15:45 07.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ХАЛҚЧИЛ ҚОМУС ЁХУД ЎЗБЕК КОНСТИТУЦИЯШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ УЛКАН ЮТУҚЛАРИ ХУСУСИДА

Бош қомусимиз қабул қилингандан буён ўтган 20 йил ичида унда белгиланган устувор ғоялар жамиятимиз ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Зеро, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай давлат олдида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда Конституция ва қонунлар асосида яшаш дунёқарашини шакллантиришдек улкан вазифа туради. Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган улкан ўзгаришлар, хоҳ у иқтисодий, хоҳ у сиёсий йўналишда бўлсин, ягона мақсад – ҳар томонлама ривожланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга, “ўзбек модели”нинг изчиллиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам диққатга сазовордир. Бу, бир томондан, асосий қонунимиз бугунги ва эртанги ривожланиш йўлининг мустаҳкам ҳуқуқий замини бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатса, бошқа томондан, Конституциямизнинг тараққиёт билан узвийлиги, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари билан ҳамоҳанглиги ҳамда унинг халқчил қомус эканидан далолат беради. Шу нуқтаи-назардан қараганда, ўтган 20 йил давомида миллий давлатчилик тарихи, жаҳон конституцияшунослик назарияси ва амалиётининг илғор демократик сиёсий-ҳуқуқий ғояларига эга “Ўзбек конституцияшунослик мактаби” яратилди, десак, муболаға бўлмайди.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақил демократик тараққиётнинг дастлабки йиллариданоқ инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ этиш, либераллаштириш, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ҳамда миллий манфаатдан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” асосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бир қатор муҳим, таъбир жоиз бўлса, мустақил тараққиёт йўлимизда мутлақо янги саҳифа очган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги эса Асосий қонунимизнинг замон талаблари билан ҳамоҳанги ҳамда халқчиллигини яна бир бор намоён этди, дейиш мумкин. Энг муҳими, мазкур Концепция Бош қомусимизнинг принцип ва нормаларини босқичма-босқич амалга ошириш доирасида демократик ислоҳотларни изчил давом эттиришнинг чуқур ва пухта ўйланган стратегиясини белгилаб бергани билан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.Маълумки, ҳокимиятлар тақсимланиши принципи ҳар бир давлатнинг демократик тараққиётида ҳал қилувчи тизим бўлиб, у авваломбор, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти юзасидан ўзаро назорат олиб бориш ва ҳамкорлигини таъминлаш механизмини амалга ошириш, пировардида, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилади.    Айниқса, икки палатали парламент ташкил этилганидан кейинги даврда мамлакатимизда чинакам профессионал қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, унинг аъзоларининг роли ҳамда масъулиятини ошириш, давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлигида сиёсий партияларнинг иштирокини жонлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат сақлаш тизимининг янада самарадорлигини таъминлашга ҳуқуқий замин яратди. Бошқача айтганда, парламент ислоҳотлари ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада мустаҳкамлаш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда вазифаларининг ролини кучайтириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш, энг асосийси эса қонун ижодкорлиги жараёнида сифатни яхшилаш имконини оширди. Хусусан, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилингани сиёсий партияларнинг ҳуқуқий мақоми ва таъсирини кенгайтирибгина қолмай, улар фаолиятида ўзига хос бурилиш ясади.Натижада, Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг фаолияти тобора жонланиб, фракциялараро мунозаралар кучаймоқда. Бу эса сиёсий партиялар нуфузининг ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этиш ва модернизациялаш соҳасида Асосий қонунимизга киритилган ўзгартишлардан бири – бу ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида парламент назорати институтини янада жонлантириш билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кези келганда парламент назорати институти, бир томондан, қонунларни ишлаб чиқиш ва амалда жорий этишнинг ўзига хос мониторинги бўлса, бошқа томондан, парламент ҳар бир аъзосининг ажралмас, устувор фаолият йўналишларидан бири эканини ҳам таъкидлаш лозим. Шунга кўра, парламент назорати институти қонунларнинг самарадорлигига таъсир қилувчи фактор ва шароитларни аниқлаш, бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда қонунлар ижросини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда давлат бошқарувини ислоҳ этиш соҳасида амалга оширилган конституциявий ўзгартиш ва қўшимчалар ўз мазмун ва моҳиятига кўра, бир қанча долзарб масалаларни қамраб олганини қайд этиш лозим:биринчидан, бу Асосий қонунимизда мустаҳкамланган “халқ ҳокимиятчилиги” принципини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмини янада кенгайтиради.иккинчидан, ҳукумат раҳбари ва аъзоларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиради. Энг муҳими эса жамиятимиз ижтимоий ҳаётида Конституция ва қонунлар устуворлигини, ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.учинчидан, ушбу қоидаларнинг рўёбга чиқарилиши бутун сиёсий тизимга, давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ҳамда мамлакатни демократик янгилаш жараёнларига ҳам кучли таъсир ўтказади.Зеро, ушбу вазифаларни амалга ошириш сиёсий партиялар ва жамоатчиликнинг марказий ҳукуматдан тортиб маҳаллий ҳокимият идораларигача – бутун ижро тизими фаолиятини назорат қилишга ҳуқуқий замин яратиши билан эътиборга сазовордир. 

 Тўлқин ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси,Баҳром Аҳроров,юридик фанлари доктори, профессор

"XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси
 
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме