборли томони шундаки, айнан ана шу жиҳатлар қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ўз позицияларини баён қилиш нуқтаи назаридан турли мунозараларга сабаб бўлди. Айниқса, O’zLiDeP фракцияси аъзолари ва ХДП вакиллари ёндошувларидаги қарама-қаршиликлар муҳокамалар жараёнида яққол кўзга ташланди. Хўш, фракциялар ўртасида юзага келган баҳс ва мунозаралар қонун лойиҳасидаги қай бир қоида ва моддалар хусусида бормоқда?Мунозараларда ХДП вакиллари  қонун лойиҳаси қабул қилинганидан кейин банклар фаолиятини назорат қилиш бўйича мавжуд қоида ва нормаларни ўзгартириб юбормаслиги керак, деган мулоҳазани илгари сурганларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: унда янги қонунга қандай эҳтиёж ва зарурат бор?ХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусованинг фикрича, банклар ва бошқа молия институтлари фаолияти юзасидан давлат назоратининг сусайтирилиши, хусусий молия муассасаларига кўпроқ эркинлик ва преференциялар берилиши пировардида миллий банк-молия тизимининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатар эмиш. «ХДП бундан буён ҳам хусусий банклар ва молия институтларига максимал даражадаги эркинлик берилишига қарши туради», дейди у. O’zLiDeP фракцияси аъзолари эса ҳозирги шароитда ХДПнинг бундай қарашлари билан умуман келишиб бўлмаслигини таъкидламоқдалар. Уларнинг фикрича, иқтисодиётни либераллаштиришнинг бугунги босқичида хусусий капитал оқимининг кўпайиши ХДП аъзолари даъво қилаётганидек эмас, аксинча, мамлакат банк-молия тизимининг барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.— Лойиҳа юзасидан фикр билдиришдан аввал унинг асл мақсади нимага қаратилганига эътибор бериш лозим, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. — Маълумки, “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепцияси”да хусусий банклар ва хусусий мулкка асосланган молия институтларини ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ҳисобидан соҳага хусусий капитални жалб этиш ҳақида сўз юритилиб, бу банк ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатнинг кенгайиши ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига имкон бериши, энг юксак халқаро стандартларга мос инфратузилма шаклланиши учун қулай шароит яратиши алоҳида таъкидланган. Юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси эса авваламбор ана шу кўрсатмаларни ҳаётга жорий қилиш мақсадида  ишлаб чиқилган.Айтингчи, қонун лойиҳаси юзасидан фақат соҳада давлат назорати тизимини кучайтириш тўғрисида фикр юритиш ёки банк-молия соҳасига эркинлик бериш кутилмаган оқибатларга олиб келиши ҳақидаги ҳаддан зиёд эҳтиёткорона ёндошувлар билан Концепцияда белгилаб берилган мақсадларга эришиш мумкинми? Бизнингча, йўқ.Хусусий банк ва молия тизимига бундай ишончсизлик олдимизга қўйилган марраларга етишиш имконини бермайди, албатта. Аксинча, ушбу қонун соҳага кириб келиши мумкин бўлган хусусий капитал учун аниқ кафолатлар тизимини ўзида намоён этиши, иқтисодиётни либераллаштириш борасида кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни ўзида мужассам этган меъёрий ҳужжат вазифасини ўташи керак. Яқиндагина Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференция ҳам мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитига дунё тадбиркорлари, сармоядорлари қанчалар қизиқиш билан қараётганларини яққол кўрсатди. Ана шу қизиқишни бугун муҳокама қилинаётган долзарб қонунлар билан мустаҳкамлаш билангина Концепцияда белгилаб берилган мақсадларга эришиш мумкин.– Асосий мақсадимиз Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш экан, ҳар бир ҳаракат ва интилишларимиз ана шу эзгу мақсадга ҳамоҳанг бўлиши лозим, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. – Муҳокама қилинаётган масаладан келиб чиқиб, ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташласак, Германиядаги молиявий операцияларнинг қарийб 73 фоизи 400 дан зиёд хусусий банклар томонидан амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Худди шундай вазият Япония ва Буюк Британия сингари тараққий этган мамлакатлар тажрибасида ҳам кузатилади. Шу нуқтаи назардан, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилингач, банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш учун кафолатли ҳуқуқий асос яратилади, ривожланган мамлакатлардагидек мавжуд стандартлар миллий банк-молия тизимига жорий этилади.Умуман олганда, фракция аъзолари фикрига кўра, тақдим этилган қонун лойиҳаси хусусий банк ва молия институларининг ривожи ҳамда ушбу соҳага хусусий капиталнинг фаол кириб келиши учун зарур бўлган қатор кафолатлар тизимини яратиб беради. Шунинг учун ҳам бу ҳолатни O’zLiDeP ўз электорати нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлайди. Хўш, қонун лойиҳасида бу борада қандай кафолатлар ўз аксини топган? Аввало, унинг асосий қоидаларидан бири хусусий банк ва молия институтлари таъсисчилари (иштирокчилари)нинг хусусий мулкка доир ҳуқуқлари дахлсизлиги таъминланиши ва давлат томонидан ҳимоя қилинишининг белгилаб қўйилганидир. Партия ташкил топган кундан бошлаб назорат органларининг корхоналарнинг хўжалик фаолияти, биринчи галда, хусусий сектор ишига тўғридан-тўғри аралашишдан воз кечиши зарур, деган қатъий позицияни ёқлаб келмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларига хусусий банк ва молия институтларининг кредит портфели ҳамда бошқа активларни шакллантириш билан боғлиқ масалаларига аралашиши маън этилаётгани ҳам O’zLiDePнинг Сайловолди дастурига тўла мос келади. Хусусий банклар ва молия институтларининг молия-хўжалик фаолияти текшируви режали асосда 5 йилда бир марта ўтказилиши, уларга давлат органлари ходимлари томонидан етказилган зарарнинг қопланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар ёки уларнинг мансабдор шахслари қарорларидан норози бўлганда давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилаётгани ҳам соҳага берилаётган кафолатлар тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади. Айниқса, қонун лойиҳасида текшириш жараёнида юзага келадиган низолар ва қонун йўли билан ҳал этиб бўлмайдиган барча ноаниқликлар хусусий банклар ва молия институтлари фойдасига талқин этилиши билан боғлиқ нормалар ўз аксини топаётгани ушбу ҳужжат аҳамиятини янада оширади.Қонун лойиҳасида хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар тизими ҳам белгиланмоқда. Аммо бундай чекловчи меъёрлар бутун дунёда эътироф этилган халқаро стандартларга мос келиши керак. Шунинг учун ҳам бошқа партия фракциялари томонидан хусусий банклар ва молия институтлари устидан ортиқча назорат ўрнатиш билан боғлиқ тузатишлар киритилишига уринишлар мақсадга мувофиқ эмас. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, O’zLiDeP бундан буён ҳам бошқа соҳаларда бўлганидек, банк-молия тизимида ҳам давлат назоратини кучайтириш эмас, аксинча, улар учун кафолатларни янада мустаҳкамлаш йўли билан соҳани ривожлантириш мумкин, деб ҳисоблайди. 
Озод РАЖАБОВ 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме